Альфред Бернҳард Нобель (швед. Alfred Bernhard Nobel [ˈalfrɛd noˈbɛl], 21 октабр 1833, Стокгольм, Швеция 10 декабр 1896, Сан Ремо, Италия) – швед кимёгари, муҳандис, динамитнинг ихтирочиси. Ўзининг улкан бойлигини Нобель мукофотини тадбиқ этишга васият қилган. Унинг шарафига синтезланиб олинган кимёвий элемент нобелий номланган.
Биография
Нобель, ўн еттинчи аср олими Olaus Rudbeck(1630-1708)нинг авлоди. У Эммануэль Нобель (1801-1872) ва Андриетте Аҳлселл Нобель (1805-1889)ларнинг учинчи фарзанди. Альфред Нобель 1833-йил 21 октябр Стокгольмда туғилган. 1842-йили оиласи билан Санкт Петербургга кўчиб ўтишади, у ерда отаси торпедаларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Альфред профессор Николай Николаевич Зининнинг қўлида кимёни ўрганади. 1859-йили отасининг иши билан иккинчи ўғли Людвиг Нобель (1831-1888) шуғуллана бошлайди. Оилавий бизнеси касодга учрагач, Альфред отаси билан бирга Швецияга қайтади ва ўзини портловчи моддаларни ўрганишга, айниқса нитроглицеринни (1847-йилда Асcанио Собреро томонидан иҳтиро қилинган) ҳавфсиз ишлаб чиқариш ва ишлатишга бағишлайди.
Нобелларга тегишли заводда бир неча портлашлар қайд этилган, уларнинг бирида 1864-йили Альфреднинг укаси Эмиль ва бир нечта бошқа ишчилар ҳалок бўлади.
Альфред Нобельнинг драматург сифатидаги фаолияти – унинг биографиясининг энг машҳур бўлмаган фактларидан бири. Унинг ягона пьессаси – “Немезида” – Беатриса Ченчи ҳақидаги назмда ёзилган 4-актли фожиа. У ўлим тўшагида ётганида нашрдан чиқади, аммо уч нусхадан ташқари бутун адад унинг вафотидан сўнг дарҳол йўқ қилинади, чунки пьесса жанжалли ва ширкли деб топилади. Сақланиб қолинган биринчи нашр (икки тилда, швед ва эсперанто) Швецияда 2003-йили чоп этилади.
Альфред Нобель Стокгольмдаги Норра қабристонида дафн этилган.
Нобел мукофоти
Нобел мукофоти (ингл. Nobel Prize) буюк илмий изланишлар, инқилобий ихтиролар ёки маданият ва жамиятнинг ривожига катта ҳиссалар қўшганлиги учун ҳар йили тақдим этиладиган энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири ҳисобланади.
Нобель мукофотлари – ҳар йили буюк ишлар учун бериладиган халқаро мукофот. Таъсис этувчиси А. Б. Нобельнинг васиятига кўра, ундан кейин қолган маблағ асосида Нобель жамғармаси ташкил этилди; шу жамғармага ҳар йили келиб тушадиган даромад 5 қисмга тенг бўлиниб, ирқи, миллати, жинси ва динидан қатъий назар, физика, кимё, физиология ёки тиббиёт соҳасидаги кашфиётлар, бадиий асарлар, халқлар дўстлиги ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилган фаолият учун берилади (1968 йилда Швеция давлат банки ўзининг 300 йиллиги муносабати билан иқтисод фанлари соҳасидаги ютуқлар учун бериладиган қўшимча Нобель мукофотини таъсис этган). Нобель мукофоти Альфред Нобель тасвири туширилган олтин медал, диплом ва миқдори Нобель жамғармасидаги даромадга боғлиқ (одатда, 30 мингдан 70 минг долларгача) бўлган маблағдан иборат. Альфред Нобельнинг васиятига кўра, Нобель мукофотини бериш вазифаси Стокгольмдаги Қироллик ФА га (физика, кимё, иқтисод фанлари бўйича), Стокгольмдаги Қироллик тиббиёт-жаррохлик институтига (физиология ёки тиббиёт бўйича) ва Стокгольмдаги Швеция академия-1 сига (бадиий асарлар бўйича) топширилган. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилган фаолият учун – Нобель мкофотини Норвегия парламентининг Нобель комитети аъзолари беради. Тинчлик мукофотидан ташқари ҳамма мукофотлар фақат индивидуал тарзда берилади. Вафот этганларга Нобель мукофоти берилмайди. Мукофотни топшириш тантанаси Стокгольм ва Ослода Альфред Нобель вафот этган кун (10 декабр) да ўтказилади. Биринчи мукофот 1901 йилда топширилган. Нобел мукофотини 1901 – 2003 йилларда 565 киши олган.
Альфред Нобельнинг васиятига кўра, моддий тарафдан қувватланиб, 1895-йилда тадбиқ этилган қуйидаги беш йўналиш бўйича мукофотлар мавжуд:
- физика,
- кимё,
- физиология ва тиббиёт,
- адабиёт,
- жаҳонда тинчлик ўрнатиш ишлари бўйича ҳаракатлар учун (Тинчлик мукофоти)
1969-йилдан бошлаб, Нобел мукофоти иқтисодиёт соҳасида ҳам берила бошлади. Ҳозирги вақтда Нобел мукофотининг қиймати 10 млн. швед кронаси (1,3 млн $ атрофида)га тенг.
Нима учун Нобель мукофоти математикларга берилмайди?
Нима учун А.Нобель “Васиятнома”сида жуда муҳим математика фани тилга олинмаган деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Бу тўғрида икки хил қараш мавжуд: биринчиси, олим бу фанни назарий, ҳаётдан, амалиётдан узоқ, деб ҳисоблаган ва математика билан деярли қизиқмаган; иккинчидан, Нобель қаттиқ севган маъшуқа гўёки уни ташлаб математик олим билан турмуш қурган ва шу сабабли у умуман уйланмаган. Кўпгина биографларнинг ёзишича, динамит ихтирочиси умрининг охирига қадар бўйдоқ ўтган.
Аммо фактлар шуни тасдиқлайдики, Нобель ҳақиқатан ҳам ўз даврининг буюк математиги Миттаг-Леффлерни хуш кўрмаган. Олимлар айнан ушбу факт Нобельнинг ўз васиятида математика йўналишидаги ихтироларга мукофот белгиламаганига туртки бўлган дея ҳисоблашади.