Энг тежамкор лампалар қайси? Электр лампаларини солиштирамиз.

Ҳозир ахборот-технологиялари шиддат билан ривожланиб бормоқда. Олимлар томонидан кашф этилган кашфиётлар дунёга ёйилиб улгурмай, бундан-да янги ва мукаммалроқ ихтиролар яратиляпти. Электр токини тежайдиган лампалар хонадонларимизни чароғон этиш билан бирга иқтисодиётимизга ҳам катта фойда келтирмоқда.

lampsЮртимизда ҳам бугунги кунда кўплаб соҳаларда техниканинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланишни йўлга қўйиш туфайли халқимиз турмуш шароити яхшиланмоқда, одамларга кўплаб қулайликлар барпо этилмоқда. Масалан, айни пайтда бутун дунёда электр-энергияга бўлган эҳтиёж кундан кунга ортиб боряпти. Бунинг боиси, мутахассисларнинг фикрича, аҳолининг сони ортиб бориши натижасида кўплаб янги шаҳарлар, янги аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлар пайдо бўлаётгани биринчи сабаб бўлса, иккинчиси қанчадан-қанча саноат корхоналари бунёд этилаётгани ҳамда бошқа шунга ўхшаш электр-энергия билан боғлиқ бўлган юмушларнинг ортаётганлигидир. Шу боисдан ҳозирда дунё олимлари электр-энергия ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришни эмас, балки ушбу бебаҳо неъматни тежаш устида бош қотиришмоқда.

Мисол учун, барчамиз учун бир қарашда оддий ҳисобланган электр лампалари хонадон ва ишхоналаримизни қанча ёритиши керак бўлса, шунча ёритиб туради. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ушбу лампалар ёниб туриши учун бир кунда қанча, бир ҳафта, бир ой ёки бир йилда қанча электр токи сарфланади?

Чироқларнинг солиштирма тавсифи

Люмен – ёруғлик оқимининг СИ Халқаро бирликлар системасидаги ўлчов бирлиги.100 Ваттли уй-рўзғор ёруғлик лампалари 220 Волтли кучланиш остида қиймати ўртача 1100 люменга тенг бўлган ёруғлик оқимини тарқатишади.

Айни чоғда ушбу бебаҳо неъматни тежаб ишлатиш борасида бугунги кунда мамлакатимизда ҳам соҳа олимлари ва мутахассислари томонидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. эътибор берган бўлсангиз, ҳозир аҳоли орасида «эшитдингизми, электр токини тежайдиган лампалар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган экан. Бу лампаларга унча кўп электр токи сарфланмасакан. Узоқ муддатда чидаркан», деган гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинмоқда.

Шу боис, биз фойдаланувчиларимизга ушбу лампалар тўғрисида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида «Vesta electris» компаниясининг Савдо ва маркетинг ишлари бўйича ижрочи директори Музаффар Абдуллаев билан суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда компаниямиз томонидан электр токини тежайдиган Люменистент ва ЛЕД лампалари ишлаб чиқариб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Биринчи бўлиб фаолиятимизни бошлаганимизда люменистент лампаларини ишлаб чиқарганмиз. Ушбу лампанинг тузилиши ва таркиби қуйидагилардан ташкил топган. Булар — шиша трубка, аргон гази, амалгам, балласт, соколлардир. Яна шуни айтиш мумкинки, маҳсулот экологик жиҳатдан тоза ва инсон саломатлиги учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Ҳозирги кунда ушбу ишлаб чиқараётган маҳсулотимизга симоб қўлланилмайди. Унинг ўрнига амалгамдан фойдаланилади. Аслида амалгам симоб билан қалай қотишмасидир. Люменистент лампа таркибидаги аргон гази ҳавони юқори босим остида сиқиш эвазига ажратиб олинадиган ҳавонинг бир қисмидир. Лампа найчаси синган тақдирда ҳам ушбу газ яна ўз хоссасига кўра, ҳавога сингиб кетади. Бу газни ҳатто тутиб ҳам бўлмайди. Оддий қилиб айтганда, бу газ инсон организми учун зарарсиздир.

