Фан олимпиадасининг учинчи (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича йўриқнома (биринчи гуруҳ фанлар) - Ta’lim / Образование

Фан олимпиадасининг учинчи (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича йўриқнома (биринчи гуруҳ фанлар)

Халқ таълим вазирининг 03.11.2021 даги 361-сонли буйруғига асосан фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи 25-30 ноябр кунлари ўтказилади.

olimpiada


Асосий фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари бўйича йўриқнома

 

1. Мазкур йўриқнома 2021 йил 25-29 ноябр кунлари ўтказиладиган биринчи гуруҳ (математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари) фанларидан асосий олимпиаданинг III (вилоят) босқичини (кейинги ўринларда – олимпиада) ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қўлланилади.

 

1-§. Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш

2. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларида олимпиадани ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита тузилади.

3. Ташкилий қўмита:

  • олимпиада ўтказиладиган жойни белгилайди ва тасдиқлайди;
  • олимпиада ўтказиладиган жой ва вақти бўйича туман босқичи ғолиблари, мазкур олимпиадада иштирок этадиган умумий ўрта таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларини хабардор қилинишини таъминлайди;
  • Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти (кейинги ўринларда – департамент) билан келишган ҳолда ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзоси, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантиради (бунда ҳакамларни бошқа ҳудудлардан жалб қилиниши инобатга олинади);
  • олимпиада назорат материалларининг махфийлигини таъминлайди;
    олимпиада жараёнларини белгиланган талаблар асосида ўтказилишини таъминлайди;
  • информатика ва ахборот технологиялари фанидан олимпиадада иштирок этадиган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, олимпиада ўтказиладиган аудиторияларни тўлиқ техник таъминлаш ҳамда компьютер қурилмаларини бутунжаҳон интернет тармоғига уланишини сифатли ташкил этиш, компьютерларда C++, Python, Java дастурлаш программалари ва Google Chrome интернет браузерининг сўнгги версияси мавжудлигини назоратга олади;
  • ўқувчилар топшириқларни якунлагандан сўнг, саволлар китобчаси иштирокчиларнинг ўзида қолдирилишини ҳамда барча иштирокчиларнинг ёзган ишлари (шифрланмасдан олдин) – ёзма иш дафтарлари (муқоваси ва жавоблар ёзилган барча варақлари) ва тестга ёзган жавоблар варағининг электрон шаклини (расмга олиб) махсус Телеграм гуруҳига жойлаштирилишини назорат қилади;
  • олимпиада иштирокчилари тўғрисидаги барча маълумотларни olympiad.uzedu.uz ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштиради;
  • олимпиада натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни Департаментга тақдим этади.

4. Олимпиада 9-11-синф (I, II (III) босқич) ўқувчилари ўртасида 1-иловадаги жадвал асосида ўтказилади.

olimpiada viloyat bosqichi

Қуйидагилар олимпиада иштирокчилари ҳисобланади:

  • асосий олимпиаданинг II (туман/шаҳар) босқичида тегишли фан ва синф бўйича 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;
  • академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар томонидан тавсия этилган 3 нафаргача ўқувчилар;
  • 2020-2021-ўқув йилида асосий олимпиаданинг III (вилоят) босқичида 1-ўринни эгаллаган ва ҳозирда мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилар (ўтган ўқув йилида ғолибликни қўлга киритган фани бўйича).

5. Иштирокчиларнинг олимпиадалар бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларини таъминлашга халқ таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.

 

2-§. Олимпиада натижаларини баҳолаш

6. Олимпиада математика, физика, кимё ва биология фанларидан иккита турда ташкил қилинади.
Бунда:

  • иштирокчиларга турли қийинлик даражасидаги 5 та ёзма иш топшириқлари (7, 7, 10, 10 ва 16 балли топшириқлар, жами 50 балл билан баҳоланади)ни бажариш учун 180 дақиқа вақт ажратилади ҳамда иштирокчиларга турли қийинлик даражасидаги 30 та тест саволлари тақдим қилиниб, уларни бажариш учун 90 дақиқа вақт берилади. Тест топшириқларининг дастлабки 10 таси содда даражадаги ёпиқ тест (А, В, C, D жавоб вариантларидан танланади) бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 0,9 балл билан баҳоланади;
  • кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражадаги ёпиқ тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 1,5 балл билан баҳоланади;
  • қолган 10 таси очиқ тест (жавоби ёзиладиган) бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 2,6 балл билан баҳоланади, жами 50 балл (10*0,9+10*1,5+10*2,6=50). Иштирокчилар икки тур бўйича умумий 100 балл билан баҳоланади.

Информатика ва ахборот технологиялари фанидан олимпиада битта турда ташкил қилинади. Иштирокчиларга турли қийинлик даражасидаги 7 та масала (5, 5, 7, 7, 10, 10, 16 баллик масалалар)ни онлайн порталда ечишлари учун 240 дақиқа вақт берилади, тўлиқ ишланган ва тизимда қабул қилинган масалаларга тегишлича балл берилади, жами 60 балл. Иштирокчилар масала учун дастур кодларини фақат C++, Python, Java дастурлаш тилларида ёзишлари талаб этилади.

