Шарқ манбаларида ўлчов бирликлари

Ҳар бир ўлчов бирлиги ўзининг узоқ тарихига эга. Ўлчов бирликлари мавжуд бўлмаган даврларда одамлар ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бирор нарсанинг миқдорини ўлчашда улардан фойдаланганлар. Илгари инсон тана аъзолари ҳам ўлчов воситаси сифатида қўлланилган. Бизга етиб келган ёзма ёдгорликларда улар ўз ифодасини топиб, турли даврларда ҳар хил юритилган. Асосийси, бу ўлчовларни ҳамма ҳам ишлата олишини ҳисобга олган ҳолда жорий этишган. Масалан, уларни ишлатиш учун бармоқ, қўл, қадам, кўз, қулоқ, бўғин, чақирим, қўш, тегирмон, мўнди, тирсак, тош ва бошқа нарсалар асос қилиб олинган.

1918 йил — дунёда метрик тизим жорий қилингунга қадар Ўрта Осиё мамлакатларида қуйидаги ўлчов бирликлари бўлган. Чунончи, марҳала, фарсах, (фарсанг), тош йиғоч таноб, ботмон, пуд, исбат (бармоқ), қадоқ, чорак, қулоч, тутам, энли, қарич, қадам, манзил, газ, чўзим, мина, мисқол, нима, нимата, пайса, пайт, пина, посира қуруҳ, шаръи ашрафий, шоҳрухий, ман, шибир (қарич), пўта, сотиҳ, чилла, талант, тассуж, турмуса, уқия, унсия, зиро, суям, ақирим, пақир, мири, даҳсар, нимча, шаир, етмай, есирак, дона ва бошқалар. Ҳар хил қийматларни ифодаловчи бу ўлчов бирликлари қадимдан халқларимиз ўртасида турли қийматга эга бўлган ўлчов воситаси сифатида хизмат қилиб келган. Жумладан, бадиий ёки тарихий китобларни ўқиганимизда баъзи буюк шоир ва алломаларимизнинг ўша даврда қўлланилган ўлчов бирликларига оид нотаниш сўзларига дуч келамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний «Қонуни маъсудий» китобида ўзининг ясаган катта глобуси ҳақида ёзиб, «диаметри 10 чўзим бўлган Ер куррасининг ярмини ишладим, унинг сиртида кенглик ва узунликларни чизиб қўйдим» деб айтган эди. Унда 1 «чўзим» қанча узунликка тенг деган савол туғилиши табиий, 1 чўзим-0,5; 0,6, метр. Демак, у ҳолда 10 чўзим — 5-6 метр бўлади. Шундай қилиб бобомиз Беруний диаметри 5-6 метрлик яримта глобус ясаган. Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида дирҳам, даврақ, мисқол, ритл (ёки ратл) каби ўнлаб ўлчов бирликлари ишлатилган. Ёки сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг 4 томли изоҳли луғатида «қари» сўзи кўп ишлатилган, яъни бир қари бармоқ учидан тирсаккача бўлган узунлик ўлчови деб берилган.

1 қарич қўл учидан тирсаккача масофа бўлиб, 6 тутамга тенгдир, 1 тутам эса 4 энликка, 1 энлик 6 арпа донасининг бўйланмасига тенгдир. Бобур даврида ишлатилган зиро атама ўлчов бирлиги 75 сантиметрга тенг бўлиб, Шарқ мамлакатларида кенг қўлланилган. Баъзан зиро ўлчов бирлиги ишлатилишига қараб ҳар хил қийматга ҳам эга бўлган. Форсийларнинг газига, туркийларнинг эса қаричига тўғри келган. Ўртача қиймати 54,04 сантиметр деб қабул қилинган. Ҳозирги вақтда эронда бир зиро бир газ бўлса, туркийда шу кеча кундузда 65 сантиметрга тенг. Таъкидламоқчи бўлганимиз шундаки, ўқувчиларга ана шу ўлчов бирликлари ҳақида тушунча бериш керак. Бу, айниқса, адабиёт дарсларида муҳим ўринга эга. Чунки, мактаб дарсликларидаги мумтоз адабиётлардан келтирилган парчаларда, юқоридаги мисолларни ўқувчилар тушунмаслиги мумкин. Масалан, Навоий лирикасини ўқиётган ўқувчи қадам сўзига дуч келади. Агар у қадам сўзи қадимдан маълум бир ўлчов бирлиги сифатида қўлланилганлигини билса, байт қийматини қийналмасдан тушунади.

Ҳамул ердан ўн икки минг қадамдир,
Вале ҳар бир қадамда юз надамдир.

Муқимий асарларини ўрганишда ҳам ўқувчи чорак гуручни билмаса қуйидаги байт маъносини тушуна олмайди.

