Ҳозирда ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари бағрида минглаб болалар дам олмоқдалар. Аслида оромгоҳлар дам олиш масканлари вазифасини ўтаса ҳам, у ерда ўтказиладиган ва олиб бориладиган ҳар бир иш бола дунёқарашини бойитиш, ижодий қобилиятини шакллантириш, унинг ҳар томонлама маънавий камол топишига ёрдам берувчи асосий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилиши керак.
Бунинг учун эса оромгоҳда фаолият кўрсатаётган барча тарбиячи ва етакчилар ёз давомида ўз маҳоратларини тўла намоён этиб, бола шахсига яқиндан ёндошишлари, ундаги инсонийлик ва ижобий хислатларни шакллантиришга туртки бўлувчи қизиқарли ишлар мажмуасини ташкил этишлари лозим. Албатта, бу ўринда оромгоҳ бошлиғи зиммасига катта масъулият юклатилади. Чунки у ўзига берилган ҳуқуқ доирасида оромгоҳ иш фаолиятига оид масалаларни тўлалигича ҳал этади.Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини сермазмун ва қизиқарли ўтказиш учун жойларда алоҳида тайёргарлик кўриш керак. Тадбирлар режасини тузишда вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари масъул ходимлари, мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог-ходимлари, мактаб директорининг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари, синф раҳбарлари, болалар етакчилари, фан тўгараги раҳбарлари, маҳалла, ота-оналар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ, «Камалак» болалар ташкилоти аъзолари яқиндан кўмаклашиб, ҳамкорликда иш олиб борсалар ўқувчиларнинг таътил кунлари ниҳоятда сермазмун ўтади.
Таътил болаларнинг мириқиб дам олишлари, турли туман тадбирларда иштирок этиб, ижодий ва ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантиришга кенг имкон берувчи давр. Оромгоҳда ёш авлодни миллий истиқлол ғоялари асосида тарбиялашда ватанпарварлик, дўстлик, тенглик, адолат, ҳамкорлик каби болаларни бирлаштирувчи бунёдкор ғояларга йўғрилган таълим-тарбия жараёни, яратувчилик муҳитини шакллантиришда ҳам асос ҳисобланади. Комил инсонни тарбиялаш масканларидан бири сифатида оромгоҳларда болалар ва ўсмирлар мустақил равишда бадиий-эстетик, адабий, жисмоний тарбия ва бошқа қизиқишларга оид воситалар ёрдамида миллий урф-одатлар, анъаналар руҳидаги оммавий тадбирлар тизимини шакллантиришга шароит яратиш лозим.
Болалар ва ўсмирларнинг ёзги соғломлаштириш даври муайян аниқ белгиланган муддат ва шароитда ўтказилиб, таълим тизимининг бир қисми бўлмоғи ва маънавий-маърифий тарбия изчиллигини таъминлаши лозим.
Шу мақсадда барча оромгоҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун олиб борилаётган ишлар мазмунини қуйидаги босқичларга белгилаш мумкин:
1 – босқич: Маънавий-маърифий ишлар;
2- босқич: Эстетик завқ бағишловчи тадбирлар;
3 – босқич: Кутубхона фаолияти;
4 – босқич: Меҳнат кўникмаларини сингдириш ва касбга йўналтириш;
Мазкур босқичларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда оромгоҳларда ташкил этиладиган тадбирлар мазмунига Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 20 йиллик муборак тўйи танталарини руҳи жо бўлиши, мустақиллик даврида эришилган ютуқларни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этиш, сценарийлар яратиш, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг ижтимоий-сиёсий, маънавий аҳамиятини, мазмун-моҳиятини очиб берувчи давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари, викториналар ташкил этиш лозим.
