Юлдузлар ҳақида нима биласиз? (видео) | «Умид» ИДУМ

Юлдузлар ҳақида нима биласиз? (видео)

Ушбу мақолада сиз юлдузлар ҳақида билиб оласиз. Масалан: Юлдузлар қандай пайдо бўлган? Нега юлдузлар ёруғлик чиқаради? энг ёрқин юлдуз қайси? Юлдузлар кундузи қаерга йўқолади? Осмонда нечта юлдуз бор? Юлдузларгача бўлган масофа узоқми?

Нега юлдузлар ўзидан ёруғлик чиқаради?

 

Юлдузлар, нурини ўзида акс эттирадиган ва шу туфайлигина ёруғ бўлиб кўринадиган сайёралар ва уларнинг йўлдошларидан фарқли ўлароқ, ўзидан нур тарқатадиган катта газ шарларидир. Масалан, Ой шуъласи Қуёш нурининг аксидан бошқа нарса эмас. Яна бир фарқ шундаки, бизга юлдузлар милтиллаётганга ўхшаб кўринади, аммо сайёралар ёруғлиги милтилламайди. Юлдузлар милтиллашига сабаб булган нарса Ер атмосферасида турли моддаларнинг мавжудлигидир.

Қуёш ҳам, унчалик катта ёки ёрқин бўлмасада, юлдуздир. Бошқа юлдузлар билан таққослаганда, у ўртача катталикдадир. Миллионлаб юлдузлар Қуёшдан кичик бўлиши баробарида яна шунчаси ундан анча каттадир. Шундай юлдузлар ҳам борки, улар Қуёш ўрнида бўлганида Ер, Марс, ҳатто, Юпитер орбитасини ҳам ўз ичига қамраб олиши мумкин эди. Аммо улар биздан жуда олисда жойлашгани учун кўзимизга кичик бир нуқта бўлиб куринади.

Қадимги юнон мунажжимлари замонидан бери юлдузлар катталигига қараб, бир неча гуруҳларга бўлинади. «Катталик» деганда, юлдузларнинг катта-кичиклиги эмас, аксинча, уларнинг ёрқинлиги кўзда тутилади. Бундан ташқари, юлдузлар ўз спектрларига кўра ҳам, бошқача айтганда, ўз ёруғлик тулқинлари узунлиги билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Мунажжимлар у ёки бу юлдузнинг спектрини ўрганаётганда, ўша юлдузнинг ўзига хос хусусияти, температураси ва ҳатто кимёвий таркиби тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар йиғишади.

Осмонда нечта юлдуз бор?

 

Бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмаса керак. Ердаги энг кучли телескоплар билан ҳам юлдузларнинг барчасини кўриш мумкин эмас. Барчамизнинг уйимиз бўлмиш Ер (юлдуз ҳам эмас!), бор-йўғи, кичик бир сайёра бўлиб, у ўртача катталикдаги юлдуз — Қуёш атрофида айланади. Қуеш эса ўз навбатида Сомон Йўлидаги кичик бир юлдуздан бошқа нарса эмас. Бизнинг галактикамизда бундай миллион-миллион юлдузлар бор. Бундан ташқари, Сомон Йўлининг ўзи Коинотдаги минг-минглаб галактикалардан биридир… Минг-минглаб галактикалардан биттаси бўлган бизнинг галактикамиз ҳам шу даражада бепоёнки, жуда катта тезликка эга бўлган ёруғлик унинг бир чеккасидан иккинчи бир чеккасига этиб боргунча минг йиллар вақт ўтади. Шундай экан, биз осмондаги юлдузлар сонини ҳеч қачон аниқ ҳисоблаб чиқа олмаймиз. Лекин саволга қуйидагича жавоб бериш ҳам мумкин: юлдузлар сони шу даражада кўпки, уларнинг миқдорини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Юлдузлар қандай пайдо бўлган?

 

Аввало, юлдузларнинг ўзи нима? Юлдуз чўғ бўлиб қизиган газлардан иборат катта шардир. Юлдузлар таркибида катта миқдордаги водород бор ва у асосий энергия манбаидир. Юлдузлар таркибида, шунингдек, гелий, азот, кислород, темир, никел ва рух каби бошқа кимёвий элементлар ҳам бор. Юлдузларнинг барча элементлари газсимон ҳолатдадир.

