«Профессор», «ректор», «декан» сўзлари нимани англатади?

профессорУниверситетга эндигина кирган пайтимда Ректор, Декан каби сўзларнинг маъносини унчалик яхши тушунмасдим. Бир куни қўлимга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан чиқарлиган биринчи курс талабалари учун эслатма, яъни «Оқ йўл» китоби қўлимга тушиб қолди. Ушбу китобда бу ҳақдаги барча сўзларга изоҳ бериб ўтилган. Шу боис эндигина Университетга қадам қўйган талабалар учун Олий ўқув юртидаги лавозимлар ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб билдим.

Профессор – лотинча «professor» – мураббий деган маънони англатади. У тегишли илмий унвонли, олий таълим муассасасида асосий назарий машғулотлар (лекциялар)ни олиб борувчи ҳамда илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилувчи юқори малакали ўқитувчи.

Ректор – лотинча «rektor» сўзидан олинган бўлиб, олий таълим муассасасининг раҳбари деган маънони англатади. Ректор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади ва у, ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасасида «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» асосида таълим соҳасидаги ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга маъсул. Шу билан бирга ректор олий таълим муассасаси фаолиятига таалуқли келажакка мўлжалланган ишларни режалаштиради ва уларни амалга оширишни таъминлайди, олий таълим муассасаси ваколати доирасида ходимлар ва талабалар бажаришлари мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, талабаларнинг ўқиш шароитларини яхшилашга ва уларни ўз вақтида стипендия билан таъминлаб туришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Ректор олий таълим муассасасига раҳбарлик қилишда ўз ҳузурида тузилган илмий кенгаш, ўринбосарлари – проректорлар, факультет деканлари ва кафедра мудирлари фаолиятларига таянади.

Илмий кенгаш – олий таълим муассасасининг ректори раҳбарлигида проректорлар, факультет деканлари, етакчи мудирлари, профессор-ўқитувчилар, аъло даражада ўқийдиган фаол талабалар таркибидан иборат жамоатчилик ташкилоти бўлиб, у таълим муассасасидаги ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни уйғунлаштиришга қаратилган асосий масалаларни муҳокама этади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади. Талабалар илмий кенгаш мажлисига киритилган масалаларнинг муҳокамасида ундаги ўз вакиллари орқали иштирок этишлари мумкин.

Проректор – сўзи «pro» – бирга ва «rektor» сўзларидан ташкил топган бўлиб, бирга бошқариш маъноасини билдиради. Олий таълим муассасаларида проректорлар, асосан, қуйидаги маслалар бўйича фаолият юритадилар: маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректор; ўқув ишлари бўйича проректор; илмий ишлар ва ахборот технологиялари бўйича проректор; иқтисод ва тадбиркорлик ишлари бўйича проректор. 

Декан – лотинча «decanus» – ўнбоши; Қадимий Рим қўшинида 10 та аскарнинг бошлиғи бўлган. Олий таълим муассасасида факултетнинг ўқув, илмий ва тарбиявий ишлари раҳбари. Факултет деканининг маънавият ва маърифат масалалари ҳамда ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари бўлади. Деканнинг идораси деканат деб аталади. Деканат олий таълим муассасасининг талабалар билан ишлайдиган асосий бўлинмасидир.

Доцент – лотинча «docens» сўзидан олинган бўлиб – ўқитаётган деган маънони англатади. Доцент тегишли илмий унвонли, фанлар бўйича назарий ва амалий дарслар, илмий тадқиқотлар олиб борувчи етакчи ўқитувчи.

Катта ўқитувчи – кўп йиллик илмий-педагогик иш тажрибасига эга бўлган, одатда, илмий даражаси бўлмаган ўқитувчи.

Ассистент  (лотинча assistent – қатнашаётган, ёрдамлашаётган) – профессор ёки доцент раҳбарлиги остида талабалар билан лабаратория ва амалий машғулотларни ўтказувчи ўқитувчи. У кафедранинг илмий-тадқиқот, илмий-услубий ишларида иштирок этади.

Куратор – лотинча «curator» сўзидан олинган бўлиб, бирор иш, бирор шахс, бирор нарса устидан назорат олиб боориш топширилган ҳомий. Олий таълим муассасасида гуруҳ мураббийси талабалар билан маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни олиб боради, яккама-якка суҳбатлар ўтказади, ҳаётий маслаҳатлар беради, зарур бўлган ҳолларда талабалар ота-оналари билан боғланади, ўз фаолияти тўғрисида деканатга мунтазам равишда ҳисобат бериб боради.

