Нега биз ойнинг фақат бир томонини кўрамиз? (видео)

Ой ҳар доим бир хил томони билан ерга қараганлигини ҳамма билади. Биз доимо йўлдошимизнинг фақат бир ярмини кўрамиз, бошқа ярми еса ҳар доим ерликлар кўзидан яширинади. Аммо ой ер атрофида айланибгина қолмай, ер каби ўз ўқи атрофида айланади. Хўш, у қандай қилиб бизга юзасининг атиги ярмини кўрсатишга муваффақ бўлади?

Ой-сайёра, Ернинг йўлдоши. У Ер шари атрофида, Ер эса ўз навбатида Қуёш атрофида айланади. Ой 29,5 кеча-кундузда Ер атрофини бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Шу билан бир вақтда, у ўз ўқи атрофида ҳам айланади. Шунинг учун ҳам биз Ойнинг фақат бир томонини кўрамиз. Аммо 1959 йилда учирилган учиш аппарати Ойнинг биз шу вақтгача ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган орқа тарафини суратга туширишга муваффақ бўлди. Ой — ўлик осмон жисми: унда на атмосфера, на сув йўқ. Бинобарин, унда ҳаёт бўлиши ҳам мумкин эмас. Ой нури Қуёшдан келаётган ёруғликнинг заиф аксидир. Шунинг учун ҳам у бир ой давомида ўз қиёфасини кўп марта ўзгартирадиганга ўхшаб кўринади. Қуёш Ойнинг орқа томонини ёритганда, у бизга кўринмайди.

Ой — нисбатан чоғроқ сайёра. Унинг диаметри Ерникига нисбатан 4 марта кичик. Ердан Ойгача бўлган масофа — 384 400 км. 1969 йил 20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси америкалик астронавтлар Армстронг ва Олдрин Ойга қадам қўйишди. Бу парвоз ва автоматик кемалар ёрдамидаги кейинги тадқиқотлар Ой тупроғидан Ерга намуна олиб келишга ва бу йўлдош ҳақида кўп нарсаларни билиб олишга имкон берди.


Нега биз ойнинг фақат бир томони кўрамиз?

Ерда инсоният пайдо бўлибдики, Ой унинг кўзларига жумбоқ бўлиб кўринади. Қадим замонларда одамлар Ойни тун илоҳаси, деб ҳисоблашган ва унга сиғинишган. Аммо бугун биз у ҳақда анча нарса биламиз. Ҳатто совет ва америкалик олимлар олган суратлар ёрдамида унинг «тескари» ёки қоронғи» томонини ҳам кўришимиз мумкин. Нега биз Ердан туриб Ойнинг тескари томонини кўра олмаймиз? Ҳамма гап шундаки, Ернинг табиий йўлдоши бўлмиш Ой ўлчамлари унга нисбатан кичик бўлган осмон жисмидир ва у Ер атрофида айланади. Ой Ер атрофини бир марта тўла айланиб чиқиши учун 29,5 кеча-кундуз вақт кетади. Қизиғи шундаки, Ой ўз ўқи атрофида ҳам шунча кун мобайнида бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Шунинг учун ҳам Ерга унинг фақат бир томони кўринади.

Буни янада яхшироқ тушуниб олиш учун шундай тажриба қилиб кўришингиз мумкин. Битта олма ёки апелсин олиб, уни икки бўлакка бўладиган чизиқ чизинг ва уни Ой деб фараз қилинг. Сўнгра қўлингизни мушт қилиб тугинг ва олдинга чўзинг. Уни Ер деб фараз қилинг. Энди «Ой»ни «Ер»га нисбатан фақат бир томони билан айлантиринг. «Ой» ни «Ер»га бир томони билан тутиб турган ҳолда «Ер» атрофида бир марта айлантириб чиқинг. Шунда «Ой» ўз ўқи атрофида ҳам айланаёттанини кўрасиз, Ердан эса унинг фақат бир томони кўринади. Ой фазалари цикли — даврийлиги янги ой чиқиши билан бошланади. Бу Ой Қуёш ва Ер ўртасида бўлган вақтга тўғри келади. Янги Ой кўзга кўринмайди. Сўнгра Ойнинг Ерга қараган томонига Қуёш нури туша бошлайди. Қуёш нури тушган жой айлананинг ингичка ва энсиз қисми бўлиб кўринади. Бу айлана тўлишиб борувчи Ой деб аталади. Ойнинг Қуёш нури тушувчи қисми тезлик билан ўсиб боради ва ярим айлана ҳолига келади. Бу дастлабки чорак дейилади. Сўнгра тўлишиб, сўнгги чоракка етади. Шу алфозда цикл тугаб, қайтадан янги Ой чиқади.


