Уильям Шекспир (William Shakespeare, 1564, Стратфорд-упон-Авон — 23 апрель (3 май) 1616, ўша ерда) — инглиз драматурги, шоир ва актёр, дунёнинг энг машҳур драматургларидан бири, камида 17 та комедия, 10 та ҳроника, 11 та фожиа, 5 та поэма ва 154 сонетдан иборат циклнинг муаллифи. Тахминан 1585-йилда она шаҳрини тарк этиб, бирмунча фурсатдан сўнг Лондонга борган. Театр актёри ва драматург сифатидаги фаолияти 1580-йилдан бошланган. Шекспирнинг 1603-йилдан кейинги актёрлик фаолияти тўғрисида бирор маълумот йўқ. Аммо у ўзининг «Лордкамергер хизматкорлари» труппаси учун (мазкур труппа Яков I нинг тахтни эгаллаганидан кейин қирол труппаси деб аталган) пьесалар ёзишда давом этган. Тахминан 1612-йилда Стратфордга қайтиб келган ва шу ерда вафот этган.
Шекспирнинг актёр сифатидаги фаолияти тахминан 15 йил давом этган. У Англиянинг энг яхши ҳисобланган труппасида иккинчи даражали ролларни ижро этган ва шу труппа учун пьессалар ёзган.
Шекспир ижоди
Шекспирнинг адабий мероси шеърият ва драматургия асарларидан иборат. Ёшлик йилларида мифологик сюжет асосида ёзган «Венера ва Адонис» (1593) ҳамда Рим тарихига оид «Лукреция» (1594) достонлари самимий кутиб олинган. Бу асарлар, айниқса, 1592—1600-йилларда ёзилган «Сонетлар» Шекспирнинг Уйғониш даври маданияти билан узвий алоқада майдонга келганини кўрсатди. Жаҳон лирикасининг буюк намуналари қаторидан ўрин олган Шекспир сонетлари мавзу жиҳатидан 2 гуруҳга ажралади: дастлабки 126 сонет шоирнинг яқин дўстига бағишланган бўлса, 127—152-сонетларда лирик қаҳрамоннинг бевафолик қилган маҳбубага нисбатан муҳаббат туйғуси ва изтироблари тасвир этилган. Шекспир яна бир неча достонлар ҳам ёзган бўлсада, уларнинг муаллифи масаласи ҳамон баҳслидир.
Шекспир асарларининг нашр саналари уларнинг на ёзилган ва на саҳнага қўйилган вақтига тўғри келади. Шекспир бир неча қисмдан иборат асарларининг аввал 2—3-қисмларини, кейин 1-қисмини ёзган пайтлар ҳам бўлган. Шунинг учун адабиётшунослар Шекспир нинг драматургик ижодини 4 даврга бўлиб ўрганишни маъқул кўрадилар:
- 1-давр — 1590-94;
- 2-давр 1594-1600;
- 3-давр 1600-1608;
- 4-давр 1609-1613-йиллар.
Шекспир драматургик ижодининг 1-даврида достон, илк трагедия («Тит Андроник») ва комедиялар («Хатолар комедияси», «Қийиқ қизнинг тийилиши»)дан ташқари, «Генрих VI» (2-қисм, 1590), «Генрих VI» (3қисм, 1591), «Генрих VI» (1-қисм, 1592), «Ричард III» (1593) илк хроникаларини ёзган. 2-даврида «Ричард II» (1595) «Трагедияга яқин хроника»си, «Ёз тунидаги туш», «Венеция савдогари» (1596) романтик комедиялари ҳамда «Ромео ва Жулетта» (1595) трагедиясини ёзган. Унинг «Йўқ жойдан чиққан ғавғо» (1598), «Ўн иккинчи кеча» (1600) сингари машҳур комедиялари ҳам шу даврда майдонга келган. Драматург ижодининг шоҳ асарлари — «Юлий Сезар» (1599), «Гамлет» (1601), «Отелло» (1604), «Қирол Лир» (1605), «Макбет» (1606), «Антоний ва Клеопатра», «Кориолан» (1607) сингари трагедиялар Шекспир ижодининг 3-даврини ташкил этади. «Генрих VIII» (1613) хроникаси, «Қиш эртаги» (1611), «Бўрон» (1612) романтик драма ва трагедиялари эса Шекспирнинг сўнгги давр ижоди маҳсулидир.
