Қуёш энергетикаси ҳақида нима биласиз? (видео)

Бутун жаҳонда тикланадиган энергия манбаларига қизиқиш кундан-кунга ошиб бормоқда. Буларга биринчи навбатда қуёш, шамол ва биоэнергия манбаларини қайд этишимиз мумкин. Сўнгги йилларда мавжуд бўлган нефть, газ, кўмир ва атом энергияларига нисбатан альтернатив энергия манбаи ҳисобланган тикланадиган энергия манбалари рақобатдошлиги сезиларли ўсди. Бу ўсиш шу даражада ривожланиб борса яқин йилларда тикланадиган энергия манбалари энергия бозорининг асосий қисмини ташкил этади.

қуёш энергетикаси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф муҳит муҳофазаси ва тараққиёт халқаро комиссиясининг ҳисоботида “Келажак ривожланиши, равнақи шундай энергиялардан фойдаланиш формаси, яъни, атроф муҳит холатига зарар етказмайдиган, хавфсиз, тикланадиган, кафолатланган, доимий ўсиб, тикланиб борувчи ва фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган энергияларга боғлиқ бўлиб қолади”, дея қайд этилганлигини эътироф этиш жоиз деб ҳисоблаймиз.

Тикланадиган энергия манбаларидан бири қуёш энергияси ҳисобланиб, йилнинг асосий қисми очиқ ва иссиқ келиши туфайли Ўзбекистон куёш энергиясидан фойдаланишнинг барча иқтисодий йўналишлари бўйича афзалликларга эга.

Юқорида қайд этилганлардан ва ҳозирги иқтисодий шароитлардан келиб чиқиб бугунги кунда асосий энергия манбаи бўлган табиий ресурсларнинг вақти келиб тугашини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан давлат унитар корхонаси – «Эко-Энергия» илмий тадқиқот маркази ташкил этилган. 

Марказнинг асосий фаолияти қуйидагилардан иборат:

  • энергия ишлаб чиқариш жараёнида атроф муҳит ифлосланиши ва шу йўналишда қонуний, меъёрий, бошқарув ва дастур ҳужжатларини тайёрлаш;
  • атроф муҳитни муҳофазаси, табиий ресурсларни иқтисод қилиш, улардан самарали фойдаланиш, тикланадиган энергия манбаларини ўрганиш ва амалиётга тадбиқ қилиш йўлларини излаш;
  • тикланадиган ва экологик тоза энергия манбаларини тадқиқот қилиш ва уларни кенг кўламда амалиётга қўллаш;
  • тикланадиган энергия манбаларини қўллашда илғор тажрибаларни ўрганиш ва оптимал вариантларни қўллаш бўйича Эко-энергия технологияларини амалиётга тадбиқ қилиш сиёсатини юритиш;
  • қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича иқтисодий топшириқлар асосида маҳаллий ресурсларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш, қуриш ва ҳоказолар. 

Қуёш энергиясидан фойдаланиш тизимлари яратилишининг афзалликлари асосан электр ва бошқа энергия манбалари бўлмаган ҳудудларда тикланадиган энергия манбалари яратган ҳолда халқ хўжалиги ва аҳолининг энергия манбаларига бўлган талабларини қондиришдан иборат.

Ҳозирги кунда фойдаланиб келинаётган энергия манбалари асосан кўмир, нефть, табиий газ, сув ва бошқа табиий ресурслар ҳисобига олиниб, катта ҳаражатлар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари қазиб олинадиган қазилма бойликларнинг заҳиралари чегараланган бўлиб, унинг миқдори йилдан йилга камайиб боради. Энг ёмон томони табиий ресурслардан фойдаланиш жараёнида атроф муҳит ифлосланади ва катта миқдорда қайта ишланмайдиган чиқиндилар ҳосил бўлади. Шу сабабли тикланадиган энергиядан фойдаланишнинг афзалликларини айниқса қуёш, шамол, сув ва бошқа манбалардан олиш йўлларини ўрганиб чиқиш, уларни такомиллаштириш ва қулай оптимал вариантларини ҳаётга татбиқ қилиш шу куннинг талаби ҳисобланади.

Қуёш иссиқлик қозонлари фақат табиий газни ишлатишни 60 фоизгача камайтиради. Бу ускуналар асосан аҳоли, хусусий сектор ва бюджет ташкилотлари томонидан фойдаланиш мақсадларида ишлаб чиқарилиб кенг қўлланиладиган энергия манбаларига нисбатан 50-70 фоиз арзонга тушади.

Қуёш панелининг ишлаш тартиби

Аниқлик киритиш учун қуёш энергиясида ишлайдиган фотоэлектрик система – ФЭС 100/12 моделининг қисқача характеристикаси қуйидагича:

– иш тартиби – қуёш энергиясини тўғридан тўғри электр энергиясига айлантириш ва аккумулятор батареясида тўплаш, кейинчалик автоном истеъмолчи орқали электр ускуналари ва бошка электр қурилмаларида фойдаланиш;
– тўрттагача 11 вт.ли люминисенц лампалари, оқ-қора тасвирли 16 см.ли телевизор ва бошқа вариантларида рангли 25 см.ли телевизор, радиоприемник, магнитофон ва ультратовушли кир ювиш машиналаридан, махсус кичик кучланишда ишлайдиган насос агрегатларида ҳам фойдаланиш. Бундан ташқари қиш пайтларида ва йил давомида истеъмолчиларнинг иссиқ сувга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун бундай ускуналардан фойдаланилади. 

 

Ўзбекистонда қуёш энергетикасидан фойдаланиш

Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги кунда жойларда аҳоли кундалик эҳтиёжлари учун берилаётган электр таъминотидаги узилишлар ўз навбатида аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир қилади. Кўплаб тоғ ва тоғолди ҳамда олис ҳудудларда электр таъминоти яхши йўлга қўйилмаган ёки бутунлай мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг бевосита амалий ёрдами билан қуёш энергиясидан фойдаланишнинг афзалликларини омма ўртасида тадбиқ қилиниши оқибатида Жарқўрғон тумани «Оқтепа» табиат боғи маъмурий биносига 2 комплект қуёш энергиясидан электроэнергия ишлаб чиқарувчи ҳамда ишлаб чиқариш зарурияти учун зарур бўладиган сув иситиш тизими яратиш мақсадида ускуналар ўрнатилди. Яна Сурхондарё вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси маъмурий биносига, Шеробод тумани Сайид Қулфиддин фермер хўжалиги, Термиз тумани 1-сонли шифохонаси, Қумқўрғон тумани Хўжамулки қишлоқ врачлик пунктларига замонавий қуёш фотоэлектр станциялари (қуёш батареялари) ўрнатилди ва ҳозирги кунда бу батареялардан истеъмол учун электр энергияси олинмоқда. 

2016 йилнинг бошида Бухоро вилоятида «ERIELL» ва «ENESOL» компаниялар билан хамкорликда МДҲ давлатларида ичида ягона бўлган, қуввати 1,2 мВт бўлган мобил автоном қуёш электростанцияси фойдаланишга топширилди. Уни қурилиш жараёнини ушбу видеода кўришингиз мумкин:

Биз учун арзон табиий ресурслардан умуман фойдаланилмайдиган энергия манбаи бўлган қуёш, шамол, сув энергиясига етарли аҳамият бермаймиз. 😉

 

 

Экологик тоза атроф муҳит ҳолатига таъсир этмайдиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантиришимиз талаб этилади.



🔥5.4 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853