Ер шаримизда турли тарихга ва бой анъаналарга эга катта ва машҳур шаҳарлар бор. Улар нафақат бизнес, балки туризм жиҳатидан ҳам бошқалар учун қизиқарли ҳисобланади. Аммо уларнинг номларининг келиб чиқиши ҳақида хамма ҳам билавермаса керак…
Бугун сизга машҳур шаҳарлар номининг келиб чиқиши ҳақида маълумот бериб утамиз.
Лондон (Англия)
Лондон – қадимги римликларнинг «Londonium» сўзидан келиб чиққан деган тахминлар бор. Аммо бу сўзнинг аниқ маъноси йўқ. Баъзи тахминларга кўра, «Лондон» лотинча «Lond» сўзидан келиб чиққан бўлиб, яъни «ўрмон орасидаги ёввойи жой» маъносини англатади. Яна бир тахминга кўра, у қадимги келтлар тилидан олинган бўлиб, «Llin» (кўл) ва «Dun» (мустаҳкамлаш) сўзлари бирикмасидан пайдо бўлган. Келтлар даврида шаҳар «Lludid» деб аталган.
Париж (Франция)
Эрамиздан аввалги 3-асрда келтларнинг паризи қабиласи Сита оролига келиб жойлашишади ва кичикроқ балиқчилар қишлоғига асос солишади. Кейинроқ қишлоқча шаҳарга айланиб кетади ва Лютеция номини олади. эрамизнинг 52-йилида шаҳар римликлар томонидан босиб олинади ва унга «Паризилар шаҳри» номи берилади. Кейинчалик у Парижга айланиб кетади.
Амстердам (Нидерландия)
Нидерландиянинг пойтахти Амстердам шаҳрига 1275 йили асос солинган. Шаҳар шимолий Голландия вилоятидаги Амстел дарёси бўйида жойлашган. Дарё тошиб, атрофни сув босавергач, тўғон қурилган. Тўғон нидерланд тилида «Dum» дейилади. Амстердам сўзининг маъноси «Амстел дарёсидаги тўғон» маъносини англатади.
Мадрид (Испания)
Мадрид шаҳрининг ривожланиш даври 932 йилга бориб тақалади. Шаҳар Маджирит қалъаси атрофида пайдо бўлган. 1561 йили Испания қироли Филипп II уни ўз давлатининг пойтахти деб эълон қилган. Мадрид сўзи қадимги араб ва испан тиллари аралашмасидан ҳосил бўлган, деган тахминлар бор. Аммо бу сўзнинг қандай маъно англатиши ҳамон номаълум.
Берлин (Германия)
Берлин шаҳри немисча «Bar», яъни «айиқ» сўзидан пайдо бўлган, дейишади. Чунки шаҳар гербида айиқнинг сурати акс этган. Аммо бу тахмин ҳақиқатдан йироқ. Шаҳарнинг номи славян тилидаги «Бери», яъни «ботқоқ» сўзидан келиб чиққан.
Берн (Швейцария)
Берн шаҳри Швейцариянинг расмий пойтахти саналади. Унинг номи немис, француз, италян тилларида ҳам бир хил маънони англатади. Яъни, «Бирлашган шаҳар».
Жиззах номининг тарихи
Жиззах Бақтрия ва Сўғдиёна каби қадимий давлатлар таркибига кирувчи аҳоли яшайдиган муҳим манзиллардан бири бўлган. Олимларнинг фикрича, «Жиззах» деган ном сўғдийча «Дизак» («кичик қалъа») сўзидан келиб чиққан. Ёзма манбаларда шаҳар XX асрнинг бошларигача «Дизак» ёки «Дизах» деб юритилган. Маҳаллий халқ орасида эса асосан «Жиззах» номи ишлатилган.
