Ўқув йилининг илк куни. Синф раҳбари хонага кириб болалар билан саломлашди. “Сизларнинг ҳаммангизни яхши кўраман, яна кўришиб турганимдан хурсандман”, деди. Бироқ орқа қатордаги партада ўтирган ўзи умуман ёқтирмайдиган болага кўзи тушди-ю, эски хотиралари қайта жонланди. Ўқитувчи у билан ҳам бошқалар каби ўтган ўқув йилининг бошида танишганди. Ушандаёқ боланинг бошқаларга қўшилмаслиги, ўйнаб-кулмаслиги, кир-чир кийимларидан нохуш ҳид келишини пайқаганди. Вақт ўтгани сайин ўқитувчи уни шу қадар ёмон кўриб қолдики, гоҳида ёзувларини қип-қизилга бўяб, «бир» баҳо қўйгиси келарди. Бир куни мактаб директори синф раҳбарига ўқувчиларнинг таржимаи ҳолларини бир-бир кўздан кечириб, ҳужжатларнинг камчиликларини тўлдиришини буюрди. Ўқитувчи ёмон кўрган ўқувчисининг ҳужжатлариниэнг охирида хоҳламайгина қўлига олди. Иштиёқсиз ўқий бошлади.
Биринчи синфдаги ўқитувчи бундай ёзганди: “У доимо кулиб турадиган ажойиб ўқувчи. Уй вазифаларини тартибли бажаради”.
Иккинчи синф ўқитувчиси: «Ўртоқларининг ҳурматини қозонган иқтидорли ўқувчи. Бироқ уйида муаммоси бор. Онаси оғир дардга йўлиққан», – деганди.
Учинчи синф ўқитувчиси эса бундай белгилаб қўйганди: “Онасининг ўлими унга қаттиқ зарба бўлди. Шунга қарамай, у ўқишга бор кучи билан ҳаракат қиляпти. Афсус, отаси у билан қизиқаётгани йўқ. Бирор чора кўрилмаса, бу ҳол ўқишига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин”.
Тўртинчи синф ўқитувчисининг ёзганлари: “Бола маъсулиятсиз, ўқишга қизиқмайди. Дўстлари ҳам йўқ. Дарс пайтида ухлаб қолади”. Ёзувларни ўқиб бўлгач, ўқитувчи ўз ҳиссиётларидан, аниқроғи ўқувчига нисбатан асоссиз нафратидан уялиб кетди.
Ўқиш давом этди, янги йил келди. Барча ўқувчилари синф раҳбарига ялтироқ қоғозларга чиройли қилиб ўралган совғалар олиб келишди. Ёқтирмаган ўқувчисининг совғаси қўпол картон қоғозга ўралган эди. Ўқитувчи уни очиб, тошлари тўқилган билагузук ва озгинагина атири бор шишача чиқарганди, болалар кулиб юборишди. Бироқ ўқитувчи: “Қандай чиройли билагузук”, дея кулгини тўхтатди. Атирдан сепди. Шу куни бола дарсдан кейин ҳамма кетишини кутиб турди, келиб ўқитувчисига: “Сиздан онамнинг ҳиди келаяпти”, деди. Болани кузатиб ўқитувчи узоқ йиғлади.
Шу кундан бошлаб ўқитувчи фақат ўз фанидан дарс берибгина қолмай, болаларга меҳрибончилик, ҳамдардликдан сабоқ бера бошлади. Синф ўқувчилари орасида ўзаро яқинлик, бир-бири учун қайғуриш ортиб бораётганини ҳис қилди. Энг қувонарлиси, ўқув йили охирига келиб ҳалиги бола синфдаги яхши ўқийдиганлар, фаоллар қаторига қўшилди. “Барчангизни бирдек яхши кўраман”, дейишига қарамай, ўқитувчи энди уни кўпроқ яхши кўрар, кўпроқ қадрларди.
Бир йилдан кейин ўқувчилари билан хайрлашди. Бошқа ўқувчиларга дарс бера бошлади. Шунда синф эшигига қистириб кетилган мактубча топиб олди. Хатда бола: “Менинг энг яхши ўқитувчим сиз бўласиз”, деб ёзганди.
Орадан беш йил ўтиб, иккинчи мактубни олди. Бола коллежни тамомлаганини, рейтинг бўйича синфда учинчи ўринни эгаллаганини айтиб, “Ҳали ҳам энг яхши ўқитувчимсиз”, деган сўзларнинг тагига чизиб қўйганди.
Тўрт йил кейин ўқувчи университетни яхши баҳолар 6илан тугатаётганини; яна тўрт йил ўтиб университетни тугатгандан кейин яна билимини оширишга қарор қилганию хозир унинг исм-фамилияси ёнида “доктор” деган унвон борлигини ёзган… хатларни “энг яхши кўрган ўқитувчимга” деб бошлаганди.
Вақт ўтаверди. Бир куни кекса ўқитувчини собиқ ўқувчи йўқлаб келди, уйланмоқчилигини айтди. Отаси ҳам оламдан ўтган экан. “Тўйда онам ўрнида ўтиролмайсизми?” деб илтимос қилди. Ўқитувчи рози бўлди. Ўқувчиси совға қилган ўша билагузукка тошлар қўйдириб, тўйга тақиб борди. Болага онасини эслатган атирдан сотиб олди. Кўришишганда ўқувчи ўзига қадрдон ҳидни сезди.
– Менга ишонганингиз учун, меҳру муҳаббатингиз учун раҳмат. Уқувчисининг бу дил эътирофидан ўқитувчининг кўзи ёшга тўлди:
– Бу фазилатлар менга сен туфайли насиб этди. Аслида,сени учратмагунимча болаларга қандай таълим бериш кераклигини билмаган эканман… Ўқитувчи ўз фарзандидек бўлиб қолган куёв йигит ёнидаги сулув келинчакка билагузукни тақиб қўйди.
Нигора Мирзаева таржимаси.
(«Ислом Нури» газетаси 28.02.2014)