«Улоқ» сўзининг маъноси нима? (видео) - Ta’lim / Образование

«Улоқ» сўзининг маъноси нима? (видео)

Эчкининг боласи маъносидаги «улоқ» сўзининг кўпкарининг маънодоши сифатида қўлланадиган «улоқ» сўзи билан қандай алоқаси бор, кўпкари нега улоқ ҳам деб юритилади, бу сўз аслида қандай маънони англатади, унинг келиб чиқиш тарихи, мутахассилар тили билан айтганда, этимологияси қандай? Бу саволларга аниқ жавобни қадимги ёзма манбалардан, тил хазинамизнинг бебаҳо бойликларини ўзида мужассамлаштирган луғатларимиздан топиш мумкин.

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «улоқ» сўзи «эчкининг боласи», «миллий спорт ўйини», «шундай спорт ўйинида сўйиб ўртага ташланадиган эчки ёки бузоқ», «Ўзбек тилининг этимологик луғати»да эса «эчки», «кўпкари» маъноларини билдириши кўрсатилган. Профессор Ш.Раҳматуллаев «улоқ» сўзи қадимги туркий тилда «улағ» тарзида талаффуз қилиниб, аслида «миниладиган ҳайвон»ни билдиргани ва кейинчалик «эчки»маъносини олиб, ундан «кўпкари» маъноси ўсиб чиққанлигини қайд этган.

КўпкариТарихдан маълумки, қадимги даврларда яшаган аждодларимизнинг бир қисми чорвачилик билан шуғулланган. Асли ёввойи ҳайвон бўлган отнинг биринчи марта хонакилаштирилиб, инсоннинг беминнат хизматкорига айлантирилиши ҳам аждодларимиз меҳнатининг самарасидир. Шу боис, бизда боқилган отларга талаб жуда катта бўлган. Қадимги Хитой манбаларида Давандаги (Фарғонадаги) отлар чопқир ва бақувват бўлиб, хитой ҳукмдорлари йиллар давомида ўша зотдор отлардан бирортасини қўлга кирита олмаганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бу эса, ўз-ўзидан от ва, умуман, чорвачилик билан боғлиқ атамаларнинг қадимги даврлардаёқ яхши шаклланганини кўрсатади. Ота-боболаримиз бу соҳада ҳам жуда катта хизматлар қилиб, бизга бой мерос қолдирган. Қадимги даврларда яратилган луғатларни, ёзма манбаларни кўздан кечирганда ҳар бир чорва моли ёши, жинси, ранги, гавдасининг катта-кичиклиги, хизмат турига кўра алоҳида-алоҳида сўзлар билан номланганини кўриш мумкин. Тарихнинг бу далиллари эса «миниладиган ҳайвон»ни билдирган «улағ» сўзидан «эчки» сўзининг, ундан ёки эчкининг боласи маъносини билдирадиган сўздан кўпкари маъносидаги «улоқ»нинг келиб чиққанлигига шубҳа уйғотади. Бундан ташқари, «Ўзбек тилининг этимологик луғати»даги «улағ» сўзининг «маъно тараққиёти натижасида «эчки» маъносини англата бошлаган»и ҳақидаги фикр ҳам ёзма манбалардаги аниқ далиллар билан асосланмаган.


«Улоқ» ҳақида видео (рус тилида)