Тадбирлар тизими, турли мавзулардаги китоблар билан бойитилган кутубхона, баҳс-мунозаралар, қувноқлар ва зукколар мусобақаларида, спорт ўйинлари, тўгараклар, саёҳатлар ҳамда бошқа қизиқарли машғулотлар, оромгоҳ рамзлари, гуруҳлар шиорлари каби хилма-хил шакл ва услублар болаларда ёрқин таассурот қолдиради.
Шунингдек; эстетик тарбия тушунчасини шакллантиришда болалар ва ўсмирларнинг ёшлари, мойилликлари, қизиқишлари ва қобилиятларини алоҳида эътиборга олиб, миллий мусиқа маданияти, тасвирий санъати, халқ ҳунармандчилиги, жаҳон маданияти ва санъати дурдоналарини тўгарак машғулотларида ўрганиш ҳамда тадбирларда кенг қўллаш мақсадга мувофиқ.
Ватанпарвар ва байналминал инсон тарбиясини амалга оширишда оромгоҳда етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлишини назарда тутиб, сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишларида яратилган тўгарак, клублар, болалар тузилмалари орқали амалга оширилади. Шунингдек, турли миллатга тегишли дам олувчи болаларлардан иборат янги дўстлар орттириш, тил ўрганиш, дўстлик клублари ташкил этиш имкониятларини беради.
Меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда болаларда жисмоний ва ақлий меҳнатга бирдай ҳурмат уйғотиш, уларда меҳнатсеварлик ва яратувчанлик ҳислатларини шакллантириш борасида назарий машғулотлардан ташқари оромгоҳ ҳудудини ободонлаштириш ва бошқа амалий ишлар орқали тарбиявий муҳит яратиш мумкин.
Экологик тарбияни шакллантириш ва ўстиришда атроф-муҳитга, меҳр-муҳаббат муносабатларини шакллантириш, болаларнинг табиат қонунларини кузатиш, табиат ҳодисаларини таҳлил этиши, экологик муаммоларни амалиётда ўрганиш ва муҳокама этишлари, бевосита тажриба ўтказишлари мумкин.
Оромгоҳларда ҳуқуқий – аҳлоқий тарбияни шакллантириш давлат қонунларини, жамоани ва кўпчиликни ҳурмат қилиш, болаларнинг ўз-ўзини бошқариш тамойиллари орқали юзага келади. Шунингдек, болаларнинг ёш ва ақлий жиҳатларидан келиб чиқиб, қизиқарли ҳуқуқий баҳс-мунозаралар ўтказиш мумкин. Оромгоҳ тартиб – қоидаларига амал қилиш, одоб-ахлоқ меъёрларини бажариш ва юксак интизом ҳам ҳуқуқий тарбиянинг бошланишидир.
Оромгоҳларда иқтисодий, жисмоний, касбий тарбия йўналишлари борки, тарбиячи ва етакчиларнинг ижоркорлиги, ташаббускорлиги ва топқирлиги орқалигина ажойиб натижаларга эришиш мумкин. Айниқса, иқтидорли ва истеoдодли болалар билан ишлашда уларнинг мавжуд имкониятларини намоён этишларига шароит яратиб бериш ва улар намунасида бошқа тенгдошларининг имкониятларини ҳам кашф этиш мумкин. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида фақат соғломлаштиришгина эмас, балки, таълим-тарбия вазифалари ҳам амалга оширилади. Оромгоҳларда оммавий спорт мусобақалари қатори махсус машғулотлар ҳам ўтказиш зарур. Бунда болаларнинг ёш, билим даражалари, саломатликлари ва жисмоний имкониятларини ҳисобга олиш муҳимдир. Спорт машғулотлари шаклларига: гигиена гимнастикаси, чиниқтириш, саломатлик дақиқалари (соати), ҳаракат учун танаффус, сайр қилиш, айрим гуруҳлар учун жисмоний тарбия соати, спорт тўгараклари, саломатлик ва спорт кунлари, жисмоний тарбия байрамлари, спорт турлари бўйича секциялар, оромгоҳда спорт байрамлари киради.