Шекспир ўз асарларини яратишда Холиншеднинг Англия тарихига оид сюжетларга бой „Англия, Шотландия ва Ирландия хроникаси“дан самарали фойдаланган. Шекспир тарихий трагедияларининг майдонга келишида Плутархнинг „Қиёсий ҳаётномалар“, комедияларининг ёзилишида эса М. Банделлонинг Италиянинг Уйғониш даврига оид ҳикоялари асосий манба бўлиб хизмат қилган. „Ромео ва Жулетта“, „Ҳамлет“, „Қирол Лир“ сингари трагедияларга асос бўлган сюжетлар асосида Шекспирга қадар ҳам саҳна асарлари яратилган. Лекин бу сюжетлар Шекспирга хос улкан драматургик маҳорат туфайли жаҳоншумул фикр ва ғояларни ифодаловчи ўлмас асарларнинг юзага келишида ҳаётий манба вазифасини бажарган. Шекспир ўзигача бўлган Европа халқлари тарихи, адабиёти ва театрини ўрганиш билан бирга 17-асрнинг илғор тафаккур меваларидан ҳам баҳраманд бўлган ва шу асосда уларни ўзининг энг яхши асарларида катта бадиий куч билан мужассамлантирган. Ҳар бир тарихий даврда кузатилганидек, Шекспир яшаган давр ҳам зиддият ва карамақаршиликлардан холи бўлмаган.
Шекспир, бошқа ёзувчилардан фарқли ўлароқ, ўз даври ҳаётидаги бундай зиддиятлар, ижтимоий ҳаёт ва кишилар тақдиридаги мураккабликларни нозик ҳис этган ҳамда шу билан кифояланиб қолмай, жамият ва инсон ҳаётининг қалтис нуқтасида юзага келган драматизмни тасвирлашга алоҳида эътибор берган. У ҳақиқий драматург сифатида персонажларнинг у ёки бу хаттиҳаракатларини келтириб чиқарган ижгимоий, маиший, маънавий ва руҳий сабабларни очиб ташлаб, уларнинг ҳар бирига ўз хулқ-атворидаги кескин ўзгаришларни тўла асослаш ёки изоҳлаш имконини яратган.
Шекспир ижодининг 2-даврида поетик драма устаси сифатида намоён бўлган. У шу даврда қарама-қарши қўйиш усулларидан воз кечмаган ҳолда драматизмга катта эътибор бериб, трагик ва комик мотивларни ўзаро уйғунлаштирди. Шунинг натижаси ўлароқ Шекспир ижодида („Ромео ва Жулетта“, „Ричард II“, „Ўн иккинчи кеча“) драматик лиризм авж нуқтасига эришган. Шекспир ижодининг 3-даврида трагедия жанрига мансуб асарлар етакчи ўрини эгаллайди. Драматург Уйғониш даврига хос гуманизм ва инсонпарварлик ғоялари билан воқеликда тобора ривожланиб бораётган худбинлик, мунофиқлик, ёвузлик ўртасидаги зиддиятни кўриб, шу зиддиятларни ўз асарларига конфликт сифатида жалб этади. У худди шу даврда яратган трагедияларида бадиий маҳорат чўққисига эришган. Шекспир ижодининг сўнгги даврига оид романтик драма ва трагик комедиялар унинг дунёқарашида ҳаётий зиддиятларни ижобий ҳал қилиш мумкин, деган умид пайдо бўлганидан гувоҳлик беради.
