Фарзандингиз мактабга тайёрми?

Бир ойдан сўнг куз фасли кириб келиб, сентябрнинг илк кунларидан барча таълим муассасаларида ўқиш мавсуми бошланади. Хўш, янги ўқув йилига фарзандингиз тайёрми? Ҳа, ҳамма керакли нарсалар: китоб-дафтар, кийим-кечак, ҳаммасини олиб бўлганман демоқчисиз. Аммо фарзандингиз маънавий жиҳатдан ҳам тайёрми? Бугун шу ҳусусида ўртоқлашмоқчимиз.

Барча ота-оналар биринчи синфга борадиган фарзандларининг мактабга кўникиш даврида жиддий қийинчиликларга дуч келишади. Уларнинг кўпчилиги ўқитувчиларга, ўқув бўлими мудири ва ҳатто директорга ҳам ёрдам ва маслаҳат сўраб мурожаат қилишади. Шошилинч ишларингиз кўп бўлса ҳам сизни безор қилиб юборган ота ва оналар, буви ва боболардан қочманг. Мактабда штатда турувчи рухшунос бўлса ҳам, ёрдам сўраб келганларни унинг олдига жўнатишдан олдин вақт топиб, ҳар бири билан шахсан суҳбатлашинг.

Фарзандингизга беришингиз мумкин бўлган энг асосий нарса – бу эътиборингиздир!

Унинг мактаб тўғрисидаги ҳикояларига қулоқ солинг, аниқлик киритувчи саволларни беринг. Эсингизда бўлсин, сиз учун муҳимдай кўринмаган нарса ўғлингиз ёки қизингиз учун кун давомидаги энг ҳаяжонли воқеа бўлиши мумкин. Агар фарзандингиз унинг ишларига бўлган қизиқишингизни кўрса, у албатта сизнинг кўмагингизни ҳис этади. Уни диққат билан тинглар экансиз, болангизга нимада ёрдам кераклигини, ўқитувчи билан нима ҳақда гапириш лозимлигини, мактаб эшиги олдида фарзандингиз билан хаёрлашганингиздан сўнг у билан аслида нималар юз беришини тушуниб етасиз.

Фарзандига эътиборли бир она қизчаси мактаб тўғрисидаги ҳикояларида бошқа болалар ва танаффус пайтидаги ўйинлар ҳақида гапирмаслигига, аммо дарслар ва ўқитувчилар ҳақида берилиб ҳикоя қилишига эътибор қилади. Онанинг ўқитувчи билан суҳбати бу борада унга анча ёрдам беради. Маълум бўлишича, синфдаги ўқувчиларнинг тўртдан уч қисми боғчага бирга боришган экан, улар бир-бирини яхши билишгани боис, бошқа бегона болаларни ўйинларига унчалик қўшишмас экан. Бу муаммони ҳал этишга жуда оддий нарса ёрдам берди, яъни ўқитувчи «танишувлар кечаси»ни ташкил этади. Кечада барча ўқувчилар бир-бирлари билан аралашиб кетиб, ўзларининг синфдошлари ҳақида кичик маъруза қилишади ва умумий ўйинларни ўйнашади. Бир ҳафтадан кейин эса, «янги» болалар жамоага тўлиқ қўшилиб кетди.

Сизнинг мактаб ва ўқитувчиларга ижобий муносабатингиз боланинг мослашиш даврини осонлаштиради.

Исталган биринчи синф ўқувчисидан ўқитувчиси қанақалигини сўранг. У сизга у жуда яхши, энг чиройли, энг меҳрибон, энг… деган сўзларини эшитишингиз турган гап. Биринчи синф ўқувчиси учун ўқитувчи унинг ҳаётидаги энг асосий катталардан бирига айланади. Мактабдаги дастлабки ойларида ўқитувчи ҳатто боланинг ота-онасини ҳам «тўсиб қўяди». Боланинг ўқитувчига нисбатан «ошиқлигини» ушлаб турсангиз ва уни рашк қилмасангиз оқилона йўл тутган бўласиз. Фарзандингизнинг ўқитувчилари билан ҳамкорлик қилинг, уларга ёрдамингизни таклиф этинг, фаоллик кўрсатинг. Ота-оналари фаол синфларда болалар ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшироқ бўлади, уларнинг ҳаёти қизиқарлироқ кечади, байрамлар ва саёҳатлар ҳам кўп бўлади.