Оромгоҳларда «Болалар ташкилоти» фаолиятини ташкил этишда ёш жиҳатларидан келиб чиқиб, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун “Камалак” болалар ташкилотини тузиш ва бу тизим асосида уларнинг ўз-ўзини бошқариш тизимини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Болалар ташкилотининг асосий вазифаси – ёшларни бирлаштириш, соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборат. Болалар ташкилотининг сардорлари ёрдамида гуруҳларнинг бошқариш тизими юзага келтирилади. Бу эса болаларнинг жамоа сифатида бир мақсад учун мустақил бирлашувларини шакллантиради.
Болалар ташкилоти болаларнининг ташаббускорлик, ижодкорлик, тадбиркорлик, бирлик, мустақиллик каби қатор фазилатларини уйғотишга хизмат қилади. Бу келажакка босилган биринчи қадамдир. Айниқса, етакчи ва гуруҳ сардорларининг интилувчанлиги, ташаббускорлиги ҳамда бошловчилик қобилияти муҳим аҳамиятга эга.
“Олтин мерос” йўналишида болалар аждодларимиз мероси, тарихий ва меъморий обидалар билан яқиндан танишадилар.
“Экосан” йўналишида болалар Ўзбекистон табиатини ва алоҳида муҳофаза қилинувчи миллий боғлар, қўриқхоналар, табиат бойликлари, сирлари ва ёдгорликларини ўрганадилар.
“Иқтисодиёт” йўналишида болаларни бозор муносабатлари, унинг тузилиши, ўзаро иқтисодий муносабатлар ҳақидаги тушунчалар билан таништирилиб, уларга тадбиркорлик, ишбилармонлик, бизнес ҳақида тушунчаларни ўрганадилар.
“Соғлом авлод” йўналишида болалар жамоа ва гуруҳлари ўртасида теннис, футбол, миллий кураш, волейбол, қўл тўпи каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади, машҳур спортчилар ҳақида суҳбатлар ташкил этилади, учрашувлар уюштирилади. “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари тарғибот-ташвиқот этилади.
“Нафосат” йўналишида болалар ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти, санoати, мусиқа, тасвирий санoат тарихи, театр ва кино ижодкорлари ҳаёти ва ижод намуналари билан танишадилар.
“Умид” йўналишида кашфиётчилик, лойиҳалаштириш ишларини олиб бораётган истеoдодли болалар қўллаб-қувватланади ва уларнинг олимлар, халқ усталари, ижодкор ва санъаткорлар билан учрашувлари йўлга қўйилади.
“Камалак болалар ташкилотининг ҳар бир фаолият йўналиши ўз мазмуни, шакли ва услубига эгадир. Бунда етакчиларнинг ижодий маҳоратига таянган ҳолда болаларнинг қизиқиш ва интилишлари асосида гуруҳларни шакллантириш лозим.
Оромгоҳлар фаолиятини режалаштириш
Оромгоҳда болалар келгунга қадар мураббийлар жамоаси билан ҳамкорликда (оромгоҳ бошлиғи, бош етакчи, етакчи, тарбиячи, тўгарак раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчиси) III мавсум (навбат)га мўлжалланган фаолият режаси тузилади ва мураббийлар кенгашида муҳокома этилади, тасдиқланади. Ушбу режа оромгоҳдаги муҳим ва умумий ишларни, асосий йўналишларни аниқлаб берувчи фаолият дастури бўлганлиги сабабли, уни тузаётганда қизиқарли, ранг-баранг тадбирлар мазмунига истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ ёшларни бахтли, баркамол авлод қилиб тарбиялаш, ўз иқтидор ва истеoдодларини тўла намоён этиш учун барча имкониятлар яратилганлиги масаласига эътиборни қаратиш лозим.
