Саволлар усули

Албатта, саволларни ҳар куни барча таълим берувчилар берадилар, аммо бу саволлар қайси, турдаги саволлар бўлади? Бу кўпинча синфда назоратни қўлга олиш мақсадида ёки ҳаттоки ўқувчи – талабаларни камситиш учун қўлланадиган саволлар бўлиши мумкин. Бошқа кўпинча қўлланадиган саволлар – бу, «Ёпиқ» деб аталувчи саволлардир. Уларга фақат бир тўғри жавоб бўлади ва улар билимни текшириш учун қўлланилади. Мунозаралар вақтида сиз берадиган очиқ саволлари гуруҳнинг фаоллигини рағбатлантириш ва кўриб чиқилаётган муаммоларни таҳлил қилишда муҳим рол ўйнайди.

Бу ерда ёдда сақлаш керак бўлган энг асосийси, бу – «Мен бу мунозарадан нима кутаяпман – «Ҳа» ва «Йўқ» жавоблариними ёки «эркин қизиқарли муҳокаманими?». Қуйида сиз қўллашингиз мумкин бўлган! «очиқ» саволларга бир неча мисоллар келтирамиз.

 Фаразий саволлар: «Агар… бўлса, сиз нима қилардингиз?», Улар ўқувчи-талабаларга у ёки бу вазиятларни тасаввур қилишларига ёрдам беради, фикрлаш жараёнини кучайтиради.

Фикрлашга ундайдиган саволлар: «Бу муаммони ечишда биз қандай ёрдам беришимиз мумкин?»

Рағбатлантирувчи, қўллаб-қувватловчи саволлар: «Бу жуда қизиқ, кейин нима бўлди?», Улар ўқувчи-талабаларга шахсий тажрибалари ва қарашлари билан ўртоқлашишларига имкон беради.

—  Фикр билдириш саволлари: «Сиз… тўғрисида нима деб ўйлайсиз?». Сундай саволлар ўқувчи-талабаларга уларнинг фикрлари муҳим ва қизиқарли эканлигини билдиришда қўлланилади.

—  Суриштирувчи саволлар: «Нима учун бундай деб ўйласиз?». Хотиржамлик билан берилган бу савол уларга ўз фикрларини чуқурроқ ўйлаб кўришлари ва тушунтиришлари, таҳлил қилишларига ёрдам беради.

Тушунтирувчи, умумлаштирувчи саволлар: «Сиз… деб ўйлаяпсиз десам, мен ҳақ бўламанми?». Ўқувчи-талаба айтганларини умумлаштириш ва сиз уни тўғри тушунганлигингизни текшириш, бошқаларни улар шу фикрга қандай муносабатда бўлишларини ўйлаб кўришга ундайди.

Розиликни билдирувчи саволлар: «Кўпчилик… эканлигига розими?». Бундай саволлар мунозарага ундаш учун берилиши мумкин. Ёки мунозара якунида «Биз бу қисмни тугатдикми?» каби саволлар – кейинги мавзуга ўтишга рухсат олиш учун берилади.

Ниҳоят, иккилантирувчи саволлардан фойдаланмасликни эсда тутишга ҳаракат қилинг. Масалан, «Х – ҳақ, шундайми?». Бундай саволлар ўқувчи-талабаларнинг фаоллигини сустлаштиради. Бир зумда жуда кўп савол берманг ва икки маънони англатувчи саволларни қўлламанг.

Энг асосийси: бошни силкиб маъқуллаш, жилмайиш ёки ўқувчи-талабалар билан бир даражада ўтирганлигингиз уларнинг фаолликларини оширишини эсдан чиқарманг!


манба: © www.idum.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт.

🔥2.3 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853