Уларда қандай? Ҳиндистон таълим тизими (видео) - Ta’lim / Образование

Уларда қандай? Ҳиндистон таълим тизими (видео)

Бугун дунёнинг кўплаб машҳур ҳамда етакчи компанияларида Ҳиндистон таълим тизими маҳсулоти бўлган мутахассисларнинг ишлаётганини кўриш мумкин. Йилдан йилга Ҳиндистон олий билим юртларига ўқишга келаётган хорижлик талабалар сони ҳам ошиб боряпти. Буларнинг барчаси мамлакат таълим тизими мустаҳкам мавқе ва сифат кўрсаткичига эга эканлигини кўрсатади.

Хинд мактаблари;/

Ҳозирда Ҳиндистон олий таълим тизими 17 000 дан зиёд коллеж, 20 марказий университет, 217 Штат даражасидаги Университет, 106 та университет мақомидаги олийгоҳ ҳамда 13 та умуммиллий аҳамиятга эга институтни ўз ичига олади. Яқин келажакда бу рақамлар қаторига яна 30 та марказий университет, 8 та янги Ахборот Технологиялари институти, 7 та Менежмент Институти ва 5 та Ҳиндистон илмий институти қўшилиш арафасида.

Қадим Ҳиндистонда таълим

Ведалар, Пурана, Ажурведа, Ёга ва Каутилянинг “Арташастра” асари каби қадимий манбаларда анъанавий Ҳинд таълим тизимининг тамал асослари ўз ифодасини топган. Қадим Ҳиндистонда расмий таълим беришнинг Гурукул тизими амалда бўлган. Бунда ўқувчи ҳаётнинг Браҳмачаря босқичидан ўтаётганда Гурунинг, яъни устозининг уйида яшаб таълим олишга мажбур бўлган. У бу йўл билан нафақат билим олган, балки устоз оиласида яшаш даврида одоб-ахлоқ меъёрларини ҳам ўзлаштириб борган. Аммо бу турдаги таълим фақат юқори табақа вакилларигагина мансуб бўлиб, аҳолининг катта қисми, хусусан, аёллар илм олишнинг барча йўларидан тўсилган эди. Жайнизм, Буддизм, Бахти ва Ислом каби либерал динларнинг ёйилиши билан илм олишнинг фақат олий касталаргагина хослилиги ҳақидаги ақида йемирилиб, аҳолининг қуйи табақалари ҳам илм олиш имкониятига эга бўлиб борди. Таълимнинг барча учун бирдек имкониятга айланиши Англия мустамлакачилари олиб келган замонавий инглиз таълим тизими ўрнатилиши билангина тўла рўёбга чиқди.

Инглизлар Ҳиндистон озодлигининг бой берилиб, мамлакат иқтисодининг яксон қилинишида бош айбдор саналсалар-да, лекин замонавий таълим ва янги сиёсий-иқтисодий тизимни олиб келишлари билан бу ўлка келажаги учун катта хизматни ҳам қилиб кетган эдилар. Бугунги Ҳиндистон эришаётган муваффақиятларда айни шу мустамлакачи халқ ўрнатиб кетган тизим ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этмасдан иложимиз йўқ.

