ХТВ: Kundalik платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талаблар онлайн таълим даври якунига қадар бекор қилинади - Ta’lim / Образование

ХТВ: Kundalik платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талаблар онлайн таълим даври якунига қадар бекор қилинади

Бугун АОКАда ўтган брифингда масофавий таълим даврида электрон Кундалик платформасидан фойдаланиш юзасидан келиб тушган саволлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати рахбари Лайло Рустамова батафсил маълумот берди.

masofaviy_talim

Савол: Онлайн таълим жараёнида фарзандларимнинг Kundalik.com тизимига уйга вазифаларини юклашида муаммолар юзага келмоқда, вақтида юкланмагани уй вазифа учун эса ўқитувчилар томонидан баҳолар пасайтирилмоқда. Шу муаммонинг ечими борми?

Жавоб: Дастлаб айтиш жоизки, Халқ таълими вазирлиги кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик туғдириш мақсадида масофавий таълим даври якунига қадар электрон Кундалик платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талабларни бекор қилмоқда.

Юқоридаги саволга қайтадиган бўлсак, эндиликда ўқитувчилар уйга вазифаларни ўқувчи ва ота-оналар билан келишган ҳолда Kundalik.com тизими ёки исталган бошқа ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ёрдамида қабул қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз. Бунда телевидение орқали эфирга узатилаётган фанлар доирасида ўқитувчилар томонидан берилаётган уйга вазифалар “Онлайн-мактаб” телевизион дастури орқали эфирга узатилаётган дарсларига мос бўлиши лозим.

Уйга вазифа топширилгандан кейин ўқитувчилар томонидан уларни баҳолаш ва қўйилган баҳоларни Kundalik.com тизимига ёки Kundalik.com жорий қилинмаган мактабларда босма шаклдаги синф журналларига қўйиш учун 5(беш) кун муддат берилади.


Ўқитувчилар онлайн таълим жараёнида ҳам анъанавий мактабдаги сингари баҳолаш тизимини қўллаши мумкин

Савол: Онлайн таълим жараёнида биздан мактаб раҳбарияти кундалик равишда ҳар бир фандан ҳар бир ўқувчини баҳолашни талаб қилмоқда. Баҳолаш жараёнида анъанавий мактабдаги каби йўл тутсак бўладими?

Жавоб: Албатта, онлайн таълим жараёнида ҳам анъанавий мактабдаги сингари баҳолаш тизимини қўллашингиз мумкин.

Яъни, Ўқитувчилар ҳар кунлик уйга вазифаларни белгиланган иш меъёрлари ва вақтлари доирасида, бир кунда кўпи билан 20 (йигирма) фоизини баҳолаши мумкин. Масалан, синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, бир кунда 7 нафар ўқувчи уйга вазифа топшириб баҳоланади, кейинги дарс учун кейинги 7 киши баҳоланади ва ҳоказо, ушбу меъёрдан ортиқ ўқувчини баҳолаш ўқитувчининг ўз ихтиёрига кўра, ўқувчи ва ота-оналар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга ўқитувчиларимизга масофавий, яъни онлайн шаклдаги таълим даври мобайнида Kundalik.com статистик ҳисоботида “дарсларни ўз вақтида қайд этиш” ва “режалаштириш” кўрсаткичлари ҳисобга олинмаслигини маълум қиламиз!

“Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу кўрсатма хати бугун барча умумтаълим муассасаларига етказилади. Юқорида келтирилган муаммоларни ушбу кўрсатма хати асосида бартараф этишга ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда умумтаълим муассаса директорлари шахсан жавобгар ҳисобланадилар”, – дейилади хабарда.

Leave a Reply