Уч мавсум (навбат)га мўлжалланган Истиқбол режаси оммавий-ташкилий ишлар, маънавий- маърифий ишлар, мураббийлар жамоаси билан ишлаш услублари, соғломлаштириш ва чиниқтириш ишлари ва хўжалик ишлари каби бўлимлардан иборат бўлиши, тўгараклар, клублар, спорт секциялари режалари эса илова қилиниши мумкин.
Оромгоҳда қуйидаги йўналишда иш режалар бўлса, фаолият тўлиқ кечади.
1. Оромгоҳнинг Истиқбол режаси.
2. Оромгоҳ бошлиғининг шахсий иш режаси.
3. Бош етакчи ва етакчининг иш режаси.
4. Катта тарбиячи ва тарбиячининг иш режаси.
5. Турли йўналишлар бўйича тўгарак раҳбарларининг ўқув режалари.
6. Таклиф, фикр ва мулоҳазалар дафтари.
7. Олиб борилган ишлар бўйича мониторинг дафтари.
8. СЭС ҳодимларининг назорати учун «Тозалик дафтари».
Оромгоҳ болалар гуруҳининг 1-мавсум (1-навбат) га мўлжалланган ойлик режаси, яъни тақвим фаолият режалари бўлиши ва мазкур иш режалар оромгоҳ Истиқбол режасига мувофиқлаштирилади. Болалар гуруҳида “Болаларни соғломлаштириш оромгоҳи” тўғрисидаги Низом талаблари асосида ёши ва қизиқишларини ҳисобга олиб 10-14 ёшдаги ўқувчилар гуруҳи 30 нафар, 7-9 ёшлар гуруҳи 25 нафардан ошмаслиги лозим.
Оромгоҳ ходимлари ва болаларнинг умумий мажлиси оромгоҳ ҳаёти ва иш фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи Кенгаш ёки ўз-ўзини бошқаришнинг органини сайлаши, оромгоҳ Уставини қабул қилиши мумкин. У Низомга зид келмаслиги керак. Оромгоҳ соғломлаштириш ва дам олиш масканлари вазифасини ўтаса ҳам у ерда олиб бориладиган фаолият бола дунёқарашини бойитиш, ижодий қобилиятини ўстириш, маънавий камол топишига ёрдам берувчи тарбия ўчоғи ҳамдир. Шу сабабли гуруҳ режаси тузишга киришиш болаларнинг оромгоҳга қадам қўйган дақиқаларидан бошланади. Етакчи, тарбиячилар болаларни ётоқҳоналарга жойлаштириш, тушликка чиқиш, улар билан ўзаро мулоқот ва суҳбатлар жараёнида ҳам тарбияланувчиларнинг фикр- мулоазалари, интилишларини билиб олишга ҳаракат қилишлари лозим. Гуруҳлар ўртасида «Билимдон бола», «Энг яхши таклифлар муаллифи», «Зукко бола», «Тафаккур эгаси», «Файласуф бола», «Маънавиятли бола» «Зукко замодош» номинациялари бўйича танлов ўтказилиб болалар томонидан билдирилган энг қизиқарли таклифлар сараланиб иш режага киритилади.
Гуруҳнинг иш режаси, номи, шиори рамзи туширилган ва дид билан безалган деворий газета белгиланган жойга осиб қўйилади. Болаларнинг оромгоҳда мавсум (навбат) давомида неча кун бўлишларига мўлжаллаб тақвим режаларини умумий ҳолда «Келажакка саёҳат», «Орзулар рўёби», «Қувноқлар мамлакатига саёҳат» ва ҳоказо деб номлашлари мумкин.