Бугунги Ҳиндистонда таълим

1947 йил Ҳиндистон мустақилликка эришгандан сўнг илм олиш учун барчага бирдек шароит яратиб бериш ҳукумат олдидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Жамиятдаги табақачиликнинг асоси бўлган каста ва бошқа айирмачилик анъаналари Конституция орқали тақиқланди ва уларга амал қилиш жиноят деб эъон қилинди. Паст табақаларни хўрловчи, уларни жамиятда бошқалар каби тенг ҳуқуқли ҳаёт кечиришдан тўсувчи одатлар жамият ҳаётига шунчалик чуқур сингиб кетган эдики, уларга ҳамма қатори тенг имконият яратиб беришни таъминлаш учун бундай айирмачи одатларни ман қилишнинг ўзи кифоя қилмасди. Шу боисдан ҳам улар учун таълим тизимида махсус имтиёзлар яратиш тизими йўлга қўйилди. Масалан, олий таълимда 7.5 фоиз ўрин қабила бўлиб яшовчи одамлар вакиллари учун, 15 фоизи қуйи каста аъзолари учун, 27 фоизи бошқа қолоқ гуруҳлар (БҚГ) учун ажратилган. Айни шу имтиёзлар тизими мамлакатда имтиёзсиз юқори табақалар орасида норозиликларни келтириб чиқармоқда. Яқинда БҚГга ажратилган ўринларнинг янада оширилиши аҳолининг турли гуруҳлари орасида катта тўполонларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Мамлакат турли намойишлар, қаршилик ҳаракатлари билан ҳануз нотинч. Айрим жойларда тартибсизликлар катта иқтисодий зарар ва ҳатто инсонларнинг қурбон берилишигача олиб борди.

Бундан ташқари, Ҳиндистон Конституцияси озчилик гуруҳларнинг ўз таълим даргоҳларини очишларига ва уни ўзлари истаган ўқув дастури асосида мустақил юритишларига ҳам рухсат беради. Айни шу имтиёз асосида бугун Ҳиндистонда мамлакат расмий таълим тизимидан мустақил бўлган турли диний гуруҳларнинг ўқув даргоҳлари, мактаблари фаолият юритмоқда.

Бугунги Ҳиндистон таълим тизими бошланғич, ўрта, юқори ва олий таълимни ўз ичига олади. Бошланғич таълим саккиз йил бўлиб, сўнг ҳар бири икки йилдан бўлган ўрта ва юқори таълим босқичлари келади. Умумий мактаб таълими 10+2, яъни 12 йил давом этади. Мактаб стандарти битгач, олий таълим бошланади. Бакалаврлик даражаси одатда уч йил бўлиб, айрим йўналишларда беш йилгача давом этиши мумкин. Магистратура эса икки йилдан иборат, аммо бунда ҳам айрим соҳаларда ўқиш уч йилгача чўзилади. Бундан сўнг хоҳловчилар муддати бир неча йилдан иборат аспирантура, докторантура каби таълим даражалари учун ўқишларини, илмий изланишларини давом эттиришлари мумкин.

Мактаб формаси

Хар бир ҳинд мактабининг ўзини мактаб формаси бўлиб, унда ўзига хос куйлак, шим, юбка, жакет бўйинбоғ, хаттоки пайпоқ ва туфли ҳам ажралиб туради. Бошланғич синфлар ўз исм шарифи ёзилган бейджик тақиб юришади. Уларни ота-онаси олиб-кетишига қарамасдан, баъзида мактабдан бехос чиқиб кетиб йўқолиб қолишади. Шунда ушбу бейджиклар жуда асқотади.

Мактаб учун махсус транспорт

Ҳиндистондаги ўзини ҳурмат қиладиган хар бир мактабнинг ўз транспорти бўлиб, алоҳида тўлов эвазига улар болажонларни мактабга олиб боришади. Ушбу автобуслар шаҳар маршрутидаги қизил автобуслардан фарқ қилиши учун сариқ рангда бўлади.

Фанлар

Ҳиндистон мактабларида таълим бериладиган фанлар Ўзбекистон мактабларидаги фанлар унча фарқ қилмайди. Ўзимиздаги мактаблар сингари Ҳиндистонда ҳам тарих, география, расм, хуқук, кимё, физика, биология, математика ва информатика фанлари ўтилади. Гуманитар фанлар ўз ичига инглиз тили, хинд ва штатдаги маҳаллий тилни ўз ичига олади. Адабиёт фани мактаб дастурига алоҳида фан сифатида киритилмаган бўлиб, ҳинд ўқувчилари инглиз тили фани доирасида британ классиклари билан танишишади.