Энди тилимиздаги қадимий сўзлар тарихи ҳақида кенг ва ишончли маълумот берадиган Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк» асарининг ўзбек тилидаги таржимасига мурожаат Кўпкари-2қилайлик. Маҳмуд Кошғарий «улағ» сўзини «бекнинг буйруғи билан юрувчи почтачининг маълум бекатлардан айирбошлаб миниладиган оти» тарзида изоҳланган. Бу изоҳдан ўша даврда расмий почта хизмати йўлга қўйилганлигини, «улағ» сўзи шунчаки миниладиган отни
эмас, фақат «почта хизмати учун миниладиган от» маъносини билдиришини билиб оламиз. «Девон»да «улағ» сўзининг «эчки», «улоқ» маънолари эса қайд этилмаган. Асарда «улоқ» сўзи «оғлақ», яъни «ўғлақ» шаклида берилиб, бу сўз эчкининг боласи эканлиги аниқ кўрсатилган: «оғлақ — улоқ, эчки боласи; оғлақ жиликсиз, оғлан биликcиз — эчки боласида илик йўқ, ёш болада ақл йўқ». Орадан минг йил ўтган бўлишига қарамай, бугунги ўзбек шеваларида, хусусан, Қашқадарё шеваларида улоқни «ўғлоқ», «ўғлоғ» шаклида талаффуз қилиш ҳозиргача сақланиб қолган.

«Девон»да «эчки» сўзи «ечку», «кечи», унинг эркаги «така», олти ойлик эчки боласи «чебиш», деб берилган. Бу сўзлар ҳам ҳозирги ўзбек тилида қисман фонетик ўзгаришлар билан кенг қўлланмоқда. Маҳмуд Кошғарий «Девон»нинг муқаддимасида «мен истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим», деб алоҳида урғулаган. Демак, бу сўзлар ўша даврда кенг истеъмолда бўлган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девон»идаги бу далиллар «улоқ» сўзи ҳақида шаклланиб қолган маълум бир фикрларимизни ўзгартиришга асос бўлиши мумкин, деб ўйлаймиз.

1.Эчкининг боласи маъносидаги «улоқ» сўзи қадимдан мустақил сўз бўлиб, у ҳозирги айрим ўзбек шеваларида истеъмолда бўлган «ўғлоқ» сўзининг фонетик ўзгарган шакли. Унинг кўпкарининг маънодоши сифатида қўлланадиган «улоқ» сўзига, яъни «Девон»да келтирилган «улағ»га алоқаси йўқ.

2.Қадимги туркий тилда «эчки» сўзи ҳам мустақил сўз бўлган, унинг ҳам «улағ» билан боғланадиган жойи йўқ.

3.Ҳозирда «кўпкари» сўзининг маънодоши сифатида қўлланаётган «улоқ» сўзи «эчки» ёки «улоқ» сўзининг маъно тараққиёти натижасида эмас, “почта хизмати учун миниладиган от” маъносидаги «улағ»дан келиб чиққанга ўхшаётир. Бизнингча, бу фикрни қуйидаги далиллар билан асослаш мумкин:

а) почта хизматида қандайдир нарса ёки маълумот бир жойдан иккинчи бир манзилга тезда етказилади. Кўпкарида ҳам ўртага ташланган сарка ёки бузоқ бир жойдан бошқа бир белгиланган манзилга олиб бориб ташланади;
б) почта хизматида транспорт воситаси сифатида отдан фойдаланилган, кўпкари ҳам от воситасида амалга оширилади;
в) «улағ» оддий от эмас, у почта хизмати учун миниладиган от. Кўпкаридаги от ҳам махсус парваришланиб, фақат кўпкари учун минилади;
г) «улағ»ни деҳқон ёки чорвадор эмас, почта хизматидаги одам, кўпкаридаги отни эса махсус  тайёргарлик кўриб шу ўйинда иштирок эта оладиган чавандозлар минади;
д) бу сўзлар товуш таркиби жиҳатидан ҳам бир-бирига жуда яқин. Қадимда тилимизда о товуши бўлмаган, кейинчалик форс тилининг таъсирида пайдо бўлган, ғ товушининг қ га ўтиши эса тилимиз тарихидаги мавжуд ҳодиса.

Бу фикр-мулоҳазаларимизнинг баҳсли, мунозарали жиҳатлари бўлиши мумкин. Шу боис, «улоқ» сўзининг маъносини аниқлаштириш борасида айтилган ҳар қандай асосли фикрни мамнуният билан қабул қиламиз.

Жўра Худойбердиев
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 22-сонидан олинди.
 


Leave a Reply