Баҳор ҳақида шеърлар

Ўлкамизга фасллар келинчаги баҳор нафаси кириб келди. Барча инсонларни қалбини ҳурсандчилик билан тўлдирди. Баҳор фаслида ҳамма инсонлар шоду-хуррам бўлиб табият гўзлигида баҳра олишади. Баҳорда дарахтлар куртак очиб гулайди. Баҳор фаслларнинг ичида янгиланиш, янги даврнинг бошланиши табиатнинг яна бир янги саҳифа очилиши билан ажралиб туради.

Баҳор фасли инсонларни эзгу ишлар қилишликга меҳр-муҳаббат улашишликга ошно этади. Баҳор фасли кириши билан қиру-адир кўмкўк тусга киради. Ҳамма жойда гулларни ҳиди тутиб кетади. Бободеҳқонлар ҳам боғ яратишга киришадилар. Баҳор келганини қушларнинг сайрашидан, ҳид таратиб турган гулларга капалаклару асаларилар қўнишидан, баҳор ҳавоси уфуришидан сезиш мумкин. Яна қуёшнинг нури музни эритишидан, адирларнинг лолалар очилишидан билиш мумкин. Ушбу саҳифада баҳор фасли ҳақида шеърлар билан танишишингиз мумкин.

Бугун тунда келармиш баҳор…

Деразангдан мўралаб аста,
Гул юзингдан бўлиб шикаста,
Узун қишга силтаб қўлини,
Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,
Тўққиз ойки, елармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

🌿🌹🌿🌹🌿

Қору музни сувга ғарқ қилиб,
Изғиринни буткул тарк қилиб,
Эшитгандек менинг ноламни,
Гулдастага ўраб оламни –
Тушда бошинг силармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

🌿🌹🌿🌹🌿

Гўзалликни элтиб жаҳонга,
Сано айтиб ҳар ўтган онга,
Жамолингга бўлиб маҳлиё,
Истарангдан олганча зиё-
Бизга иқбол тилармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

🌿🌹🌿🌹🌿

Унутилар ҳазонрез кузак,
Табассуминг юзингга безак.
Меҳрларинг менга оғдириб,
Ёмғирларин ерга ёғдириб,
Сувларини элармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

🌿🌹🌿🌹🌿

Ҳиссиётга тўлдириб дилни,
Кенгайтириб кичик кўнгилни,
Дуоларга ижобат етиб,
Табиатни чаманзор этиб,
Бахтимиздек кулармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…

Сен баҳорни соғинмадингми

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

🌺🌺🌺

Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

🌺🌺🌺

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Кўкламойим (Муҳаммадюсуф шеъри)

Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим:
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнида сени қўмсаб ўкиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Кўнглимга кўк бинафшалар сочилсин,
Кокилига толпопукдан соч илсин,
Бойчечакка борар йўллар очилсин –
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Фасл боши, ҳам охири ўзингсан,
Мажнунларнинг йўлдоши ҳам ўзингсан.
Лайлиларнинг сирдоши ҳам ўзингсан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Кел-да энди соғинтирмай одамни,
Сен йўғингда бир ғам босди елкамни,
Қорлар кураб кўмиб келдим отамни…
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Кўкинг билан кийинтирай даламни,
Оёқяланг суюнтирай боламни,
Ўзинг олгин кўксимдаги аламни,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Гинам йўқдир кузда кетган оққушдан,
Ийманмасин қайта эшик қоқишдан.
Қумри билан бирга чиқдик биз қишдан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Жон устида асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб-тўйиб кўзга сурай кўкни мен.
Яна сенга етаманми-йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.

🌺🍃🌺🍃🌺

Дил яйрасин дала-даштинг ясаниб,
Ялпизларинг сув бўйига ястаниб.
Икки мисра байт битай бир мақтаниб,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим!..

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*