Баҳолаш тизими

Баҳолаш тизими бизникидан кескин фарқ қилади. Оғзаки жавоблар учун ўқувчиларга баҳо деярли қуйилмайди, сабаби ўқитувчининг бир дарс давомида 60-70 (!) ўқувчини баҳолаш учун вақти ҳам, кучи ҳам етмайди. Ҳа, ҳайрон бўлманг. Энг обрўли ҳинд мактабида ҳам бир синфда 60-70 ўқувчи ўқийди (Ҳиндистон аҳолиси қанча эсингиздами?). Шунинг учун ўқувчиларни баҳолашнинг муқобил усули сифатида дарсликдаги маълум мавзу тугаши билан ёзма назорат ишлари олинади ва баҳоланади. Хар бир семестр тугиши билан эса хар бир фандан 100 баллик тизимда назорат ишлари олинади.

Энг юқори балл тўплаган битирувчи синф ўқувчиларининг исм шарифи махсус тахталарга ёзилиб бутун шаҳарда: кўчаларда, бекатларда ва шаҳар транспортида илиб чиқилади.

Имтиҳонлар

Тиббиёт, бизнес бошқаруви каби саноқли курслардан ташқари Ҳиндистоннинг бошқа олий ўқув юртлари курслари учун кириш имтиҳонлари ўтказилмайди. Талабаликка мактабда олинган балларга қараб қабул бўлади. Яъни, ўқувчининг 12 йил давомида йиққан ва сўнгги синфдаги битирув имтиҳонларида олган бал кўрсаткичлари унинг қайси олий ўқув юртига кира олиши мумкинлигини ҳал қилади. Шу боис мактабда ҳам ўқиш-ўқитиш ишлари ҳаққоний ва қаттиқ тартиб асосида олиб борилади. Бу тизим ўқувчиларнинг мактаб давриданоқ ўқишга жиддий ёндашиб, аъло баҳо олиш учун қаттиқ ўқишларини таъминлаган. Ҳатто аҳвол шу даражада жиддийки, мамлакат бўйлаб бир неча ўқувчининг мактаб битирув имтиҳонларидан паст бал олгани учун ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарлар ҳар йили оммавий ахборот воситаларида учраб туради. Чунки мактабда етарли бал тўплаб, олий ўқув юртига кириш аксарият ҳинд ёшлари учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Олий ўқув юртига имтиҳонсиз “осонликча” кириб олган талабани олдинда университетнинг шафқатсиз имтиҳонлари кутади. Ҳиндистон олий ўқув юртлари, хусусан, Деҳли Университетидаги оралиқ ва йиллик имтиҳонларнинг ўта қаттиқ назорат остида ўтказилиши одамни ҳайратлантиради.

Деҳли Университетида бир ўқув йилида икки марта имтиҳон бўлади. Биринчиси ярим йиллик синов бўлиб, у коллеж маъмурияти томонидан ўтказилади. Иккинчиси йил охиридаги битирув имтиҳони, уни Деҳли Университети марказий раҳбарияти жўнатган махсус комиссия олади. Имтиҳонга ручкадан бошқа нарса олиб кириш қатъиян тақиқланган. Агар кимдир бирор яширин манба олиб кириб, ундан кўчираётгани маълум бўлиб қолса, у огоҳлантиришсиз дарҳол имтиҳон хонасидан чиқариб юборилади. Бу унинг мазкур имтиҳондан йиқилди, деганидир. Имтиҳонларда “таниш билишчилик” қилиш, пора олиш-бериш деган нарсалар умуман бўлмас экан. Бу ҳам имтиҳонларнинг адолатли ўтиши ва талабаларнинг имтиҳонларга пухта тайёрланишларини таъминлаган. Имтиҳондан рейтинг кўрсаткичи бўйича 60 % дан юқори бал олган талаба дўпписини осмонга отса арзийди. Чунки 60 % дан ошириш бу аъло баҳо ҳисобланади. (Бизнинг юртимизда эса 60 % баҳо олган талаба зўрға “3” га илашади). 50 % дан юқорисини эса 2-даражали ёки “4” баҳо дейиш мумкин. Имтиҳондан ўтишнинг минимум даражаси 40 фоиз. Натижани 80 % дан ошириш университет тарихида камдан-кам кузатиладиган ҳолат бўлиб, агар кимдир шундай бахтга мушарраф бўлса, унинг кўрсаткичи барчанинг оғзида узоқ вақт дув-дув гап бўлиши аниқ.