Сизда ота-она сифатида ўқитувчиларга савол бўлса ҳам, ниманидир бошқачароқ қилиш керакдек туюлса ҳам барча гап-сўзлар катталар орасида қолиши лозим. Акс ҳолда бола ота-онасига бўлган муҳаббат ва ўқитувчининг нуфузи орасида қолиб кетиб, нима қилишини билмай қолади. Оилавий даврада мактаб ва ўқитувчилар тўғрисидаги салбий ёки ҳурматсиз гап-сўзлар боланинг мослашув даврини анчайин мураккаблаштиради, унинг хотиржамлиги ва ўзи учун муҳим бўлган катталарнинг ғамхўрлигига бўлган ишончини чиппакка чиқаради.

Сизнинг мактаб ташвишлари ва ҳаётига хотиржам муносабатингиз болага жуда ёрдам беради.

Ота-онасини хотиржам ва ўзига ишонган ҳолда кўрган бола мактабдан қўрқмаслик кераклигини ҳис этади.

Бир буви ҳар куни неварасини мактабга тайёрлаётиб, йиғларкан. У боланинг бошини силаб, неварасининг портфели ва кийими орасида югурган ҳолда: «Сени қаерга қўйиб юборяпмиз! Ахир у ерда куни билан оч юрасан! У ерда менсиз ёлғиз нима қиласан энди, а?», деб кўзига ёш олиб қўяркан. Бу ҳол бир ой давомида ҳар куни эрталаб такрорланибди. Болани эса мактабдан худди урушдан тирик қайтгандай кутиб олишаркан.

Бир куни боланинг ота-онаси фарзандлари мактабдан қўрқаётганини сезишибди ва буни тушунтириб беришини сўраб директорнинг олдига келишибди. У суҳбатлашиб, болани нима билан хафа қилишлари мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилибди. Маълум бўлишича, уни хафа қилишмас экан, аксинча, қўллашга ҳаракат қилишаркан. Ниҳоят бола билан суҳбатлардан кейин уйдаги «хайрлашиш одати» ҳақида билиб олишади. Бола нима учун ўқишдан қўрқишини англаб етишади. Ахир севимли буви неварасини худди ўлимга жўнатаётгандек кузатиб қўйса, қўрқмасдан ҳам бўлмайди-да. Шу боис асосий ишни буви билан олиб боришади. Уни бир кунга мактаб машғулотларига таклиф қилишади, у барча дарсларга кириб ўтиради, синфдаги ўқувчилар билан бирга нонушта қилади, мактабнинг ечиниш хонасини, тиббиёт кабинетини, спорт залини бориб кўради… Айтгандай, бунда боланинг ғурурига тегиб кетмасликка ҳам ҳаракат қилишади. Унга агар ўзи хоҳласагина синфдошларига бу унинг бувиси эканини айтиши мумкинлигини ваъда қилишади. Ўша кундан кейин буви невараси улғаяётганини ва энди у мактабда мустақил ўзи ўқиши мумкинлигини тушуниб етади. Шунингдек, боланинг ўзидаги қўрқувлар ҳам дарров ўтиб кетди.

Болага тенгдошлари билан алоқа ўрнатишга ва ўзини дадил ҳис қилишига ёрдам беринг!

Бу борадаги ёрдамингиз агар бола мактабгача боғчага бормаган бўлса, жудаям керак бўлади. Бу ҳолатда у катталарнинг эътибори бирданига бир нечта бола орасида тақсимланишига ўрганмаган бўлади. Боланинг киришимли эканини мақтанг, мактабда янги дўстлар орттирганидан овоз чиқариб хурсанд бўлинг. Тенгдошлари билан мулоқот қилиш қоидалари ҳақида у билан суҳбатлашинг, фарзандингизга у бошқа болалар учун қизиқарли бўлишида кўмаклашинг. Унга дўстларига кўрсатиши мумкин бўлган янги ўйинларни ўргатинг. Болангизнинг синфдошларини шунчаки чой ичишга уйингизга таклиф қилинг, кичкина мезбон эса меҳмонларни қабул қилишни ўргансин.