Оромгоҳни жиҳозлаш ва безаш
Ҳар бир оромгоҳ ўз шароити ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда кўргазмали воситалар билан жиҳозланиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, ёзги соғломлаштириш оромгоҳи тарбиявий ишлар мазмунини белгилашда болаларнинг соғломлаштириш ва тарбиялаш жараёнида маънавий-аҳлоқий ва миллий удумларни, инсоний муносабатлар каби бебаҳо сифатларни шакллантиришни асосий вазифа қилиб олиш лозим шунингдек, тарих сабоқларини болалар кўз ўнгида гавдалантира олиш мақсадида оромгоҳда ўтмиш авлодларимиз ҳаёт йўли, уларнинг олижаноб фазилатлари, ижод йўли билан таништириб борувчи тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳам зарур. Бунда асосан буюк алломаларимиз саркарда ва бобокалонларимизнинг ҳаёт саҳифаларини ёритувчи турли кўринишдаги тадбирлар, суҳбатлар, учрашувлар, радио эшиттиришлар, деворий газеталар ва кўргазмалар ташкил қилиш ва ўтказиш мақсадга мувофикдир.
Оромгоҳни ташқи жиҳатдан безатилишига эътибор берилиши лозим. Юқорида таъкидлаганимиздек, оромгоҳни жиҳозлашда албатта Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги шодиёналарига алоҳида эътиборни қаратишимиз лозим. Поннолар ва плакатлар, чақириқ ва шиорларни танлашда албатта ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиш зарур.
Оромгоҳ номидан тортиб, айвон, бассейн, ошхона, ўйин майдончалари, кутубхона, стадион, тўгараклар ўтиш хоналари, бино деворларига мавсумга мос шиорлар “Мустақилликнинг 20 йиллигини муносиб кутиб олайлик”, “Аъло ўқишимиз сенга, она Ватан”, “Истиқлол берган неъмат”, «Биз сени соғиндик, оромгоҳ», «Ёз, ўтмоқда соз!», «Ёзги таътил- бир умрга татир», «Марҳаматли ёз- сендан бир умр миннатдормиз», «Салом ёз», «Салом, оромгоҳ», «Оромгоҳга хуш келибсиз» каби шиорлар, турли мазмундаги даъватлар, донолар ва донишмандлар ўгитларидан намуналар, соғломлик ва чиниқишга чорловчи чақириқлар осиб қўйилса, бу ҳам тарбиявий мақсадга ҳизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, оромгоҳда дам олувчи ўқувчи ёшларнинг миллий – маънавий қадриятлар, маданий меросимиз, халқ педагогикаси, тариҳий қаҳрамонлар ва алломаларимизга меҳр – муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳам энг биринчи галдаги вазифа бўлиши лозим. Соғломлаштириш оромгоҳи болаларда янги дўстлар орттириш, ўзлари ёқтирган машғулотлари билан банд бўлишлари, уларнинг турли йўналишлар бўйича қобилиятларини синаб кўриш имкониятини беради.
Шунинг учун соғломлаштириш оромгоҳида спорт-соғломлаштириш, бадиий эстетик, ижодий, касб-ҳунар каби йўналишлар бўйича тўгараклар, клублар ва спорт секцияларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Сир эмаски ўқувчи- ёшлар турли хил касб-ҳунарларга жуда қизиқишади. Шунинг учун маҳаллий имкониятга қараб, оромгоҳда касбга оид тўгараклар ташкил этиб, болаларнинг шуғулланишлари учун шароит яратиб қўйилса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Тўгарак машғулотларини куннинг биринчи ярми ва иккинчи ярмида бир вақтда, ёппасига ўтказиш вақтнинг тежалишига имкон беради. Ҳар бир тарбиячи, етакчи кам деганда бир тўгаракка раҳбар бўлиши керак. Оромгоҳдаги тўгарак раҳбарлари машғулотлар учун зарур шароитлар яратадилар, ҳар бир дам олиш даври учун тақвим режа тузадилар, машғулот ўтказиш хоналарини зарурий материаллар, хом ашёлар, кўргазмали қуроллар, техника воситалари билан жиҳозлайдилар.
Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idumuz
Facebook даги гуруҳимизга қўшилинг