Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида (ПҚ№ 1875)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Қайд этиб ўтилсинки, мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунини ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тилларга ўқитишнинг комплекс тизими, яъни уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, республиканинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган тизим яратилди.

Мустақиллик йилларида 51,7 минг нафардан зиёд чет тиллар ўқитувчилари тайёрланди, умумтаълим мактабларининг 5 — 9 синфлари учун инглиз, немис ва француз тиллари бўйича мультимедиа дарсликлари, бошланғич синфларда инглиз тилини ўрганиш бўйича электрон ресурслар тайёрланди, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда 5 мингдан кўпроқ лингафон кабинетлари жиҳозланди.

Шу билан бирга, чет тилларни ўрганишни ташкил қилишнинг амалдаги тизимини таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиа-технологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлиқ жавоб бермаяпти. Таълим асосан анъанавий услубларда олиб борилмоқда. Таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш янада такомиллаштирилишини тақозо этади.

Замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб:

  • республиканинг барча ҳудудида чет тилларни, асосан, инглиз тилини ўрганиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфларидан ўйин тарзидаги дарслар ва оғзаки нутқ дарслари шаклида, иккинчи синфдан бошлаб эса, алифбо, ўқиш ва грамматикани ўзлаштиришдан босқичма-босқич бошланади;
  • олий ўқув юртларида айрим махсус фанларни, хусусан, техник ва халқаро мутахассисликлар бўйича ўқитиш чет тилларда олиб борилади;
    умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ва ўқитувчиларини чет тиллар бўйича дарсликлар ва ўқув-услубий комплекслар билан таъминлаш, уларни белгиланган муддатларга риоя этилган ҳолда қайта нашр этиш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармасининг айланма маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни ўрганишни кенгайтириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди

Дастурга киритилган чора-тадбирлар белгиланган муддатларга мувофиқ сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа вазирликлар, идора ва ижрочи-ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилсин.

3. Чет тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича доимий ишлайдиган Мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда — Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб юритилади) 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил қилинсин, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети унинг ишчи органи этиб белгилансин.
* 2-илова берилмайди

Мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Икромов) манфаатдор вазирликлар, идоралар билан биргаликда ҳамда етакчи олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда:

  • 2013 йилнинг 1 мартигача бўлган муддатда ҳар бир таълим босқичида чет тилларни билиш даражасининг аниқ мезонларини назарда тутувчи янги таълим стандартлари тасдиқланишини таъминласин;
  • 2013 йилнинг 1 майигача бўлган муддатда умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан бошлаб чет тиллар таълимини узлуксиз жорий этилишини, шунингдек таълимнинг барча босқичларида унинг давомийлигини назарда тутувчи умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларининг янги ўқув режалари ва дастурлари тасдиқланишини таъминласин;
  • таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва режалари, дарсликларни ишлаб чиқиш, шунингдек, таълим жараёнини ташкил этиш учун етакчи хорижий ўқув марказларини, чет тиллар бўйича халқаро экспертлар ва мутахассисларни жалб этсин;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда чет тилларни ўқитиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши ва кучайтирилишини, ўқув якунлари бўйича умумэътироф этилган тестлар (имтиҳонлар) топширилишини таъминласин.

4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибида Чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси ташкил қилинсин, Марказ ходимларининг сони 12 кишига кўпайтирилсин ва унинг вазифалари қуйидагилардан иборат этиб белгилансин:

  • халқаро эътироф этилган стандартларнинг талабларига мувофиқ чет тилларни билиш даражасини баҳолашнинг Миллий тест тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • ўрганувчиларни чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлашни тўлов асосида тест ўтказиш (жумладан, Интернет орқали масофавий) ва давлат намунасидаги тегишли малака сертификатини беришни ташкил этиш;
  • ўрганувчиларнинг мустақил равишда, чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш учун, тестга тайёрланишларига зарур маълумотларни тайёрлаш ва Интернет тармоғига жойлаштириш.

Марказнинг бюджетдан ташқари даромадлари ҳисобидан унга юкланган вазифаларни бажариш учун Марказга тўлов асосида мустақил экспертларни ва имтиҳон олувчиларни жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Давлат тест маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, икки ой муддатда, 2015/2016 ўқув йилларидан бошлаб, барча олий таълим муассасаларига кириш тестлари блокига хорижий тилни киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

  • умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув муассасаларида чет тиллар ўқитувчиларига зарур эҳтиёжи бўлган узоқ туманлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида яшаётган аҳоли ичидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тавсияномалари асосида чет тиллар ўқитувчилари ихтисослигига олий таълим муассасаларига мақсадли қабулни амалга оширишга рухсат этилади;
  • мақсадли қабул асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган шахслар, ўқишни битирганларидан сўнг, ўзлари яшайдиган жойларда жойлашган ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тавсияномаларида кўрсатилган таълим муассасаларида 5 йилдан кам бўлмаган муддатда олинган мутахассисликлари бўйича ишлаб беришлари шарт.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг чет тиллар ўқитувчилари ва муаллимларига қонун ҳужжатлари билан белгиланган рағбатлантирилувчи тўловлар ва қўшимчаларни ҳисоблашда, уларнинг лавозим маошлари таркибига киритган ҳолда қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида уларнинг тариф ставкаларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз ставкалари миқдоридаги ҳар ойдаги қўшимчалар қўшиб беришни белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази уч ой муддатда, молиялаш манбалари Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар, хорижий кредитлар ва халқаро грантлар, шунингдек, ҳомийлар ва хайриячилар маблағлари кўзда тутилган ҳолда, 2013 — 2016 йилларда таълим муассасалари хорижий тиллар кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация ва ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан (қўшимча жиҳозлаш) жиҳозлашнинг жадаллаштирилган дастурини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда уни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, болалар ва ёшларнинг манфаатлари ҳамда қизиқишларини инобатга олган ҳолда, қуйидагиларни таъминласин:

  • телевидение, шу жумладан маҳаллий телеканаллар орқали болалар ва ўсмирларни хорижий тилларга ўргатиш бўйича кўрсатувлар тайёрлаш ҳамда уларни трансляция қилиш, бошқа халқларнинг тарихи ва маданияти, жаҳон илми ва техникасига бағишланган илмий-оммабоп хорижий бадиий ҳамда мультипликациявий фильмларни ўзбек тилидаги субтитр ёрдамида, мунтазам кўрсатиб боришни амалга ошириш;
  • «ZiyoNet» тармоғи орқали таълим муассасаларининг халқаро таълим ва билим олиш манбаларига кириш имкониятларини сезиларли орттириш, унинг ресурс марказини мультимедия ресурслари, шахсий компьютерлар ва мобиль ускуналар учун иловалар билан бойитиш, шунингдек, инглиз тилида ўқув ва бадиий адабиётлар, ихтисослаштирилган расмлар билан безатилган газеталар ва журналларни чоп этиш, уларга махсус рукнлар ҳамда иловаларни ташкил қилиш.

10. 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича ҳар йили бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар, шунингдек идоравий меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
2012 йил 10 декабрь,
ПҚ-1875-сон

🔥1.0 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853