Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) — ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот. 1945 йилда тузилган. БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор Собиқ Иттифоқ, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943 йилда, Устави эса Сан Франциско конференциясида 1945 йилда қабул килинди. БМТ Уставига дастлаб 51 давлат имзо чеккан, 2000 йилда эса улар сони 189 га етди. БМТнинг доимий иш ўрни (штаб квартираси) — Нью-Йорк шаҳридир.

БМТ Уставида кўрсатилганидек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқукди бўлиши ва ўз такдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган марказ ҳисобланади.

2000 йил 6—8 сентябрда БМТнинг 55-сессияси доирасида «Минг йиллик саммити» бўлиб ўтди. Унда 155 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этди. Мазкур анжуманда умумбашарий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий, экология ва хавфсизликка доир муаммолар муҳокама қилиниб, янги юз йилликнинг дастлабки йилларида амалга оширилиши мўлжалланаётган тадбирлар белгиланди. Саммит иштирокчилари якдиллик билан кабул қилган декларацияда Бош Ассамблея ва БМТ бошқа органлари қарорлари амалда бажарилишида ёрдам беради. Котибият қуйидаги департаментлар ва бошқармаларга бўлинади:

  • Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти;
  • Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти;
  • Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти;
  • Назорат бошқармаси;
  • Ходимлар бошқармаси;
  • Бош котибнинг маъмурий идораси;
  • Ижтимоий ахборот бошқармаси;
  • Конференцияларга хизмат қилиш бошқармаси;
  • Умумий хизмат бошқармаси;
  • БМТнинг Женева бўлими.

БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Хавфсизлик Кенгашининг ёки БМТ аъзолари кўпчилигининг талаби билан ҳар қандай масала юзасидан махсус сессиялар чақирилиши мумкин. БМТнинг расмий тиллари — инглиз, француз, рус, испан ва хитой тиллари бўлиб, инглиз, француз, испан тилларида иш юритилади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин кўп ўтмай — 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди (1993.24.8). БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти — ЮНЕСКОга ҳам аъзо бўлди.

Ўзбекистон ўз овози ва мавқеига эга бўлган аъзо сифатида БМТ олдига муҳим ва долзарб масалаларни қўмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеяси 48-сессиясида (1993 йил сентябр), БМТ ташкил этилганининг 50 йиллигига бағишланган сессияда (1995 йил окт.), БМТ Бош Ассамблеясининг «Минг йиллик саммити» (2000 йил сентабр) да сўзлаган нутқлари дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, ушбу халқаро ташкилотнинг 20-аср сўнггидаги энг йирик анжуманида Ўзбекистон раҳбари халқаро терроризм ва наркобизнес билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш; минтақавий хавфсизлик, жумладан Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш; жаҳон хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, БМТ фаолияти ва таркибий тизимини ислоҳ қилишга тааллуқли таклифлар билан чиқди.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қандай фаолият кўрсатади?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945-йил 24-октабрда, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ялпи хавфсизликни мустаҳкамлаш туфайли тинчликни барқарор этиш журъати билан тўлиб-тошган 51 мамлакат томонидан ташкил этилди. Бугунги кунда 185 мамлакат, яъни дунёнинг қарийб барча мамлакатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоларидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоси бўлган давлат халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган, халққаро шартномалардан иборат бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида баён этилган мажбуриятларни қабул этади. Низомга биноан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўртта асосий мақсадга амал қилади:

  • халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш,
  • миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш,
  • халқаро муаммоларни ҳал этишда ва инсон ҳуқуқларини ҳурматлашни рағбатлантиришда, халқаро ҳамкорликни барқарор этиш;
  • ушбу умумий мақсадларга эришишда миллатлар саъй-ҳаракатлари, келишувлари учун марказий ролни ўйнаш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолари — мустақил давлатлардир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутунжаҳон ҳукумати эмас ва у қонунлар қабул қилмайди. Бироқ халқаро можароларни бартараф этишга ва бизнинг барчамизга дахлдор бўлган масалаларни ҳал этиш сиёсатини ишлаб чиқишга ёрдам бера оладиган маблағларга эга бўлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига барча катта-кичик, бой ва камбағал, турли сиёсий қарашлар ва ижтимоий тизимдаги давлатлар аъзо бўлиб, улар овоз бериш ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида олтита бош орган мавжуд. Улардан бештаси — Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Марказий қароргоҳида, олтинчи орган — Халқаро Суд эса Нидерландиянинг Гаага шаҳрида фаолият кўрсатади.

Хавфсизлик Кенгаши

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ халқаро тинчлик ва хавфсизликни барқарор этиш борасида Хавфсизлик Кенгаши бош жавобгарликни зиммасига олади ва у тинчлик хавф остида қолган кеча ёки кундузнинг ҳар қандай дақиқасида чақирилиши мумкин.

