Японияни дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бирига айлантирган таълим тизимининг 10 хусусияти

Япониянинг дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бирига айланишига замин яратган ноёб кашфиётчилар ва етук мутахассисларнинг ниҳоятда кўплиги ўз навбатида мамлакатда йўлга қўйилган таълим тизимидан илдизланади. Шу муносабат билан AdMe унинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтишга қарор қилди.

Аввал хулқ-атвор, сўнг билим

Японияда мактаб ўқувчилари 10 ёшгача — 4-синфга қадар имтиҳон топширмайди, фақат кичик мустақил ишлар билан чекланилади, холос. Мамлакатда таълимнинг дастлабки уч йилида академик билимлар олиш у қадар муҳим ҳисобланмайди. Асосий урғу тарбияга қаратилади — болалар одамларни ва жониворларни ҳурмат қилишга, бағрикенгликка, раҳмдилликка, ҳақиқатпарварликка, ўзини назорат қила олишга ва табиатни асрашга ўргатилади.



Ўқув йилининг бошланиши 1-апрелга тўғри келади

Японияда йил боши энг гўзал табиат ҳодисаларидан бири — сакуранинг гуллашига тўғри келади. Академик йил уч триместрга бўлинади: 1-апрелдан 20-июлгача, 1-сентабрдан 26-декабргача, 7-январдан 25-мартгача. Шу тариқа, япон ўқувчилари ёзги таътилда олти ҳафта, қишда ва ёзда икки ҳафтадан дам олади.

Япония мактабларида фаррошлар йўқ, уларнинг ишини ўқувчилар бажаради

Ҳар бир синф кабинетлар, коридорлар ва ҳатто ҳожатхоналарни навбатма-навбат йиғиштиради. Бу билан болаларга эрта ёшдан жамоа бўлиб ишлаш ва бир-бирига ёрдам кўрсатиш ўргатилади. Бундан ташқари, йиғиштиришга кўп вақт ва куч сарфлаган ўқувчилар бундан кейин бинонинг ифлосланишига имкон қадар йўл қўймасликка уринади.

Мактабларда стандартлаштирилган нонушталар тайёрланади ва болалар биргаликда тановул қилади

Бошланғич ва ўрта мактабда болалар учун махсус нонушта тайёрланади, уларнинг менюси устида нафақат мактаб ошпазлари, балки тиббиёт ходимлари ҳам ишлайди. Овқат максимал даражада фойдали ва соғлом бўлишига эътибор қаратилади. Синфдошлар ўқитувчи билан биргаликда синфхонада нонушта қилади.

Қўшимча таълимга бўлган талаб юқори

Бошланғич синфлардаёқ болалар хусусий ва тайёргарлик мактабларига бора бошлайди, бу уларнинг яхши бошланғич ва ўрта мактабга киришини кафолатлайди. Бундай мактабларда машғулотлар кечки соатларда ўтказилади, шу боис Японияда соат 21:00 да жамоат транспорти қўшимча дарслардан сўнг уйга қайтаётган ёш болаларга тўла бўлиши одатий ҳолдир. Дарслар кунига 6–8 соат давом этиб, улар таътил ва ҳатто шанба-якшанба кунлари ҳам тўхтамайди.

Мактаб ўқувчиларига хаттотлик ва шеърият санъатлари ўргатилади

Япон хаттотлик санъати — шодонинг принсипи жуда оддий: бамбукли мўйқалам сиёҳга ботирилиб, гуручли қоғозда иероглифлар чизилади. Японияда шодо рассомчиликдан кам ардоқланмайди. Миллий шеърият жанри — хайку эса табиат ва инсон бирлигини қисқа шаклда ифодалайди. Бу дарслар мактаб ўқувчиларини ўз маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилишга ўргатади.

Барча мактаб ўқувчилари формада бўлиши шарт

Ўрта мактабдан бошлаб барча ўқувчилар формада юриши шарт. Кўп мактаблар ўз формасига эга, аммо одатда болалар ҳарбий услубда кийинади, қизлар эса матроскада юради. Бу қоида хулқ-атвор тарбиясининг бир қисми ҳисобланади, танланган либослар ҳам ишчи кайфиятни ҳосил қилади.

Мактабларда давомат 99,99 фоизни ташкил этади

Бирор марта мактабдаги машғулотларни ўтказиб юбормаган одамни эслашимиз қийин кечади, лекин Япония учун бу меъёрга айланган ҳолат. Бундан ташқари, япон ўқувчилари машғулотларга деярли ҳеч қачон кеч қолмайди. Мактаб ўқувчиларининг 91 фоизи ҳар доим ўқитувчига қулоқ солади.

Битта битирув имтиҳонининг натижалари ҳаммасини ҳал қилади

Юқори синфлар якунланганидан сўнг ўқувчилар битта тест топширади, унинг натижалари ким олийгоҳга кира олишини ҳал қилади. Битирувчи фақат битта олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга, унинг танлови келажакдаги маошини ва ҳаёт даражасини белгилаб беради. Рақобат анча кучли — битирувчиларнинг 76 фоизи мактабдан сўнг таълимни давом эттиради.

Университет йиллари ҳаётдаги энг яхши таътил сифатида эсда қолади

Узоқ йиллар тўхтовсиз машғулот ва тайёргарликдан сўнг муайян натижага эришган ёшлар таътил қилишни исташи табиий. Япония таълим тизимининг юқоридаги ўзига хосликлари туфайли бу палла университет йилларига тўғри келади. Шу боис университет таҳсили ҳар бир японнинг ҳаётидаги энг енгил ва беташвиш давр ҳисобланади. Ишга киришдан олдин олинган таътил мисоли, ахир японлар болаликдан ишга улкан масъулият ва муҳаббат билан ёндашишга ўргатилади.

манба



🔥5.7 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853