Умумий ўрта таълимда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Халқ таълими вазирлиги сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида умумий ўрта таълим тизимида жорий этилаётган ўзшаришлар тўғрисида маълумот берди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, ўзгаришлар 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси ҳамда ҳукуматнинг 15 мартдаги (Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида) ва 6 апрелдаги (Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида) қарорлари асосида ишлаб чиқилди.

Мажбурий таълим тизими (9+3) учун 18 та умумтаълим фанидан таълим мазмунининг узвийлиги тўлиқ таъминланган ҳолда умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди. Амалдаги давлат таълим стандартлари бундан 17 йил аввал умумий ўрта таълим тизими учун алоҳида, ўрта махсус таълим тизими учун алоҳида ишлаб чиқилган.

Замон талабларидан келиб чиқиб ўқувчиларда информатика, ахборот технологиялари фанининг дастлабки тушунчаларини шакллантириш мақсадида I-IV синфларда математика фанини ўқитиш мазмунига дастурлашнинг дастлабки тушунчалари сингдирилди.

«Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани «Информатика ва ахборот технологиялари» деб ўзгартирилди. «Меҳнат таълими» фани ўқув режада «Технология» фани деб ўзгартирилди ҳамда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб кўп тармоқли йўналишларга асосланган ҳолда қайта ишланди.

Ўқувчиларда илк ёшданоқ шахмат ўйинларига қизиқишини ва мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида жисмоний тарбия фанидан ДТСга ўқувчиларда шахмат ўйинини ўрганиш талаблари сингдирилди.

Такомиллаштирилган давлат таълим стандартлари 2017−2021 йиллар оралиғида босқичма-босқич амалиётга жорий этилади. Улар таълим-тарбия жараёнига принципиал янги ёндашувнинг жорий этилишига ва у орқали ўқувчиларда олган билимларини амалиётда тўғри қўллай олишга, мустақил ижодий фикрлаш каби кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан мактабларга бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади. Бу мактабларда таҳсил олувчилар сонида номутаносибликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Эндиликда белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасаси синфларининг тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Синф ўқувчиларини бўлиб ўқитиш бўйича ҳам нормалар белгиланди. Жумладан, малакали ўқитувчилар етарли бўлган ҳолларда ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган I-IX синфларда чет тили, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар, V-IX синфларда информатика ва меҳнат таълими, VIII-IX синфларда жисмоний тарбия фани, таълим бошқа тилда олиб бориладиган муассасаларнинг II-IX синфларида ўзбек тили ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган муассасаларнинг II-IX синфларида рус тили фани дарсларини икки гуруҳга бўлиб ўтишга рухсат этилади.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли ва чўл ҳудуди) аҳоли пунктларида жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактабларда ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб белгиланади.

Олис (тоғли ва чўл ҳудуди) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида мактабларнинг филиаллари ташкил этилади. Бундай филиалларда ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.

Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб ўқувчилар сони 180 нафаргача бўлган мактаблар ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

Алоҳида шароитларда ёхуд узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болалар умумий ўрта таълимни ихтисослаштирилган мактаб, санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, инклюзив (уйғунлашган) шароитда яшаш жойларидаги умумий ўрта таълим мактабларида, уйда якка тартибда, даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда олишлари мумкин.

манба: gazeta.uz

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*