Фан олимпиадасининг иккинчи босқичини ўтказиш бўйича йўриқнома - Ta’lim / Образование

Фан олимпиадасининг иккинчи босқичини ўтказиш бўйича йўриқнома

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” 562-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида асосий олимпиаданинг II туман (шаҳар) босқичини 11-18 октябрь кунлари ўтказиш режалаштирилган. Қуйида ушбу фан олимпиадасининг низоми билан танишиб чиқишингиз мумкин.

maktab_imtihon_javoblari_600

Умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчилари ўртасида
Асосий олимпиаданинг иккинчи босқичини ўтказиш бўйича
йўриқнома

1. Мазкур йўриқнома туман (шаҳар) миқёсида ўтказиладиган асосий олимпиаданинг иккинчи босқичини (кейинги ўринларда – олимпиада) ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қўлланилади.

 

1-§. Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш

2. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида Олимпиадани ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита тузилади.

3. Ташкилий қўмита:

  • олимпиада ўтказиладиган жойни белгилайди ва тасдиқлайди;
  • олимпиада ўтказиладиган жой ва вақти бўйича умумий ўрта таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларини хабардор қилади;
  • ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантиради;
  • олимпиада назорат материалларининг махфийлигини таъминлайди;
  • белгиланган талаблар асосида ўтказилишини таъминлайди;
  • ўқувчилар тест топшириқларини якунлагандан сўнг, саволлар китобчаси иштирокчиларнинг ўзида қолдирилади ҳамда жавоблар варағининг нусхаси ёки унинг электрон шакли тақдим қилинади;
  • барча олимпиада иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни olympiad.uzedu.uz ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштиради;
  • олимпиада натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этади.

4. Олимпиада умумий ўрта таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида 2-иловадаги жадвал асосида 16 та фандан ўтказилади.

Академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг биринчи босқич ғолиблари тўғридан-тўғри учинчи босқичда иштирок этиши белгиланганлиги сабабли, олимпиадани мазкур босқичида иштирок этмайди.

 

2-§. Олимпиада натижаларии баҳолаш

5. Олимпиада барча фанлардан тест синовлари шаклида ташкил қилинади.

6. Тест синовларида ҳар бир фандан 30 та тест саволлари тақдим қилинади.

Биринчи гуруҳ фанлари топшириқларини бажариш учун 90 дақиқа, иккинчи гуруҳ фанлари топшириқларини бажариш учун 60 дақиқа вақт ажратилади.

7. Биринчи гуруҳ фанларидаги тест топшириқларининг дастлабки 10 таси содда даражасидаги ёпиқ (А, В, С, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 0,9 балл билан баҳоланади; кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражасидаги ёпиқ (А, В, С, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 1,5 балл билан баҳоланади; қолган 10 таси очиқ (жавоби ёзиладиган) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 2,6 балл билан баҳоланади, жами 50
балл (10*0,9+10*1,5+10*2,6=50).

8. Иккинчи гуруҳ фанларидаги тест топшириқларининг барчаси А, В, С, D жавоб вариантларидан танланадиган тест топшириқларидан иборат бўлиб, бунда дастлабки 10 таси содда даражасидаги тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 0,9 балл билан баҳоланади; кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражасидаги тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 1,5 балл билан баҳоланади ҳамда қолган 10 таси қийин даражадаги тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 2,6 балл билан баҳоланади, жами 50 балл (10*0,9+10*1,5+10*2,6=50).

9. Тест натижаларига кўра, ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиб (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланади ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

10. Тест натижаларига кўра, ғолиб ўринлар учун бир нечта иштирокчиларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, берилган тест топшириқларининг юқори балл бериладиган қисми бўйича кўп балл
тўплаган ўқувчи устунликка эга бўлади (яъни, учинчи 10 ликдан (21-30 саволлар) юқори балл тўплаган номзод устунликка эга бўлади. Агар у ҳам тенг бўлса, иккинчи ўнлик (11-20 саволлар) таҳлил қилинади).

