Информатика ва ахборот технологиялари фанидан компетенциялар - Ta’lim / Образование

Информатика ва ахборот технологиялари фанидан компетенциялар

Информатика – (нем. Informatik, франц. Informatique , ингл. computer science – компьютер фани, ахборотшунослик — илмий информация (ахборот, хабар, маълумот)нинг моҳияти, умумий хоссалари ва конуниятларини, шунингдек, илмий коммуникация тизими (ўша илмий информацияни тарқатиш усуллари ва воситалари мажмуи)ни ўрганиш билан шуғулланадиган илмий фан; инсон фаолиятининг компьютерлар билан боғлиқ бўлган соҳаси. Ижтимоий фанлар жумласига киради. «Информатика» атамаси 1962-йилда Францияда Филипп Дрейфус томонидан фан сифатида аталиб, informatique ва automatique, сўзларининг бирлашмасидан келиб чиққан. Бу атама маълумотни автоматик равишда қайта ишлашни ўрганувчи соҳани номлаш учун ўйлаб топилган.

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги, ўқувчи шахси ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг ёш хусусиятларига мос равишда қуйидаги таянч компетенциялар шакллантирилади.

Таянч компетенциялар

(TK1) Коммуникатив компетенция — ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда ўзаро мулоқотга кириша олишни, мулоқотда муомала маданиятига амал қилишни, ижтимоий мослашувчанликни, ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK2) Ахборотлар билан ишлаш компетенцияси — медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олишни, саралашни, қайта ишлашни, сақлашни, улардан самарали фойдалана олишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, медиа маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK3) Ўзини ўзи ривожлантириш компетенцияси — доимий равишда ўз-ўзини жисмоний, маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожлантириш, камолотга интилиш, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиш, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаш ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллашни назарда тутади.

(TK4) Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси — жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва уларда фаол иштирок этиш, ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиш, унга риоя қилиш, меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK5) Миллий ва умуммаданий компетенция — ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш, бадиий ва санъат асарларини тушуниш, ораста кийиниш, маданий қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK6) Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси — аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларни туза олиш, кундалик фаолиятда турли диаграмма, чизма ва моделларни ўқий олиш, инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган, қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан фойдалана олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур компетенциялар умумтаълим фанлари орқали ўқувчиларда шакллантирилади.


Информатика ва ахборот технологиялари
фанига оид компетенциялар

(ФК1) Ахборотларни излаш ва электрон воситаларда йиғиш компетенцияси — Информатика асос материали (ахборот олиш, саралаш) ҳақида ва ахборот турлари (узлукли ва узлуксиз) билиш. Ахборот манбаларини билиш, ахборотларни саралаш, ахборотни тасвирлаш, ахборотни кодлаш, ахборотли модел, ахборотни қайта ишлаш воситалари, таълимий ахборот ресурслар, Интернет, Интернетдан маълумотларни олиш усуллари. Ахборот билан ишлашда одоб-ахлоқ нормалари, мультимедиа технологиялари, ҳужжат яратиш, электрон почта орқали мулоқат қила олиш ва вируслардан ахборотни ҳимоя эта олиш лаёқатини ҳосил қилиш.

(ФК2) Ахборотларни электрон воситаларда қайта ишлаш ва сақлаш компетенцияси — Матнли ахборотни таҳрирлаш (форматлаш, график элементларни ясаш, жадваллар ҳосил қилиш, формулалар киритиш) график ахборотни таҳрирлаш (график файлларда матн киритиш ва уни форматлаш, график шаклларни ўзгартириш, ранглар билан ишлаш, анимация сценарийларини ёза олиш, файлларни архивлаш (rar, zip архиваторларни ишлата олиш) ва ҳ.к. лаёқатини ҳосил қилиш.

(ФК3) Ахборотларни электрон воситалар орқали узатиш компетенцияси — Технологиялар орқали ахборотларни узата олиш, ахборот ҳавсизлигини таъминлай олиш, Электрон почта билан ишлай олиш, факсда ахборот узата олиш, видео конфренция орқали ахборот узата олиш, ҳуқуқий ва аҳлоқий меъёрларни билиш, муаллифлик ҳуқуқларини билиш, эркин фойдаланиладиган дастурлар, тижорат дастурлари, дастурлар лицензияларини фарқлаш ва ҳ.к. лаёқатини ҳосил қилиш.


Информатика фанида ўқувчиларда компетенцияларни шакллантириш усуллари

Информатика фанидан белгилаб чиқилган компетенцияларни ўқувчиларда шакллантира олиш, уни аниқлаш, қайси педагогик технологиялар асосида ўқувчиларга етказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш учун тажриба-синов жараёнида экспериментатор ўқитувчилар қуйидагиларга эътиборни қаратиши лозим:

1. Информатика фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётида дуч келадиган амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиш ва амалиётда қўллай олиш қобилиятини ҳисобга олиши зарур. Масалан:

– 7-синф Информатика дарсида “Ахборот ва билиш” мавзусини ёритиб беришда бевосита ўқувчи ўқув жараёнида фанлардан олаётган ахборотни ўзгариши (фанлардаги ҳар бир мавзудан кейин янги тушунчалар миқдорининг ошиб бориши ва билимларни кундалик хаётида фойдаланиш)ни кузатиб бориш натижасида “табиий жараён ва ҳодисаларни кузатиш, тушунтириш, амалий машғулотлар ўтказиш ва назарий билимларни мустаҳкамлаш ва ахборотга оид билимларни амалиётда қўллаш” компетенциялари шакллантирилади.

2. Информатика фанининг ўқитилишида таклиф этилаётган компетенцияларни ўқувчига етказишда замонавий педагогик технологиялар ёки уларнинг элементларини танлашда шу мавзуларни ўқувчи осон ва тўлиқ ҳамда кундалик ҳаётига боғлаган ҳолатда тушуниб етишини инобатга олиш зарур. Масалан:

– Юқоридаги мавзуни ўтишда “Ақлий хужум”, “Муаммо қўйиш”, “Тушунчалар таҳлили”, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда “ахборот жараёни ва ҳодисаларни кузатиш, тушунтириш, ва назарий билимларни мустаҳкамлаш ва ахборотга оид билимларни амалиётда қўллаш” компетенциялари шакллантирилади.

3. Юқорида келтирилган компетенцияларнинг шакллантирилганлигини аниқлашда

– савол-жавоб, ахборотни излаш, қайта ишлаш ва узатиш, дидактик материаллар асосида тест топшириқлари, жадваллар билан ишлаш, ўқувчилар фаолиятини таҳлил қилиб ўз-ўзини баҳолаш усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Қобилияти, олган билим ва кўникмаларини кундалик ҳаётда фойдалана олиш малакаларини баҳолашда ўқувчи ахборот хусусиятларини бир-биридан фарқлай олса, ахборот ва билимни ажрата олса- 3-балл, ахборот объектларини бир-биридан фарқлай олиб, таърифлай олса, ахборот турларини ажратиб, уларга мисоллар асосида изоҳ бера олса, ахборотнинг ўлчов бирлигини тушунтириб бера олса – 4-балл, ахборот ҳусусиятларни бир-биридан фарқлай олиб, таърифлай олса, ахборот олиш манбаларини ажратиб, уларга мисоллар асосида изоҳ бера олса, ахборот турини мустақил равишда аниқлаб, кундалик турмушда ва хўжаликда оқилона фойдаланишни тушунтира олса, оммавий ахборот воситалари манбаларини мустақил кўрсата олса – 5-балл қилиб баҳоланади.

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Leave a Reply