Ойда ҳам тортиш кучи амал қиладими?

Тортиш кучи ёки гравитация ҳодисасини Коинотдаги барча катта-кичик жисмлар яқинида кузатиш мумкин. Бу ҳар хил жисмлар ўртасида тортиш кучи мавжудлигини билдиради. Аммо бундай куч катталиги икки нарсага: жисмларнинг массаси ва улар ўртасидаги масофага боғлиқ. Масалан, сизнинг танангиз билан Ер ўртасида ҳам тортиш кучи амал қилади. Ернинг ўлчамлари ниҳоятда катта бўлгани учун ҳам айнан у сизни тортиб туради. Аксинча бўлиши мумкин эмас. Ер юзасида турганингизда тортиш кучи сизнинг оғирлигингизга тенг бўлади. Бироқ сайёрамиз маркази билан ўзингизнинг орангиздаги масофани иккига кўпайтиришингиз билан (яъни Ер юзасидан 6 500 км юқори кўтарилишингиз билан) оғирлигингиз 4 марта камаяди. Ой улкан осмон жисми бўлишига қарамай, Ердан анча кичик. Унинг массаси Ерникидан 80 марта кам. Шунинг учун ҳам унинг тортиш кучи (гравитатсияси) Ернинг тортиш кучидан анча кам. Агар Ойга бориб қолсангиз, танангиз оғирлиги 6 марта камаяди. Бошқача айтганда, агар сиз Ой юзасида баландликка сакраш билан шуғулланадиган бўлсангиз, Ердагига нисбатан 6 марта баландроқ сакрашингиз мумкин бўлур эди.


Нега ойда ҳаёт йўқ?

Инсон Ой юзасини синчиклаб тадқиқ қилгач, у ҳақда кўпгина қизиқ нарсаларни билиб олди. Аммо Ойда ҳаёт йўқлигини у ерга қадами ётмасдан олдин ҳам билар эди. Ойда атмосфера йўқ. Мунажжимлар буни Ойда Қуёшнинг ботиш пайти ёки кечқурунги ва тонги ғира-шира пайт бўлмаслигига қараб аниқлашган. Ерга тун аста-секин чўка боради, чунки ҳаво Қуёш ботгандан кейин ҳам унинг нурларини акс эттириб туради. Ойда эса бутунлай бошқа манзарани кўриш мумкин: бир пасда қоронғилик тушади. Атмосфера йўқлиги сабабли Ойга Қуёшнинг барча нурлари тўғридан-тўғри тушаверади. Қуёш Узидан иссиқлик, ёруғлик ва радиотўлқинлар чиқаради. Ердаги ҳаёт шу иссиқлик ва ёруғликка боғлиқдир. Қуёш ўзидан яна зарарли радиация ҳам тарқатади. Ер атмосфераси бизни улардан ҳимоя қилади. Ойда эса бундай зарарли радиацияни ютадиган атмосфера йўқ. Қуёшдан чиқаётган барча фойдали ва зарарли нурлар ҳеч бир тўсиқсиз Ой юзасига етиб келаверади. Атмосфера йўқлиги сабабли Ой юзаси ё ҳаддан зиёд иссиқ, ёки ниҳоятда совуқ бўлади. Айланаётган Ойинг Қуёшга қараган томони жуда қизиб кетади ва температура Цельсий шкаласи бўйича 150 даражага етади. Бу шақирлаб қайнаётган сувнинг температурасидир. Жазирама Ой куни икки ҳафта давом этади. Сўнгра икки ҳафта давом этадиган тунга навбат келади. Тунда температура — 125 даражага тушиб кетади. Бу Ернинг Шимолий қутбидаги температурадан икки баробар совуқдир. Бундай шароитда Ердаги ҳаёт шаклларидан бирортаси ҳам мавжуд бўлиши мумкин эмас.