11. Ҳар бир қисм бўйича ҳам баллар тенг бўлган такдирда ўқувчиларга хакамлар хайъати томонидан қўшимча 3 та очиқ тест (жавоби ёзиладиган) берилади ва ғолиб аниқланади.

12. Барча фанлардан тест топшириқлари Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилади ва махфийлиги таъминланган ҳолда жойларга етказилади.

13. Жойларга етказилган тест топшириқларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ташкил этиш, олимпиада жараёнларини (топшириқларни қоғозга чиқариш вақтида, иштирокчилар тест топшираётган вақтида, хайъати ишларни текшираётган вақтда) ижтимоий тармоқларда (Facebook, Instagram) жонли тарзда намойиш қилинишига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.

14. Барча ҳудудларда олимпиада жараёнлари бир вақтда соат 11:00 да бошланади.

15. Топшириқлар иштирокчиларга узбек ва рус тилларида берилади. Чет тиллар ва қардош тиллар бундан мустасно. Қорақалпоғистон Республикасида туман (шаҳар) босқичи учуй топшириқлар қорақалпоқ тилига таржима қилиниши мумкин.
Бунда таржима қўлёзма шаклда ўқувчиларга тақдим этилишига рухсат берилади.

 

3-§. Ҳакамлар хайъати

16. Олимпиадада ташкилий қўмита томонидан 3 кишидан 7 кишигача таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.

17. Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учуй берилган вақт якунлангандан сўнг, аудитория раҳбари томонидан ўқувчиларнинг ишлари йиғиб олинади ва шифрланган ҳолда ҳакамлар ҳайъатига топширилади.

18. Ҳакамлар ҳайъати олимпиада иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни Вазирлик томонидан тақдим этиладиган тўғри жавоблар асосида холисона текширади ва баҳолайди.

19. Иштирокчиларнинг жавоблар варағида битта саволга икки ва ундан ортиқ жавоблар тўғри деб белгиланган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инобатга олинмайди ва ушбу саволнинг жавоби учун 0 балл қўйилади.

20. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ўқувчиларнинг бажарган ишлари текширилаётган пайтда, ташкилий қўмита томонидан топшириқларнинг тўғри жавоблари ва ечимлари эълон қилинади.

21. Топшириқлар орасида хато тузилган ёки тўғри жавоби мавжуд бўлмаган саволлар аниқланса, барча иштирокчиларга мазкур савол учун белгиланган балл берилади.

22. Ҳакамлар ҳайъати барча ўқувчиларнинг ишларини текшириб бўлгандан сўнг, балларни Excel дастурига киритади ҳамда аудиторияга йиғилган иштирокчиларга ўз ишлари баҳоланган ҳолатда танишишлари учун тақдим этилади. Иштирокчиларнинг аудиториядаги харакатлари (ўз ишларини ўзгартириб қўйиши, жавоблар варағини қайтариб топширмаслиги олди олиниши керак) қатъий назоратга олинади.

23. Иштирокчилар ўз ишларини ҳакамлар ҳайъати томонидан тўғри ва адолатли текширилганлигига ишонч ҳосил қилсалар, уни қайтариб ҳакамлар ҳайъатига топширади.

24. Агар иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати баҳолаган ишларига эътироз билдирсалар, уларга ҳакамлар ҳайъати томонидан шу савол бўйича тушунча берилиши керак.

25. Барча иштирокчиларнинг ишлари қайта йиғиб олингандан сўнг, баллар ўзгарган ҳолатлар мавжуд бўлса, шу асосида якуний қарор шакллантирилади ҳамда якуний қарор ва ғолиб бўлган 3 нафар иштирокчининг жавоблар варағидан нусха олиниб, барчага эълон қилинади.

 

🔥5.8 K марта кўрилди

Leave a Reply