Тарих фанидан компетенциялар | «Умид» ИДУМ

Тарих фанидан компетенциялар

Тарих — ўтмиш воқеалар ҳақида ахборот очиш, йиғиш, тартиблаштириш ва намойиш этиш билан шуғулланувчи фандир. Тарих билан шуғулланувчи олимлар тарихчилар, деб аталади. Тарих фани воқеалар кетма-кетлигини таҳлил этади ва уларнинг сабаб ва самараларини тизимлаштиради. Тарихчилар тарих табиати ва фойдаси устида баҳс олиб боришади. Бунда ушбу фаннинг ўзи ҳам ўрганилади ва замонавий муаммоларни унинг ёрдамида ҳал қилишга уринилади. Бирор маданиятга оид, бироқ ташқи манбаларга асосланмаган ҳикоялар (масалан, Алпомиш ҳақида асотирлар) тарихий мавзу эмас, балки маданий мерос саналади.

Тарих — инсоният ва унинг маҳсули бўлган тамаддунлар ривожи, жамият ва давлатлар ўтмиши тараққиёти жараёнини ўрганувчи фандир. Тарих фани ижтимоий гуманитар фанлар (фалсафа, социология, иқтисод, психология, санъатшунослик ва бошқалар) тизимининг таркибий қисмидир.  

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги, ўқувчи шахси ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг ёш хусусиятларига мос равишда қуйидаги таянч компетенциялар шакллантирилади.


Таянч компетенциялар

(TK1) Коммуникатив компетенция — ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда ўзаро мулоқотга кириша олишни, мулоқотда муомала маданиятига амал қилишни, ижтимоий мослашувчанликни, ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK2) Ахборотлар билан ишлаш компетенцияси — медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олишни, саралашни, қайта ишлашни, сақлашни, улардан самарали фойдалана олишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, медиа маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK3) Ўзини ўзи ривожлантириш компетенцияси — доимий равишда ўз-ўзини жисмоний, маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожлантириш, камолотга интилиш, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиш, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаш ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллашни назарда тутади.

(TK4) Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси — жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва уларда фаол иштирок этиш, ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиш, унга риоя қилиш, меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK5) Миллий ва умуммаданий компетенция — ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш, бадиий ва санъат асарларини тушуниш, ораста кийиниш, маданий қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK6) Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси — аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларни туза олиш, кундалик фаолиятда турли диаграмма, чизма ва моделларни ўқий олиш, инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган, қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан фойдалана олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур компетенциялар умумтаълим фанлари орқали ўқувчиларда шакллантирилади.


Тарих фанига оид компетенциялар

(ФК1) Тарих мазмунига оид умумий компетенция

(Умумтаълим мактабларининг бошланғич 4-синф битирувчилари)

  • тарихда йил ҳисобини билади;
  • тарихга оид муҳим факт, воқеа ва жараёнлар ҳақида маълумот бера олади;
  • ўз фикр ва қарашларини баён этишда тарихий билимларидан фойдалана олади.

(Тарих фани чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг бошланғич 4-синф ўқувчилари)

  • тарихий жараёнларни кўргазмали тушунтира олади.

(Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари)

  • тарихда давр ва йил ҳисобини билади;
  • тарихий-географик макон ҳақида маълумот бера олади;
  • Ўзбекистон ва жаҳон тарихининг энг қадимги давридан XX аср бошларига қадар инсоният тарихида муайян из қолдирган муҳим воқеа ва жараёнлар ҳақида маълумот бера олади;
  • ўзбек халқининг шаклланиш босқичларини тушунтириб бера олади;
  • ўрганилган тарихий даврларга муносабат билдириб, хулоса чиқара олади;
    давлатларнинг ташкил топиши, ҳудуди, аҳолиси ва бошқарув тартибларини тушунтира олади;
  • ўзбек халқининг маданияти, маънавияти, дунёвий ва диний қадриятларининг равнақ топиши, уларнинг жаҳон цивилизациясига таъсири ҳақида маълумот бера олади;
  • мамлакатимиздаги тарихий-меъморий обидалар ҳамда илм-фан, давлатчилик ривожига ҳисса қўшган тарихий шахслар ҳақида маълумот бера олади.

(Умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ва КХК талабалари)

  • тарихий-географик макон ҳақида маълумот бера олади;
  • Ўзбекистон ва жаҳон тарихининг XX аср бошларидан бугунги кунга қадар бўлган инсоният тарихида муайян из қолдирган муҳим воқеа ва жараёнлар ҳақида маълумот бера олади;
  • Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий жараёнлар ҳақида маълумот бера олади;
  • Ўзбекистон давлатининг тинчликни асраш сиёсати, ташқи сиёсий фаолияти ҳақида маълумот бера олади;
  • ўрганилган тарихий даврларга муносабат билдириб, хулоса чиқара олади;
    давлатларнинг ташкил топиши, ҳудуди, аҳолиси ва бошқарув тартибларини тушунтира олади;
  • мустақиллик йилларида ўзбек халқининг маданияти, маънавияти, дунёвий ва диний қадриятларининг ҳамда илм-фан, давлатчилик ривожига ҳисса қўшган мутафаккирлар номларининг тикланиши ҳақида маълумот бера олади;
    жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ривожланиши ҳақида маълумотларни тушунтира олади;
  • тарихий воқеалар натижаси юзасидан муносабат билдиради, умумлаштиради, баён қилади ва хулоса чиқаради.

(Тарих фанига чуқурлаштирилган махсус мактаб ёки КХК талабалари)

  • Ўзбекистон ва жаҳон тарихининг энг қадимги давридан бугунги кунга қадар инсоният тарихида муайян из қолдирган муҳим воқеа ва жараёнлар ҳақида маълумот бера олади;
  • тарихнинг даврларини таққослай олади, таҳлил қилади, баҳолайди ва хулоса қилади, ёзма маълумот бера олди;
  • воқеа ва жараёнларни тарихий давр нуқтаи назаридан таҳлил қилади, баҳо беради, хулоса чиқаради, муносабат билдиради;
  • давлатларнинг ташкил топиши, давлат шакли, давлатдаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий жараёнлар, ички ва ташқи муносабатлар, ҳарбий салоҳият, инсоният цивилизациясида тутган ўрни ҳақида ёзма маълумот бера олади;
  • тарих фанидан олган билимларини бошқа фанлар билан боғлай олади.

(ФК2) Тарихий манба ва адабиётлар билан ишлаш компетенцияси

(Умумтаълим мактабларининг бошланғич 4-синф битирувчилари)

  • тарихий иллюстрациялар асосида ҳикоялар туза олади;
  • фикрини тарихий хариталар ва қўшимча материаллар (видеофильм, слайдлар) ёрдамида тушунтира олади.

(Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари)

  • энг қадимги даврдан XX аср бошларигача кечган тарихий воқеликни баён қилишда муҳим бўлган тарихий топономик атамалар мазмунини тушунтира олади
    қўшимча адабиёт ва манбалардан фойдалана олади;
  • тарихий-бадиий асарлар, ОАВларида берилаётган маълумотларга тарихий билимлари асосида муносабат билдира олади.

(Умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ва КХК талабалари)

  • XX аср бошларидан бугунги кунгача кечган тарихий воқеликни баён қилишда муҳим бўлган тарихий топономик атамалар мазмунини тушунтира олади;
  • тарихий жараён ва воқеалар ҳақида маълумот беришда қўшимча адабиёт ва манбалардан фойдалана олади;
  • тарихий-бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотлардан фойдаланишда ва уларга муносабат билдиришда ахборот маданиятига риоя қилади.

(Тарих фанига чуқурлаштирилган махсус мактаб ёки КХК талабалари)

  • тарихий манбаларни мустақил ўрганади, мавзуга оид қўшимча маълумотлар тўплай олади, хулосалар чиқаради, баҳолайди, мустақил фикр билдиради;
  • мавзу юзасидан тарихий адабиётларни мустақил танлай олади, мустақил ишлар ва тақдимотлар тайёрлай олади;
  • ўз оиласининг шажарасини туза олади.

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

🔥54 марта кўрилди

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*