Юлдузлар чанг ва газларнинг коинот бўйлаб ҳаракат қилаётган зич булутларидан ҳосил бўлади. Ўша булутнинг ичидаги беҳисоб газсимон зарралар бир ерга тўплана бориши натижасида юлдуз ҳосил бўлади. Айланаётган зарралар ўзига бошқаларини ҳам бирлаштириб олади, у аста-секин катталаша боради ва тортиш кучи ҳам ўсади. Зарралар катта газ шарини ташкил қилади.

Шар катталашгани сайин зичлашади ва унинг ичидаги босим орта боради. Ниҳоят, босим шундай бир даражага етиб, газнинг температураси кўтарилади ва ўзидан ёруғлик чиқара бошлайди. Шарнинг ичидаги босим ва температура жуда юқори даражага етгандан сўнг термоядро реакциялари юз бера бошлайди. Газлар юлдузларга айланади. Бунинг учун қанча вақт керак бўлади? Миллионлаб йиллар керак бўлса ажаб эмас.

Агар юлдуз ҳосил бўлиши учун катта миқдордаги модда бир жойга йиғилса, ўша юлдуз катта, ёрқин ва иссиқ бўлади. Агар у иссиқ юлдуз бўлса, унинг термоядро ёнилғиси 100 000 000 йил ёруғлик чиқаришига етади. Агар юлдуз оз миқдордаги моддадан ҳосил бўлса, у кичик, хира ва совуқ бўлади. Унинг ёнилғиси жуда секинлик билан ёна боради ва у миллиардлаб йиллар ёруғлик таратиши мумкин. Бизнинг Қуёш ўртача катталикдаги юлдуздир. У Ерга нисбатан 1 300 000 марта каттадир.

Юлдузларнинг ёрқинлиги қандай фарқланади?

 

Осмонга боққанимизда, биз юлдузларни бир-биридан унчалик фарқлай олмаймиз. Фақат айримлари каттароқ ва бошқаларига нисбатан ёрқинроқ кўринади, холос. Аслида эса улар бир-биридан кескин фарқ қилади, улар ўртасидаги тафовут ниҳоятда каттадир.
Агар юлдузларни спектрларига кўра гуруҳларга ажратадиган бўлсак, кўкдан тортиб қизилгача бўлган юлдузлар қатори вужудга келади.

Кўк юлдузлар энг иссиқ ва ёрқиндир. Улар юзасидаги температура Цельсий шкаласи буйича 400 000 даражани ташкил этади. Қуёш юзасидаги температура эса Цельсий шкаласи бўйича, тахминан, 6000 даражадир. энг совуқ юлдузлар қизил тусда бўлади. Уларнинг температураси — Селсий шкаласи бўйича 2500 даража атрофида, уларнинг ёруғлиги кўк, оқ ёки сариқ юлдузларники сингари ёрқин эмас. Шунингдек, кўплаб бутунлай ўзига хос юлдузлар ҳам бор: улар сирасига қора ўпқон деб аталмиш нейрон юлдузларни ва ҳокозолар киритиш мумкин. Қора ўпқонлар мутлақо ўзидан ёруғлик чиқармайди.

Юлдузларни ёрқинлигига қараб бир-биридан ажратиш учун қадимги юнон олими Гиппарх муомалага киритган юлдуз катталиги деган тушунча бор. Айнан ёрқин нур таратувчи юлдузлар бир хил катталикка мансубдир. Биринчи катталикдаги юлдузлар энг ёрқин юлдузлар ҳисобланади. Улар иккинчи катталикдаги юлдузлардан 2,5 баробар, иккинчи катталикдаги юлдузлар эса учинчи катталикдаги юлдузлардан 2,5 баробар ёрқинроқдир ва ҳокозолар. Оддий кўз билан 1—6 катталикдаги юлдузларни кўриш мумкин, лекин уларнинг миқдори юлдузларнинг жами миқдори билан таққослаганда, жуда оздир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, юлдуз катталиги ёки кўз илғайдиган юлдуз катталиги уларнинг ёрқинлигини ҳам, ҳақиқий ўлчамларини ҳам билдирмайди, аксинча, уларни Бирдан кузатаётган одам кўз ўнгидаги ёрқинликни англатади, холос.