Фарзандингизнинг мактабдош ўртоқларининг эътиборини қимматбаҳо ўйинчоқлар ва кийим-кечак билан «сотиб олишга» уринманг. Бунда болангиз бошқаларга шунчаки керакли бўлишни ўрганмайди. Ўғлингиз ёки қизингиз хасадга ва синфдошларининг норозилигига дуч келиши мумкин.

Бошқа яна бир муҳим чегарадан ҳам ўтиб кетмаслик керак. Онага гўзал бўлиш қанчалик муҳим бўлса, етти ёшли қизчага ҳам чиройли бўлиш жуда аҳамиятли. Ўғил бола бошқалардан яхши томонлари билан ажралиб турмаса, ўзини бошқалар билан солиштирган ҳолда ҳақиқий азобга дуч келиши мумкин. Фарзандингизга тез-тез янги кийим олиб беролмасангиз ҳам унинг кийим-бошини саранжом-саришта ҳолатда тутиш қўлингиздан албатта келади. Агар акасининг эски жемпери кўзга ташланадиган жойида тешилган бўлса, ўша ерга чиройли қуроқ қилинг ёки чўнтакча тикиб беринг, шунда ўғлингизга ушбу жемпер албатта ёқади. Қизчангизнинг орқага йиғилган соч тутами модага хос, уни ушлаб турган резина эса ёрқин рангда бўлақолсин. Сизнинг бежирим ва қулай кийим кийган тоза, саранжом-саришта фарзандингизга қараш ёқимли бўлади. Ўзига ишонган ва дилкаш болакай исталган вазиятга тезроқ ва хотиржамроқ мослашиб кетади.

Фарзандингизга янги ҳаёт режимига кўникишга ёрдам беринг!

Бола мактабга нафақат руҳий жиҳатдан, балки жисмоний жиҳатдан ҳам ўрганиб кетади. Кўпгина болалар биринчи синфда илк бор эрталаб бир вақтда уйғонишга мажбур бўлишади. Мактабда кечадиган 3-6 соат давомида бола фаол равишда ўқийди. 6-7 ёшда бундай юк катта кишининг ғайрат билан ишлаши билан баробардир. Мактабда ўқиш бошланиши билан боланинг асаб тизими, умуртқаси, кўриш ва эшитиш қобилиятларига тушадиган юк кескин ортади.

Агар бола мактабгача кун тартибига риоя қилмаган бўлса, унда буни аста-секин, майинлик билан кирита бошланг. Қизингиз ёки ўғлингиз мунтазам ва узоқроқ уйқуга эҳтиёж сеза бошлайди. Болага ҳар куни бир пайтда ухлашни ўрганишига ёрдам беринг.

Фарзандингизни дарҳол уй вазифаларини бажаришга мажбурламанг. Ахир ўзимиз ҳам уйга келишимиз билан дарров ишлаб чиқариш муаммоларига қайтишга мажбурлашларини истамаймиз-ку. Болага ҳордиқ чиқариши учун вақт керак бўлади. Бу ўқиш жараёни учун ҳам фойдали. Мия ҳордиқ вақтини «янги билимларни керакли токчаларга қўйишга» ишлатади. Бизга ўхшаб болага ҳам иш кунидан кейин тинчлик ва ҳордиқнинг бир бўлаги керак бўлади. Олти яшар организм учун кундузи ухлаш одати яхши кўмак бўлади. Бу болага боғча режимидан бироз қатъийроқ мактаб режимига майин ўтишга ёрдам беради. Фарзандингизнинг саломатлигига ҳам эътибор беринг, чунки мактабдаги дастлабки ойларда кун тартибидаги талаблар болага олдингидан ҳам жиддийроқ таъсир қилади.

Ота-оналарнинг мактабда олинган баҳоларга доноларча муносабати болада юзага келиши мумкин бўлган нохушликларнинг учдан бир қисмини йўқ қилади.

Кўпгина ота-оналар фарзандларидан шунчалик ғурурланишни исташадики, уларнинг баҳолари ҳақида шунчалик қайғуришадики, бу билан болани мактаб кундалигининг иловасига айлантириб қўйишади. Албатта, мактабдаги ютуқлар жуда муҳим. Аммо бу фарзандингизнинг бутун ҳаёти эмас-ку. Ўз синфдошларингиз ва дўстларингизни эсланг. Хўш, мактабда аълочилар орасида бўлмаган, аммо ҳозирда муваффақиятли иш юритаётган кишиларнинг нечтасини биласиз?