«Жиззах» сўзининг маъноси ҳақида яна бир неча илмий ва ноилмий фикрлар мавжуд. Масалан, айрим олимлар «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини оҳактош билан боғлайдилар. Маълумки, Жиззах яқинидаги кўплаб оҳак конлари қадимдан мавжуд бўлган. Буюк Ипак йўли орқали Жиззахда тўхтаган савдогарлар ўчоқ сифатида ерда ётган тошлардан фойдаланганлар. Гулханни сув билан ўчирганда тошлар жизиллаб, оқ тусга кирган. Айнан шуни асос қилиб, айрим олимлар «Жиззах» сўзини суғдийча –«жизз» ва туркийча – «оқ» сўзларининг бирикишидан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар. Юқоридагилардан ташқари, «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини бу юртнинг иқлими билан боғлайдиганлар ҳам бор. Жиззахнинг ёзи жуда иссиқ, қиши эса анчагина совуқ бўлади. Яъни, ёзда «жиз»иллатиб куйдиради, қишда эса «зах»да қоласан.
Тошкент номининг тарихи
Ўзбекистон пойтахти Тошкент 2200 йилдан ортиқ тарихга эга. Шаҳар сифатида Тошкент ҳақидаги биринчи маълумотлар эрамиздан аввалги II асрдаги қадимги-шарқий манбаларда учрайди; Хитой манбаларида Юни деб аталган; Форс шоҳи Шопур I эрамиздан аввалги 262-йилдаги «Зардушт Каъбаси» қайдномаларида Тошкент воҳаси Чоч деб номланган.
Тошкент араблар тасарруфига ўтгач, араб алифбосида «ч» ҳарфининг йўқлиги боис арабий асарларда «Шош» деб юритилган. Илк ўрта асрларда у «Чоч», «Шош», «Шошкент», «Мадинат аш Шош», «Бинкат» ва «Таркан» деб номланган.
Шаҳар «Тошкент» номи билан даставвал 11-асрнинг машҳур алломалари — Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғарийнинг асарларида тилга олинади. Беруний «Ҳиндистон» асарида Тошкент номининг келиб чиқиши тўғрисида сўз юритиб, «Тош» сўзи асли туркча бўлиб, Шош кўринишини олган. «Тошканд — тошли қишлоқ демакдир», деб изоҳлайди.
Маҳмуд Қошғарийнинг маълумоти бўйича, Тошкент 11 —12-асрларда «Таркан» деб ҳам юритилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да Тошкент номи устида тўхталиб, «асарларда Тошкент номини Шош, баъзан Чоч ёзадилар» деб қайд этади. Бироқ 16-аср охири ва 17-аср бошларида Тошкент топоними шуҳрат топиб, унинг қадимги Чоч, Шош ва Бинкат номлари аста-секин муомаладан тушиб қолди.
Самарқанд номининг тарихи
«Самарқанд» сўзининг келиб чиқиши тўғрисида бир қанча тахмин ва гипотезалар мавжуд. Шарқ муаллифлари «Самарқанд» сўзининг биринчи қисми, яъни «Самар» сўзи шу шаҳарга асос солган ёки шаҳарни босиб олган кишининг номи деб ҳисоблаб, бир қанча сунъий таърифларни таклиф этдилар. Бироқ тарихда бундай исмли киши тўғрисида маълумотлар аниқланмаган.
Сўзнинг иккинчи қисми «кент» (канд) — қишлоқ, шаҳар деган маънони билдиради. Баъзи европалик олимлар, бу ном қадимдан қолган, санскритча «Самаря»ра яқин, яъни «йиғилиш, йиғин» сўзидан келиб чиққан деб изоҳлайдилар. Антик муаллифларнинг асарларида шаҳар Мароканда деб аталган . Бу ҳақиқатга анча яқин бўлиб, Мароканда — Самарқанд атамасининг юнонча айтилишидир. 11-аср олимларидан Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарий шаҳар номининг келиб чиқишини «Семизкент», яъни «семиз қишлоқ» сўзининг бузиб талаффуз қилиниши деб тушунтирадилар.