Кенгаш 15 аъзодан ташкил топган. Уларнинг бештаси – Хитой, Россия Федерацияси, Бирлашган Қироллик, Америка Қўшма Штатлари ва Франция – доимий аъзолар ҳисобланади. Кенгашнинг қолган ўн аъзоси Бош Ассамблея томонидан икки йил муддатга сайланадилар. Кейинги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Кенгашнинг аъзолар таркибини ўзгартириш, бу тадбир замонавий ва иқтисодий воқеликни янада ёрқинроқ акс эттириши масаласи муҳокама қилинаяпти. Кенгашнинг қарорлари, унинг учун тўққиз аъзо овоз берган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади. Кун тартибидаги масалага Кенгашнинг доимий аъзоларидан бирортаси қарши овоз берса, шунингдек, вето ҳуқуқидан фойдаланса қарор қабул қилинмайди. Халқаро тинчликка хавф солинганлиги ҳақида кенгашга хабар берилганда бу можаро аввало тинчлик йўли билан бартараф этиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Кенгаш, балки бартараф этиш тамойилларини ишлаб чиқади ёки ҳакам вазифасини ўтайди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган тақдирда Кенгаш ўт очишни тўхтатиш чораларини кўради. Шунингдек, у томонларни яраштириш ёки бир-бирлари билан жанжаллашаётганларни ажратишга ёрдам берадиган, тинчликни барқарор этувчи миссия юбориши мумкин.

Кенгаш ўзи қабул этган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирлар қабул қилиши мумкин. У иқтисодий жазо чоралари қўллаши ёки қуролларни етказиб беришга эмбарго қўйиши мумкин. Жуда камдан-кам ҳолларда Кенгаш ўзи қабул қилган қарорни бажариш учун аъзо-мамлакатга биргаликдаги ҳарбий ҳаракатларга қадар бўлган «барча зарур воситаларни» қўллашга ваколат беради. Шунингдек, Кенгаш Бош котиб лавозимига муайян номзодни ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига янги аъзоларни тавсия этади.

Бош Ассамблея

Бош Ассамблея – ўзига хос бутунжаҳон парламентининг инсониятнинг энг долзарб муаммолари кўриб чиқилаётган мажлисларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси бўлган барча мамлакатлар вакиллари қатнашади. Ҳар бир аъзо-мамлакат бир овозга эга. Халқаро тинчлик ва хавфсизликни муайян даражада сақлаб қолиш тавсиялари янги аъзоларни қабул қилиш ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буджетини тасдиқлаш, шу жумладан, тинчликни сақлаш операцияларига маблағ ажратиш сингари муҳим масалалар кўпчилик, аниқроғи, учдан икки қисм овоз билан қабул этилади.

Бошқа масалалар бўйича қарорлар, одатдагидек, кўпчилик овоз билан қабул этилаверади. Кейинги йилларда Ассамблея қарорлари расмий овоз бериш йўли билан эмас, балки, консесус асосида қабул этилиши учун махсус саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 1999/2000 йилги сессияларда ядровий қуролсизланиш, тараққиёт, атроф муҳитни муҳофаза этиш ва янгича демократияни мустаҳкамлаш сингари кун тартибидаги турли-туман 173 масала кўриб чиқилиши керак эди. Ўз қарорлари ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, улар жаҳон жамоатчилиги фикрларини ифодаласа ва халқаро жамоатчиликнинг ахлоқий талаби ҳисобланса ҳам Ассамблея ўз қарорларини мажбуран қабул қилдирмайди.

Ассамблеянинг ҳар йилги навбатдаги сессияси сентабрдан декабрга қадар бўлган муддат давомида ўтказилади. Ассамблея зарурат туғилганда ўз ишини қайта чақирилган сессияда давом эттириши ёки жиддий ташвиш туғдирган масалалар бўйича махсус ёки фавқулодда сессиялар ўтказиши мумкин. Ассамблеялар орасидаги муддат давомида унинг ишлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита бош қўмиталарида, бошқа органларида ва Котибиятда давом этади.

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш Бош Ассамблеянинг умумий раҳбарлиги остида ҳаракат қилиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тизимидаги муассасалар фаолиятини ижтимоий ва иқтисодий соҳада мувофиқлаштириб туради. Халқаро иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни муҳокама этиш ва шу соҳадаги сиёсат борасида тавсиялар ишлаб чиқиш учун бош анжуман ҳисобланган Кенгаш тараққиёт мақсадларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди. Кенгаш иш фаолиятида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Фуқаролар жамияти ўртасидаги ўша муҳим ҳаётий мулоқотни қўллаб-қувватлаган ҳолда тегишли ноҳукумат ташкилотлари билан маслаҳатлашади.

Кенгаш таркибига Бош Ассамблея томонидан уч йилга сайланадиган 54 нафар аъзо киради. Кенгаш ҳар йили – Нью-Йорк ва Женевада, галма-галдан – ўзининг бир ой муддатга чўзиладиган сессиясини ўтказади. Сессия давомида муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалаларни муҳокама этиш учун вазирлар даражасида мажлис, 1998 йилдан эса сессия доирасида инсонпарварлик масалаларини кўриб чиқиш босқичи ўтказилмоқда.

