Мактабларимизнинг 3 мингдан ортиғи таъмирталаб — Шерзод Шерматов

Ўзбекистон мактабларида ўринлар сони ўқувчилар сонидан 1 миллионтага кам. 2025 йилгача бу фарқ 2 миллионга чиқиши мумкин. Мактабларнинг 70 фоизида ўқиш 2 сменада ташкил этилган.


shermatov_sherzod_xotamovich

 

Мактаблар таъмири учун 37 триллион сўмга яқин маблағ зарур. ХТВ инвестиция дастурининг йиллик қиймати эса йилига 2 трлн сўм атрофида. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳукумат соатида шу ҳақда сўз юритди.

 

«Нега 70 фоиз мактаблар икки сменада ишлайди, деган савол кўп берилади. Албатта, бунинг сабаблари бир нечта.

Биринчидан, cобиқ иттифоқ мамлакатлари аҳолисининг ўсиш динамикасини солиштирсак, энг кўп аҳоли ўсиши Ўзбекистонга тўғри келади. Табиийки, аҳоли сони ўсиши мактаблар кўпайишига олиб келиши керак.

Масалан, Россия ё Украинада сўнгги 30 йилда аҳоли сони камайган, бу мамлакатларда СССР даврида қурилган инфратузилма ҳам етарли бўлиши мумкин.

Иккинчидан, 9 йиллик таълимга ўтилганда асосий эътибор лицей-коллежларга қаратилган эди. 2010-2017 йилларда 1,5 мингдан ортиқ лицей-коллеж қурилган. Мактабларга етарлича эътибор берилмади.

11 йиллик таълимга қайтилгач, 400га яқин лицей-коллеж мактабга айлантирилди. Ҳаммасиям қайтарилмаслигига сабаб – баъзилари мактаб учун қулай жойда жойлашмаган, қолаверса, айримларида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилди.

Қолаверса, 10 йил давомида жуда кўп мактаб бинолари бошқа идораларга фойдаланишга бериб юборилган.

1991 йилда ўқувчилар сони мактаблар қувватига нисбатан кам бўлган. Ҳозирги кунда эса ўқувчилар сони мактаблар қувватига нисбатан 1 миллионга кўп. Шу сабабли ҳам мактабларнинг аксарияти икки сменада ишлайди. Ҳаммасини бир сменали қилиш учун жуда катта ресурс талаб қилинади.

Бу ҳозирги бўлаётган муҳокама ўз вақтида бўляпти, негаки келгуси йилларга прогнозларимизга кўра, орадаги фарқ катталашиб бораверади. Ўқувчи ўрни ва ўқувчи сони ўртасидаги фарқ 2025 йилга келиб 2 миллионга чиқиши мумкин. Бу дегани мактаблар сиғими борасида қийин аҳволга тушиб қолишимиз мумкин.

Шу билан бирга, 2018-2020 йилларда инвестиция дастурлари боис ўзгаришлар бўлди. Бу даврда мактаблар учун ажратилган маблағларни 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирсак, исталган ҳудудда 3-4 баравар ошганини кўрамиз. Чунки инвестициядан ташқари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида, шунингдек ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджетдан, ҳомийлар томонидан ўзи ўқиган мактаблар таъмирланди.

2021 йилда 712та мактабда, шундан 351таси инвестиция, 361таси «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури доирасида таъмирлаш олиб борилади. Бундан ташқари, президентимизнинг ҳудудлардаги ташрифлари пайтида яна 132та мактаб инвестиция дастурига киритилди.

Аммо барибир, аҳолининг ўсиши ва йиллар давомида йиғилган муаммолар ҳисобига 3 мингдан ошиқ таъмирталаб мактаб бор. Агар уларнинг ёнига спорт зали, ошхонаси, мактаб атрофини ўраш ва бошқаларни қўшсак, бу муаммоларни ҳал қилиш учун тахминан 36,7 трлн сўм маблағ талаб этилади. Лекин бизнинг инвестиция дастуримизда бир йилда 2 трлн атрофида маблағ бўлади.

Шунинг учун ҳам ҳурматли депутатларимиз сўров юборганда, биз: «Маблағ етишмайди, бюджетни тасдиқлаш жараёнида бизга ёрдам беринглар», деганимиз муаммо учун масъулиятни зиммамиздан соқит қилиш эмас. Муаммо ҳақиқатан ҳам йиғилиб қолган, мақсад – шу муаммони биргаликда ҳал қилиш», – таъкидлади халқ таълими вазири.

Шерзод Шерматов янги мактаблар бўйича статистикани ҳам келтириб ўтди.

«Биздаги маълумотларга кўра, 2018-2020 йилларда 223 та ҳудудда 57 мингдан ортиқ хонадон қурилган. Шу даврда янги қурилган мактаблар сони эса 56 та. Янги турар жой массивларида 158 та янги мактабга эҳтиёж бор», – деди у.

Вазир ўз сўзида депутатларга мурожаат қиларкан, давлат бюджетини тасдиқлашда мактабларни қуриш-таъмирлаш учун ажратиладиган маблағ миқдорини ошириш борасида ёрдам сўради.


Шерматовга кўра, ҳозирда аввал мактаб бўлган биноларни халқ таълими тизимига қайтариш бўйича ишлар олиб бориляпти.

«Лекин ҳаммаси ҳам бўлмаяпти. Тошкентнинг ўзида 16 та шундай бино рўйхатини туздик, лекин қайсидир вазирлик-идора тизимига ўтиб кетган, уни қайтариб олиш осон бўлаётгани йўқ», – деди ХТВ раҳбари.

Шерзод Шерматов мактабларни қуриш-таъмирлашга ҳомийларни жалб этиш чоралари кўрилаётганини ҳам қайд этди.

манба

🔥714 марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853