Мактабда олинган баҳо – бу шу лаҳзада шу фаннинг шу мавзуси бўйича бола билимларининг кўрсаткичидир. Бунинг бола шахсиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Болани «уч»га ўқийдиган деб айтиш билан биз уни гўёки кундаликдаги кичкина рақамларга занжир билан боғлаб қўйгандек бўламиз. Уни «аълочи» деганимизда эса, «Инсон» деган бутун бир борлиқни яккаю-ягона фазилатга жамлаймиз. Болани мактабдаги ютуқлари учун мақтанг. Мураккаб фанлардан ёрдам беринг. Фақат эсингизда бўлсин, фарзандингиз қанча кўп «беш» олмасин, барибир унинг бахтидан муҳимроқ нарса йўқ.

Мактаблардан бирида ўқитувчилар жуда масъулиятли ва қобилиятли қизча ёмон ўқий бошлаганини сезишибди. У ижодий вазифалар, зеҳнни ишлатишга мажбур этадиган машқлар, оғзаки жавобларни бажара олмай қопти. Қизча инжиқлик қила бошлабди, ўқитувчининг саволларига жавоб беришдан қўрқа бошлабди. Кунларнинг бирида эса досканинг олдида йиғлаб юборибди. Ўқитувчи унинг ота-онаси билан суҳбатлашиб, қизчанинг онаси каттагина танаффусдан сўнг ишга қайтганини ва бутун диққат-эътиборини амал поғонасидан кўтарилишга жамлаганини ва ҳатто ўзи эришолмаган нарсаларни қизидан талаб қилаётганини аниқлабди. Ёш менежер қизчасидан фақат «аъло» баҳога ўқишни талаб қилиб, ҳар бир хатосининг устидан мазах қилар, олган тўртлари учун койишни канда килмаскан. Натижада боладаги ўқиш, ривожланиш ва янги билимларни олиш истаги онасининг беш баҳо олиш бўйича талабларини қондиришга алмашибди. Зотан кимки хато қилишдан қўрқса, янги нарсани яхши ўзлаштира олмайди, гипотезаларни илгари суриб, уларни амалда синаб кўролмайди. Охир-оқибатда онанинг фақат «аъло баҳога ўқиш» талаблари қизчасининг ўзлаштириши пасайиб кетишига олиб келиб, педагогларнинг ишини анча қийинлаштирган ва ўқишдан олинадиган қувончни йўққа чиқарган.

Қизчанинг онасини мактаб директори ўз олдига чақириб олади. У қизчани ҳеч нарсада айбламасдан, онасидан юзага келган вазиятни қандай тўғирлаш мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўрайди. Директор бу борада ёрдам беришга ҳаракат қилади. Мактабдаги баҳолар ҳали муваффақият мезони эмаслигини тушунтиради. Она ва унинг қизини Психологик кўмак марказига маслаҳат олиш учун жўнатади. Натижада вазият аста-секин яхши томонга ўзгара бошлайди. Қизча яна қизиқиш билан яхши ўқий бошлайди. Бундан мамнун она энди мунтазам равишда мактаб билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Унинг ғайрат-шижоати ва ташкилотчилик қобилияти нуфузли кишилар, бизнесменлар, жумладан фарзандлари ҳеч қачон шу мактабда таълим олмаганларни ҳам жалб этган ҳолда васийлик кенгашини тузишга ёрдам берди.
***

Катталарнинг барчаси ўз фарзандларининг муваффақиятларидан доим хурсанд бўлишади. Шу ютуқлар учун улар жуда кўп нарсаларга қўл уришга қодирлар. Шундай экан, ҳар бир кичкинтой томонидан мактаб ҳаётида босилган илк қадамлар боланинг ўзи учун ҳам, унинг оила аъзолари учун ҳам қувончли ва дадил бўлишига ҳаракат қилайлик! Доно ва меҳрибон педагоглар, руҳшунослар ва ота-оналар ёрдамида бола бу қизиқарли янги дунёни тез ўзлаштириб олади. Шахсан сиз билан мактаб эса қобилиятли ўқувчиларингизнинг дўстлари ва ота-оналари тимсолида албатта кўплаб дўстлар ва иттифоқчиларга эга бўласиз.

Каримова Лаълихон Мақсудовна.

 


🔥3.1 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853