Кенгашнинг ишлари йил мобайнида ўз йиғилишларини мунтазам ўтказиб турадиган ва Кенгашга ҳисобот берадиган ёрдамчи ташкилотлар томонидан олиб борилади. Масалан, инсон ҳуқуқлари комиссияси дунёнинг барча мамлакатларида инсон ҳуқуқларига қандай риоя этилаётганлигини назорат қилади. Бошқа ташкилотлар ижтимоий тараққиёт, хотин-қизларнинг аҳволи, жиноятчиликдан огоҳ этиш, гиёҳвандликка қарши кураш ва атроф муҳитни муҳофаза этиш масалалари билан шуғулланадилар. Бешта ҳудудий комиссия иқтисодий тараққиёт ва ўз ҳудудларида иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Васийлик Кенгаши

Васийлик Кенгаши 7 аъзо-мамлакат қўл остидаги 11 васийлик ҳудудида халқаро назоратни таъминлаш, шунингдек, уларнинг ҳукуматлари бу ҳудудларда ўз-ўзини бошқариш ёки мустақилликнинг зарур чора-тадбирларини кўришлари учун халқаро назоратни таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 1994 йилга келиб васийлик ҳудудларининг барчаси ўзларини бошқара бошладилар ёки алоҳида давлатга айланиб мустақилликка эришдилар, ёхуд мустақил қўшни давлатлар билан қўшилишди. энг охири бўлиб бундай тадбирни Қўшма Штатлари қўл остида бўлган Тинч океан ороллари (Палау) васийлик ҳудуди амалга оширди ва 185-аъзо давлат бўлиб қолди.

Ҳозирги пайтда, таркибига Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси киргани сабабли Васийлик Кенгаши ишлари, асосан, тугалланди, унинг иш тартиби қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди, яъни у ўзининг йиғилишларини фақат шарт-шароит тақозо этган ҳоллардагина ўтказадиган бўлди.

Халқаро Суд

Халқаро Суд – Бутунжаҳон суди сифатида ҳаммага маълум бўлиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош суд органидир. Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан сайланган 15 судядан ташкил топган Халқаро Суд давлатлар ўртасидаги можароларни бартараф этиш билан шуғулланади. Давлатларнинг – суд муҳокамасида қатнашишлари ихтиёрийдир, бироқ давлатлар шунга рози бўлсалар, улар Суд қарорига бўйсунишлари шарт. Шунингдек, Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши илтимослари билан Суд консултатив хулосалар чиқариш ишлари билан ҳам шуғулланади.

Котибият

Котибият Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа ташкилотлари кўрсатмаларига мувофиқ тезкор ва маъмурий ишларни амалга оширади. Уни умумий маъмурий раҳбарликни олиб борадиган Бош котиб бошқаради. Ҳозирги вақтда Котибият қарийб дунёнинг 160 мамлакатидан бўлган 8900 киши ишлайдиган етти депортамент ва турли бошқармалардан ташкил топган. Бундан ташқари Нью-Йорк, Женева, Вена ва Найробида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимлари мавжуд.

БМТ тинчликни барқарор этиш учун нималар қилади?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг бош вазифаларидан бири – бутун дунёда тинчликни барқарор этишдир. Низомга биноан аъзо-мамлакатлар ўзларининг халқаро келишмовчиликларини тинч йўл билан ҳал этади, қуролли кучларни бошқа давлатларга нисбатан қўлламайдилар, уларга таҳдид солмайдилар.

Кўп йиллар мобайнида халқаро муаммоларни бартараф этиш ва пайдо бўлган можароларни ҳал қилишга ёрдам беришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муҳим рол ўйнади. У тинчликни ўрнатиш, тинчликни сақлаб қолиш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида кўплаб операциялар туркумини амалга оширди. Шунингдек у бирмунча жиддий тус олган можароларни ҳам бартараф этишга муваффақ бўлди. Можаролар келиб чиққан ҳолларда у зўравонликнинг туб илдизларини қирқиш ва мустаҳкам тинчлик учун асослар яратишга йўналтирилган ва координациялаштирилган янада қатъий чора-тадбирлар қабул қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу борада диққатга сазовор натижаларни қўлга киритди. Масалан, 1962 йилги Кариб можаросини, 1973 йилги Яқин Шарқ жанжалидаги кескинликни бартараф этишга муваффақ бўлди. 1988 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Эрон-Ироқ урушини бартараф этиш имконини берди, ундан кейинги йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан ўтказилгагн музокаралар туфайли қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 90-йилларда Қувайт мустақиллигини тиклашга ёрдам берди, Камбоджа, Салвадор, Гватемала ва Мозамбикда фуқаролар урушини тўхтатишда, Гаити ва Серра-Леонда демократия асосида сайланган ҳукуматни тиклашда катта рол ўйнади, шунингдек, қатор бошқа мамлакатлардаги келишмовчиликларни бартараф этди ва ҳал қилди.

манба

🔥5.3 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853