Энди мактаб ўқувчилари камида битта миллий чолғу асбобини чалишни билиши керак бўлади

Бу борада Президентнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.


cholgu_asbobi

2022/2023-ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатига (шаҳодатнома) тегишли қайд киритилади.

Қарорга кўра, 2022/2023-ўқув йилидан мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факултатив дарслари ўтказилади.

Шунингдек, миллий чолғулардан камида биттасида, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиш мусиқа фани ўқитувчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Мусиқа фани учун ажратилган ўқув соатлари доирасида “Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу” шиори остида чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари йўлга қўйилади.

Ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишларига кўра миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш маҳорати, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида амалий тўгараклар (кейинги ўринларда – амалий тўгараклар) ташкил этилади.

Мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида у ердаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасалари мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимига тўлиқ ставкада ишга қабул қилишга рухсат берилади;

Бундан ташқари мусиқа фани ўқитувчиларини камида учта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишга ўргатиш халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими доирасида амалга оширилади, бунда қайта тайёрлаш (малака ошириш) курсларида машғулот олиб бориш учун маданият ва санъат соҳаси вакиллари шартнома асосида жалб этилади.

🔥1.4 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853