7. Умумий натижаларига кўра, ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиб (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланади ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан кейинги босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

8. Якуний натижаларга кўра, ғолиб ўринлар учун бир нечта иштирокчиларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, ёзма иш натижалари бўйича кўп балл тўплаган ўқувчи устунликка эга бўлади;
агар ёзма иш натижалари ҳам тенг бўлса, ёзма ишдаги мураккаб топшириқлар бўйича кўп балл тўплаган ўқувчи устунликка эга бўлади.

9. Информатика ва ахборот технологиялари фанидан бир нечта иштирокчиларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, тизим автоматик равишдатез ишлаган ўқувчининг рейтингини юқорида кўрсатади, яъни ўқувчиларнинг масалани ишлашга сарфлаган вақтлари ҳисобга олинади.

10. Барча ҳолат бўйича ҳам баллар тенг бўлган тақдирда ўқувчиларга ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча 3та очиқ тест (жавоби ёзиладиган) берилади ва ғолиб аниқланади.

11. Барча фанлардан назорат материаллари Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилади ва махфийлиги таъминланган ҳолда жойларга етказилади.

12. Жойларга етказилган ёзма иш ва тест топшириқларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ташкил этиш, Олимпиада жараёнларини (топшириқларни қоғозга чиқариш вақтида, иштирокчилар тест топшираётган вақтида, ҳакамлар ҳайъати ишларни текшираётган вақтда) видеокузатув орқали ёзиб олиниши ва ижтимоий тармоқларда (Facebook, Instagram) жонли тарзда намойиш қилинишига ҳудудий бошқармалар бошлиқлари шахсан масъул ҳисобланади.

13. Барча ҳудудларда олимпиада жараёнлари белгиланган график асосида бир вақтда бошланади.

14. Топшириқлар иштирокчиларга ўзбек ёки рус тилларида берилади.
Қорақалпоғистон Республикасида топшириқлар қорақалпоқ тилига таржима қилиниши мумкин. Бунда, таржима қўлёзма шаклда ўқувчиларга тақдим этилишига рухсат берилади.

 

3-§. Ҳакамлар ҳайъати

15. Олимпиадада ташкилий қўмита томонидан математика, физика, кимё ва биология фанларидан 5 нафардан иборат таркибда, информатика ва ахборот технологиялари фанидан 3 нафардан иборат таркибда (бошқа ҳудудлардан жалб қилинадиган ҳакамлар билан бирга) ҳакамлар ҳайъати тузилади.

16. Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учун берилган вақт якунлангандан сўнг, аудитория раҳбари томонидан ўқувчиларнинг ишлари йиғиб олинади ва шифрланган ҳолда ҳакамлар ҳайъатига топширилади.

17. Ҳакамлар ҳайъати олимпиада иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни Вазирлик томонидан тақдим этиладиган тўғри жавоблар асосида холисона текширади ва баҳолайди.

18. Иштирокчиларнинг тест топшириқларига берган жавоблар варағида битта саволга икки ва ундан ортиқ жавоблар тўғри деб белгиланган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инобатга олинмайди ва ушбу саволнинг жавоби учун 0 балл қўйилади.

19. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ўқувчиларнинг бажарган ишлари текширилаётган пайтда, ташкилий қўмита томонидан топшириқларнинг тўғри жавоблари ва ечимлари эълон қилинади.

20. Тест топшириқлари орасида хато тузилган ёки тўғри жавоби мавжуд бўлмаган саволлар аниқланса, барча иштирокчиларга мазкур савол учун белгиланган балл берилади.

21. Ҳакамлар ҳайъати барча ўқувчиларнинг ишларини текшириб бўлгандан сўнг, балларни Excel дастурига киритади ҳамда аудиторияга йиғилган иштирокчиларга ўз ишлари баҳоланган ҳолатда танишишлари учун тақдим этилади. Иштирокчиларнинг аудиториядаги хатти-ҳаракатлари (ўз ишларини ўзгартириб қўйиши, жавоблар варағини қайтариб топширмаслиги олди олиниши керак) қатъий назоратга олинади.

22. Иштирокчилар ўз ишларини ҳакамлар ҳайъати томонидан тўғри ва адолатли текширилганлигига ишонч ҳосил қилсалар, уни қайтариб ҳакамлар ҳайъатига топширади.

23. Агар иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати баҳолаган ишларига эътироз билдирсалар, уларга ҳакамлар ҳайъати томонидан шу савол бўйича тушунча берилиши керак.

24. Барча иштирокчиларнинг ишлари қайта йиғиб олингандан сўнг, баллар ўзгарган ҳолатлар мавжуд бўлса, шу асосида якуний қарор шакллантирилади ҳамда якуний қарор ва ғолиб бўлган 3 нафар иштирокчининг жавоблар варағидан нусха олиниб, барчага эълон қилинади.

4-§. Апелляция комиссияси

25. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган бир нафар фан мутахассисларидан иборат таркибда тузилади.

26. Апелляция комиссияси томонидан олимпиада иштирокчиларининг аризалари олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади. Апелляция жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари, иштирокчи ва унинг фан ўқитувчиси иштирок этиши мумкин.

27. Апелляцияга олимпиада иштирокчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича натижа эълон қилингандан сўнг шу куннинг ўзида аризалар қабул қилинади.

28. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган иштирокчининг бажарган ишида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

29. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъатига апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, олимпиада натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади.

 

 

Leave a Reply