Қирқ чорак гурунч олай дейман,
Яна тўйимга етмагай дейман.

Бу каби мисолларни Саккокий, Махмур, Лутфий, Фурқат асарларидан, ҳатто Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Мирмуҳсин каби замондош адиблар асарларида ҳам учратиш мумкин.

Шу маънода баъзи бир Шарқ мамлакатларида ишлатилган ўлчов бирликларини келтириб ўтмоқчимиз: 

1 Марҳала — 25-30 километрга тенг.

1 Сотих — майдон ўлчови бўлиб, 10 х 10=100 метр квадратга тенг.

1 Ботмон — 78 пудга ёки 128 кг.га тенг.

1 Қарич — бош бармоқ билан жимжилоқнинг бармоқ ёйилмасига тенг, яъни 19-20 сантиметрга тенг.

1 энлик — бир бармоқ энига тенг (18-20 мм) ёки 1 энлик-6 та арпа донасининг бўйланмасига тенг.

1 Фарсах (фарсанг) — масофа ўлчов бирлиги — 6 км.га тенг.

1 йиғоч — масофа ўлчов бирлиги — 5985 метр, баъзи жойларда 8-9 км.га тенг.

1 таноб — майдон ўлчови, турли жойларда турлича: бир гектарнинг олтидан биридан то ярим гектаригача бўлган.

1 Пут — 16 кг.

1 Исбат (бармоқ) — 2-2,5 сантиметр.

1 Қадоқ — 409,5 грамм.

1 Чорак — 250 грамм.

1 Тутам — (Марказий Осиёда)=9 см: арқон ёки таёқни сиқиб ушлаган қўл тўртта бармоғининг кенглигига мос тарзда танланган узунлик бирлиги.

1 Қадам — 63-71 см.га тенг узунлик ўлчови.

1 Шаир — 1 мисқолга тенг. 1 мисқол-асосан 4,25 грамм, баъзан 4,50 грамм, 4,64 грамм деб олинган.

1 Қулоч — икки қўлнинг ўрта бармоқ учлари орасидаги масофага тенг.

Монат тарзда танланган узунлик ўлчови, 8 қаричга тенг.

1 Қулоч — Бухорода=142 см., Фарғонада 167 см.

1 Аршин — бир қадамга тенг.

1 Қадам — (Марказий Осиёда) — 63-71 см. деб олинган.

1 Тош (фарсах) — Шарқ мамлакатларида кенг қўлланилган. 9-12 минг қадамга ёки 6-8 чақиримга тўғри келган масофа.

1 Чақирим — 1006 метрга тенг.

1 Газ — 0,71 метрга тенг узунлик ўлчов бирлиги. Ҳозирги вақтда бир газ (Еронда) 104 см.га тенг. Илгари Марказий Осиёда 24 бармоқ эни (1 бармоқ эни 6 дона арпа дони энига тенг) ёки 7 мушт эни (таёқни ушлагандаги эни) 1 газ бўлган. Хоразмда 1 газ 12 дюйм (30,48 см.)ни ташкил қилган. Бухорода 1 газ ХVI-ХVII асрларда 78,74 см., ХIХ асрда 106,68 см., Тошкент, Самарқанд ва Туркистонда (ХIХ асрда) 88,9 см. Андижон ва Марғилонда (ХIХ асрда) 83-84 см. бўлган.

1 Пахса — 60 сантиметрга тенг.

1 Қўш (сув) — ҳўкиз билан бир кунда ҳайдалган ерни суғориш учун кетган сувга тенг деб олинган.

1 Тегирмон — тегирмон тошини айлантирадиган миқдордаги ариқ сувига тенг.

1 Пайса — 50 граммга тенг оғирлик ўлчови.

1 Пақир — 2 тийинлик чақа пул.

1 Мири — 5 тийинлик чақа пул.

1 Танга — Бухоро амирлигида 15 тийинга, Қўқон хонлигида 20 тийинга тенг бўлган кумуш пул.

1 Сўлкавой — 1 сўмлик танга.

1 Арузза — (гуруч дони)-0,017 грамм.

1 Шаъира — (арпа дони)-0,059 грамм.

1 Ҳабба — 0,059-0,071 грамм.

Демак, Шарқ мамлакатларида турли даврларда ишлатилган ўлчов бирликларини ўқувчиларга ўргатиш орқали уларга халқимиз қадриятлари ҳақида атрофлича тушунча беришимиз мумкин.

Қодир Тўраев,
ЖДПИ ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди
Муҳайё Зокирова,
Жиззах туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси

Ўхшаш мавзулар:

One thought on “Шарқ манбаларида ўлчов бирликлари

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*