Энг ёрқин юлдуз қайси?

 

Бирор марта осмондан энг ёрқин юлдузни топишга уриниб кўрганмисиз? Осмондаги юлдузлар кўзингизга сон-саноқсиздай кўринган бўлса ажаб эмас. Лекин телескопсиз 6000 га яқин юлдузни кўриш мумкин, улардан 1500 таси Жанубий ярим шар устида бўлиб, Шимолий ярим шардан кўринмайди.

Бундан 2000 йил олдиноқ юнон мунажжимлари юлдузларни ёрқинлигига қараб катталикка ва синфларга ажратишган. Телескоп пайдо бўлишидан олдин юлдузларнинг олти катталиги ёки синфи мавжуд эди. Биринчи катталикдаги юлдузлар энг ёрқинлари, олтинчи катталикдагилари эса энг хиралари эди. Олтинчи катталикдаги юлдузлардан кичикларини телескопсиз кўриб бўлмайди. Бугунги кунда замонавий телескоплар 21-катталикдаги юлдузни ҳам суратга олиш имконини беради.

Бир катталикдаги юлдузнинг ёрқинлиги ундан олдинги катталикдаги юлдуз ёрқинлигидан 2,5 баробар камдир. Биринчи катталикдаги юлдузлар сони 22 тадир, улардан энг ёрқини Сириус бўлиб, у 1,5 катталикка эга. Ушбу юлдуз оддий кўз билан кўриш мумкин бўлган энг кичик юлдуздан 1000 мартадан ошиқроқ даражада ёрқиндир.
Юлдузларнинг катталиги ёки синфи қанчалик паст бўлгани сари уларнинг миқдори шунчалик кўпдир. Агар биринчи катталикдаги юлдузлар сони, бор-йўғи, 22 та бўлса, 20-катталикдаги юлдузлар сони миллиардга яқин.

Юлдузлар кундузи қаерга ғойиб бўлади?

 

Юлдузлар на кечаси, на кундузи ҳеч қаерга ғойиб бўлмайди. Қуёш нури юлдузларникидан бир неча баробар кучли бўлгани учун ҳам на Ой ва на юлдузларни биз кундузи кўра олмаймиз. Қуёшнинг бизга яқинлиги юлдузларни кундузи илғашимизга имкон бермайди. Осмонни Қуёш ботаетганда кузатиш жуда мароқли: қани, қайси юлдуз биринчи бўлиб пайдо бўлар экан? Тун қоронғисидаги энг ёрқин юлдузлар айнан Қуёш ботгандан сўнг илк пайдо бўлганлари эканини илғаб олиш қийин эмас.

Юлдузгача бўлган масофа узоқми?

 

Коинотда шундай юлдузлар борки ва улар биздан шу қадар олисда жойлашганки, уларгача бўлган масофани аниқлашнинг ҳам, уларни санаб саноғига етишнинг ҳам имкони йўқ. энг яқин юлдуз Ердан қанчалик узоқда жойлашган?
Ердан Қуёшгача бўлган масофа 150 000 000 километрдир. Ёруғлик секундига 300 000 километр тезлик билан ҳаракатланишини ҳисобга олсак, у Қуёш билан Ер ўртасидаги масофани босиб ўтиши учун 8 минут керак бўлади.

Бизга энг яқин юлдузлар Сентавбр Проксимаси ва Сентавр Алфасидир. Улар билан Ер ўртасидаги масофа Ер билан Қуёш ўртасидаги масофадан 270 000 марта узундир, яъни Ердан бу юлдузларгача бўлган масофа 150 000 000 километрлик масофадан 270 000 марта узундир!

Юлдузларгача бўлган масофа ниҳоятда олис бўлгани туфайли уни ўлчаш учун махсус бирлик ишлаб чиқишга тўғри келган. Бу бирлик ёруғлик йили деб аталади. Бу ёруғлик бир йилда босиб ўтадиган масофага тенгдир, яъни тахминан 10 триллион километрни (10 000 000 000 000 км) ташкил этади. энг яқин юлдузгача бўлган масофа бу кўрсаткичдан 4,5 марта кўпдир. Осмондаги юлдузлардан 6000 тасини оддий кўз билан, телескоп ёрдамисиз кузатиш мумкин.

манба

🔥389 марта кўрилди

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*