Ўқитиш муддати – талабалар томонидан ўқув режа ва дастур ўзгартирилиши учун белгиланган меёрий муддатдир. Бакалавриат учун бу камида 4 йил, магистратура учун камида 2 йил. Ўқув жараёни ўқув йиллари бўйича амалга оширилади.

Ўқув йили – 2 сентябрдан 30 июнгача бўлган олий таълим муассасасининг фаолият даври. Ўқув йили, одатда, икки ўқув семестрига бўлинади.

Ўқув семестри – олий таълим муассасасида ўқув йилининг ярмини ташкил этувчи, ўзаро боғлиқ фанларнинг маълум мажмуини ўзлаштиришга мўлжалланган ва улар бўйича якуний назорат билан тугалланадиган қисми.

Ўқув режаси – тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича ўқитиладиган ўқув фанлари ва курсларининг таркибини ҳамда уларнинг ўқув семестри бўйича ҳажмини соатларда белгилайдиган меёрий ҳужжат.

Дарс жадвали – олий таълим муассасасида ҳар ўқув семестри бўйича ўқув ҳафтасида (олти кунлик) муайян фандан машғулотларни ўтказиш кетма-кетлигини белгилайдиган ҳужжат. Дарс жадвали, одатда, факултет декани томонидан тасдиқланади.

Лекция – ўқиш, ўқитувчининг ижодий тавсифидаги аудиторияда ўқув режаси бўйича ўтказиладиган назарий дарс машғулотидир. Зарур ҳолларда ўқитувчи тегишли мавзу бўйича дарсдан олдин қўшимча материаллар тарқатиши мумкин.

Лаборатория ишлари – ёки амалий машғулот назарий билимларни чуқур ўзлаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган аудиториядаги ўқув машғулотидир.

Семинар – лотинча «seminarium» – кўчириб ўтказиш. Талабаларни мустақил таълим олиш, мустақил фикрлаш ва ижодий меҳнатга тайёрлаш учун мўлжалланган, уларнинг фан бўйича билимларини чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган аудитория ўқув машғулотларининг тури.

Талабалар уйи – таълим олиш даврида бошқа вилоятлардан келган талабаларни вақтинчалик яшаш жойи билан таъминлайди. Талабалар уйидан жой олиш учун факултет декани номига ариза ёзилади. Мазкур ариза ўрнатилган тартибда кўриб чиқилгач, талабага яшаш жойи берилади.

Стипендия – лотинча «stipendium» – тўлов, маош – давлат олий таълим муассасасининг кундузги бўлимида яхши баҳолар билан ўқиётган талабаларга мунтазам (ҳар ойда) тўлаб бориладиган пул.

Бакалавриат – олий таълим йўналишларидан бири бўйича пухта билим беради, ўқиш муддати камида тўрт йил бўлиб, оилй маълумот ва таянч мутахассислик дипломини олиш билан тугайди.

Магистратура – аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида икки йил давом этадиган олий таълим бўлиб, ундаги таҳсил якуний квалификацион давлат аттестацияси ва магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш билан ниҳоясига етказилади.

Аспирантура – магистрлик негизида 3 йил давом этади ва номзодлик дисертациясини ҳимоя қилиш ҳамда танланган мутахассилик бўйича «фан номзоди» илмий даражасини олиш билан якунланади.

Докторантура – фан номзоди илмий даражаси негизида 3 йил давом этади, «фан доктори» илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш билан ниҳоясига етади.

Факультет – лотинча «fakultas» сўзидан олинган бўлиб, олий таълим муассасасининг ўқув-илмий ва маъмурий бўлинмаси маъноасини билдиради. Факултетни декан бошқаради. Факультетда унинг йўналишига қараб бир нечта кафедралар фаолият кўрсатишлари мумкин.

Кафедра – юнонча «kathedra» – стул, ўриндиқ деган маъноларни билдиради. 1) минбар, унга кўтарилиб маруза ўқилади, нутқ сўзланади ва аудитория олдида чиқиш қилинади; 2) олий таълим дастуридаги ўзаро боғлиқ фанларни ўқитиш ва шу соҳа бўйича илмий ва илмий-услубий тадқиқотлар ўтказувчи бўлинма. Кафедралар умумтаълим, умумкасбий ёки ихтисослик йўналишлари бўйича ташкил этилади. Кафедра олий таълим муассасасининг бошланғич ва асосий ўқув – илмий марказидир. Кафедрани унинг мудири бошқаради.


Юсупов Фурқат
манба: © www.Furkat.uz

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*