Ой қўтонлади, дегани нима?

Баъзи тунлар Ой атрофида, унинг чегараларини ювиб кетадиган равшан бир ёруғлик пайдо бўлади. Бу ёруғ ҳалқа ғалодир, ўзбекча айтганда, Ой қўтонлаганини билдиради. Одамлар Ой теварагида нурли ҳалқа, ёй, доғ ва устунлар пайдо бўлишини бўлажак ёмғир аломати деб билади. Баъзида бундай манзарани Қуёш атрофида ҳам кўриш мумкин. Гало парсимон булутлар, тўғрироғи, улар таркиб топган муз кристалларининг ёруғликни синдириши оқибатида пайдо бўлади. Туманли кечаларда кўча чироқлари ва узоқдаги оловларни ҳам гало қуршаб олади. Бироқ Шимол ёғдуси билан галони ўзаро чалкаштирмаслик керак. Шимол еғдуси, худди люминиссенсия трубасида бўлгани каби, ҳавонинг ионлашуви натижасида ҳосил бўлади.


Ой кундузи қайга кетади?

Аҳён-аҳён бўлса-да, Ойни кундузи ҳам кўриш мумкин. Чунки у кундузи Ернинг биз яшаётган томонига қарама-қарши тарафга ўтиб қолади. Баъзида нақ тепамизда турган бўлса ҳам уни кўриш имкони бўлмайди, чунки Қуёшнинг ёрқин нурлари уларни қайтараётган Ойни бизга кўрсатмай қўяди. Эрта тонгда ёки кечқурунлари, яъни Қуёш нурлари кўзимизни қамаштирмаётган кезлар улар иккаласини ҳам кўришимиз мумкин бўлади.


Нега биз машинада кетаётганимизда ой орқамизда эргашади?

Ой биздан унчалик узоқ эмасдай кўрингани билан Ердан унгача бўлган масофа 384 400 км.дир. Унинг диаметри 3476 км, бошқача айтганда, Америка Қўшма Штатларининг у соҳилидан бу соҳилигача бўлган масофадан кичикдир. Агар энг кучли телескоп билан Ойга қаралса, унгача бўлган масофа 100 км.дан ошмайдигандай кўринади. У бизга шундай яқин ва катта кўрингани учун баъзан 384 400 км жуда олис йўл эканини ҳам унутиб қўямиз. Машинада кетаётганимизда Ой ортимиздан эрагашаётганга ўхшаб кўриниши сабаби ҳам унинг Ердан ниҳоятда олисда экани билан боғлиқ. Аввало, шуни айтиш керакки, у бизга шундай туюлади, бу сезги руҳиятимизга ўрнашиб қолган. Йўлдан катта тезлик билан кетаётганимизда, йўл чеккасидаги дарахтлар, уйлар, ҳовлиларнинг деворлари, қолаверса, йўл орқага қараб чопаётганга ўхшайди. Биз Ой ҳам ёнимиздан ўтиб кетишини, ҳечқурин, йўлдан илгарилаганимиз сари у ҳам дарахтлар сингари ортимизда қолиб кетишини кутамиз. Бундай бўлмагач, у бизни «таъқиб» этиб юрганга ўхшаб туюлади. Нега бундай бўлади? Бунинг сабаби шуки, Ердан Ойгача бўлган масофа ниҳоятда олис. Бизнинг автомобилимиз бир неча дақиқада босиб ўтадиган йўл билан таққослаганда, бу жуда олис масофа. Шунинг учун ҳам машинада кетаётганимизда, бизнинг Ойни кўриш бурчагимиз мутлақо ўзгармайди.

манба: geografiya.uz



🔥9.9 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853