Шекспирнинг бутун ижодини нурлантириб турувчи фазилат юксак ахлоқиймаънавий муаммоларнинг тасвиридир. „Ромео ва Жулетта“ лирик, „Юлий Сезар“ сиёсий, „Ҳамлет“ интеллектуал трагедия, „Огелло“ эса эҳтирослар трагедияси ҳисоблансада, улар замирида ўрта асарлар учун ҳам, ҳозирги замон учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлган ахлоқий масалалар ётади. Агар „Юлий Сезар“, „Ҳамлет“, „Макбет“, „Ромео ва Жулетта“ сингари асарларда тасвирланган драматик конфликт қаҳрамонларга ўзини билиш, ўзининг руҳий кучини рўёбга чиқариш имконини берган бўлса, Отелло, Лир сингари адашган қаҳрамонлар онги фақат фожеа рўй бериб, муқаррар ҳалокат яқинлашганидан кейингина нурланиб кетади. Шунга қарамай, уларнинг ҳар бири ва умуман Шекспир асарларининг қаҳрамонлари асосан катъий характерга эга бўлган, онги ва ахлоқий қарашлари шаклланган, воқеликка ҳушёр кўз билан қаровчи, кучли ва мард инсонлардир.
Шекспир комедия ва трагикомедия жанрларида ҳам юксак санъат асарлари яратган. Унинг Уйғониш даври романтикаси билан суғорилган, қишлоқ ҳаёти манзаралари тасвирланган, саргузаштбоп воқеаларга бой комедиялари марказида ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтувчи муҳаббат мавзуи ётади. Шекспир трагедияларида бўлгани сингари, комедияларидаги қаҳрамонларнинг нутқи ҳам ўткир ва чуқур фикрларга, пичинг ва ҳазилмутойибаларга бой.
Шекспирнинг ўзбек томошабини томонидан кашф этилиши 1935-йилда — „Ҳамлет“ трагедиясининг Ҳамза номидаги драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да саҳналаштирилиши билан бошланган. Шундан кейин Ўзбекистондаги ўзбек ва рус театрларида Шекспирнинг „Отелло“, „Ромео ва Жулетта“, „Юлий Сезар“, „Қирол Лир“, „Кориолан“, „Вероналик икки йигит“, „Қийиқ қизнинг қуйилиши“, „Ёз тунидаги ғаройиб отлар“ сингари асарлари катта муваффақият билан қўйилди. Шекспир асарларини таржима этишда Ғафур Ғулом, Яшин, Уйғун, Шайхзода, Туроб Тўла, Қ. Мирмуҳамедов каби ёзувчи ва таржимонлар иштирок этдилар. Сўнгги-йилларда Жамол Камол Шекспир асарларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Чўлпон қаламига мансуб „Ҳамлет“нинг таржимаси эса ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади.
Фожеалар
- Тит Андроник;
- Ромео ва Жулетта;
- Юлий Сезарь;
- Гамлет;
- Отелло;
- Қирол Лир;
- Макбет;
- Антоний ва Клеопатра;
- Кориолан;
- Троил ва Крессида;
- Афиналик Тимон.
Комедиялар
- Якун — ишга безак;
- Бу сизга ёқадими;
- Хатолар комедияси;
- Симбелин;
- Севгининг беҳуда зўрайиши;
- Меъёр устидан меъёр;
- Венеция савдогари;
- Виндзорлик майнавозлар;
- Ёз кечасидаги туш;
- Бўм-бўшликдан кўп шовқин;
- Перикл;
- Қийиқ қизнинг қуйилиши;
- Бўрон;
- Ўн иккинчи кеча;
- Икки вероналик;
- Икки ҳурматли ақрабо;
- Қиш эртаги;
- Ҳроникалар;
- Қирол Иоанн;
- Ричард II;
- Генрих IV, 1-қисм;
- Генрих IV 2-қисм;
- Генрих V;
- Генрих VI, 1-қисм;
- Генрих VI, 2-қисм;
- Генрих VI, 3-қисм;
- Ричард III;
- Генрих VIII;
- Шеърлар ва поемалар;
- Сонетлар;
- Венера ва Адонис;
- Лукреция;
- Қони жўш урган ҳожи;
- Феникс ва қушча;
- Ошиқнинг арзлари;
- Апокрифлар ва йўқотилган ишлар;
- Едуард III;
- Сер Томас Мор.