Ушбу саҳифада она тили ва ўқиш саводхонлиги фанидан баҳолашдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот олишингиз мумкин.
1. Ушбу фаннинг 1- ҳамда 2-синфидан уйга вазифалар олиб ташлангани боис уй вазифаларини баҳолаш бекор бўлмоқда.
Тушунтириш: уйга вазифаларнинг олиб ташланишига биринчи сабаб уларнинг амалда самарасиз топшириққа айлангани бўлса, иккинчидан дарслардан чарчаб борган қуйи синф ўқувчилари уйда кўпроқ дам олишлари лозим деб қаралмоқда. Самарасиз топшириқ деганда ўқувчи бажариб келган уйга вазифалар йўл-йўлакай текширилаётгани ёки деярли текширилмаётгани, ўқувчи хато ва ютуқларини етарли англаб олиши учун вақтнинг етишмаслиги назарда тутилган.
2. Чораклик баҳоларни кундалик олинган баҳоларга қараб қўйиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Тушунтириш: энди кундалик йиғилган баҳолар чораклик баҳога таъсир қилмайди. Чунки кундалик баҳо ривожлантирувчи аҳамиятга эга, чораклик баҳо эса эришилган маррани текшириш учун хизмат қилади. Бу икки баҳолашни ўзаро қориштириш сифатга таъсир қилади.
3. Йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Тушунтириш: йил охирида ўқитувчи ўқувчилар учун қўйилган минимал талабга жавоб бера олишини текшириш учун имтиҳон ўтказиши лозим. Чунки ҳар чоракдаги баҳо бу минимал талабни бажара олиши ёки олмаслигини яққол кўрсатиб бера олмайди.
4. Баҳога жазо ёки рағбат қуроли эмас, ривожлантириш воситаси сифатида қараш кераклиги тавсия этилмоқда. Болаларни баҳо билан қўрқитишни бас қилиш, уларга имкон қадар паст баҳо қўймаслик, токи топшириқни яхши баҳога бажариб келмагунча баҳоламай туриш ТAВСИЯ этилмоқда.
5. Ўқувчига қўйилган ҳар бир баҳога изоҳ-мулоҳаза бериш талаб этилмоқда (изоҳ мулоҳазаларнинг турлари ва намунаси видеода бор).
Тушунтириш: ўқувчи олган баҳосининг адолатли эканига ишонч ҳосил қилмас экан таълимга нисбатан мотивацияси сўниб бораверади. Буни исботлашининг энг яхши усули самарали етказилган изоҳ мулоҳазадир. Ўқувчи изоҳ-мулоҳаза орқали камчилик ва ютуқларини яққол кўра олади. Кейинчалик қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида хулосалар чиқариб олади.
6. Ўқитувчи баҳони ўқувчи синф битирувчиси учун қўйилган малака талабни қанчалик яхши бажараётганига қараб қўйиши амалиёти жорий қилинмоқда.
Тушунтириш: Миллий ўқув дастурида малака талаблари қисми мавжуд. Бу малака талаблари ўқитувчи китобида ҳам акс этган. Ўқувчилар ана шу малака талабларига жавоб бера олиши керак. Ўқитувчи эндиликда шуни баҳолайди. Яъни ўқувчининг қоидани билиши эмас, ўша қоидадан хулоса чиқариб амалда қанчалик тўғри фойдаланиши инобатга олинади.
Вы должны авторизоваться чтобы опубликовать комментарий.