Энди XXI асрнинг энергетика соҳасидаги энг сўнгги кашфиёти ҳисобланган ЛЕД лампаси ҳақида маълумот берсам, кўпчиликка фойдали бўлади, деб ўйлайман. Аслида, ЛЕД (Light Emission Diod), яъни ёруғлик таратувчи диод деганидир. Унинг технологиясини ихтиро этгани учун бир қатор япониялик олимлар Исаму Акасаки, Хироши Амано ва Шужи Накамураларга 2014 йилда физика йўналиши бўйича Нобел мукофоти берилган. Сабаби ушбу ихтиро XXI асрда инсоният турмуш тарзини ўзгартириб юборади, деб хулоса қилингани боис берилган. Мутахассислар фикрига кўра, эдисон (иситувчи, чўғлантирувчи) лампалари XX асрнинг энг яхши ихтироси ҳисобланган бўлса, XXI аср ЛЕД лампалари асри бўлади, дейишмоқда.

Хусусан, ЛЕД лампасининг тузилиши ва таркиби қуйидагилардан ташкил топган. Булар драйвер (электр токини мўтадиллаштириб беради), диод, плата, каркас, радиатор, қоплама, соколлардир. Ушбу маҳсулот ҳам экологик жиҳатдан тоза ва инсон саломатлиги учун ҳеч қандай хавфи йўқ.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу электр токини тежовчи лампаларимизнинг нималардан таркиб топганлиги тўғрисида тушунча бердик. Энди барчани бирдек, қизиқтираётган ушбу лампаларимиз давлатимизга иқтисодий жиҳатдан қанча электр-энергияни тежаб бериши ҳамда истеъмолчиларга электр ҳақини тўлашда қанча фойда келтириши ҳақида маълумот берайлик.

Мисол учун, ҳали ҳам истеъмолда ишлатиб келинаётган чўғлантирувчи лампалар, яъни 100 Вт ни 1 кунда 6 соат ёқилган тақдирда бир дона лампанинг электр токини сўмга нисбатан сарфлаган харажати 86 сўмни ташкил этади. Бир ҳафтада эса ушбу харажат 601 сўмни, 1 ойда 2574 сўмни, 1 йилда эса 31317 сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, ушбу лампанинг 150 Вт 6 соат ёқилган турса, 1 кунда 129 сўм, 1 ҳафтада 901 сўм, 1 ойда 3861 сўм, 1 йилда эса истеъмолчи 46976 сўмлик электр токини ишлатгани учун ҳақ тўлайди.
Электр токини тежовчи ҳисобланган люменистент 20 Вт лампа 1 кунда 17 сўм, 1 ҳафтада 120 сўм, 1 ойда 515 сўм, 1 йилда эса 6263 сўмлик электр токини сарфлайди холос.

XXI асрнинг энг яхши кашфиёти ҳисобланган ЛЕД 9 Вт лампаси 1 кунда эса 8 сўм, 1 ҳафтада 54 сўм, 1 ойда 232 сўм, 1 йилда эса бор-йўғи 2819 сўмлик электр токини сарфлайди. Бундан кўриниб турибдики, ЛЕД лампасини ишлатиш истеъмолчига кўп жиҳатдан фойдали.

Қаранг, электр токини тежайдиган лампани ишлатган одам бебаҳо неъмат ҳисобланган электр энергияни тежашга ўз ҳиссасини қўшибгина қолмасдан, тежалган электр энергия давлат учун фойдали бошқа мақсадларга сарфланишига ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

Бундан ташқари, компаниямиз истеъмолчиларга янада ишончли хизмат кўрсатиш учун бир дона люменистент лампасини ишлатиш учун 15 ой кафолат берган ҳолда харидорга сотмоқда. Ўша даврда лампага бирон нарса қилса, янгисига алмаштириб берилади. Худди шунингдек, ЛЕД лампасига ҳам 24 ой кафолат берилиб, янгисига алмаштириб берилади.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ушбу лампалардан фойдаланиш қанчалаб электр-энергия тежайди. Шу боис катта-катта завод, фабрикаларда ёки хусусий ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам тежамкор технологиялардан фойдалансак, давлатимизга ва ўзимизга катта иқтисодий фойда келтирган бўламиз.

манба

 

🔥1.9 K марта кўрилди

One thought on “Энг тежамкор лампалар қайси? Электр лампаларини солиштирамиз.

Fikr bildirish

55863853