Булардан шундай хулоса қилиш мумкинки, имтиҳонлар нафақат қаттиқ назорат остида адолатли тарзда ўтказилади, балки улар профессор-ўқитувчилар томонидан катта талабчанлик билан ҳам текширилади. Аъло баҳо олиш учун қўйиладиган меъёрлар жуда юқори бўлиб, 60 % дан оширишнинг ўзи саноқли талабагагина насиб этади, холос.

Имтиҳонлардаги қаттиққўллик боисми, ҳинд талабаларидаги ўқишга бўлган жиддий муносабат одамни кўп ҳайратлантиради. Улар ўзаро гаплашганларида суҳбатларининг асосий қисми бирор фандан қайси китобни ўқиш кераклиги ёки у китобни қаердан топиш мумкинлиги ҳақидаги савол-жавоблардан иборат бўлади. Танаффус пайтида ҳам аксариятининг кутубхонада китоб мутолааси билан бандлигини кўриш мумкин. Кутубхоналарнинг китоб фонди ҳам жуда бой. Масалан, Деҳли Университети марказий кутубхонаси 500 000 китобга эга. Университет марказий кутубхоналар тизимида яна ана шундай 29 та кутубхона фаолият юритади. Булардан ташқари университет коллежларининг ҳар бирида камида 100 000 ўқув китоблари мавжуд.

Ҳиндистон университетлари

Ҳиндистонда дунёнинг машҳур таълим даргоҳлари билан беллаша оладиган таниқли ўқув юртлари бор. Ҳиндистон Технология Институти, Ҳиндистон Менежмент институти, Миллий Ҳуқуқ Макаблари ва Жавоҳарлал Неҳру ҳамда Деҳли Университети шулар жумласидандир. Хориждан Ҳиндистонга илм истаб келаётган ёшлар сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу ўлканинг рақобатбардош ва сифатли таълим тизими ҳамда арзон яшаш имкониятлари чет эллик талабаларни ўзига ром қилаётган асосий сабаблардандир. Қолаверса, Ҳиндистон ҳукумати турли ташкилотлар орқали хорижликлар учун ўқув грантлари беришни ҳам йўлга қўйган. Масалан, Маданий Алоқалар бўйича Ҳиндистон Консуллиги (ISSR) дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатига таълимнинг бакалавр, олий ва илмий тадқиқот даражалари учун таълим грантлари ажратади. Айни дастур бўйича ҳар йили ўнлаб юртимиз ёшлари ҳам грант ютиб олиб, Ҳиндистоннинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Ўқиш давомида мазкур мамлакат таълим тизими билан янада яқиндан танишиш имкониятлари кенгайди. Талабаларнинг ўқишга бўлган муносабати, дарс жараёнлари, имтиҳонларнинг ўтказилиш тартиби каби жиҳатлари билан бу таълим тизимида намуна бўла оладиган кўплаб афзалликлар мавжуд эканлигини кўриш мумкин.

Муаммолар ҳам борми?

Муаммолар ҳам бор. Мамлакат таълим тизими жадал ривожланиб, рақобатбардош малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторидан жой олиб бораётган бўлса-да, лекин ўлканинг умумий саводхонлик даражаси ҳануз паст ҳисобланади. 2001 йилги статистик маълумотга кўра, мамлакат халқининг саводхонлик даражаси 65.38 фоиз бўлган. Бу борада юртимиздаги аҳвол ҳавас қилса арзигулик. Мамлакатимизда саводхонлик даражаси қарийб 100 %. Айни кўрсаткич билан Ўзбекистон дунё рейтингида кучли ўнликда туради.

Ҳиндистонда саводсизлик, айниқса, аёллар ўртасида янада ёмон бўлиб, 54.16 фоизни ташкил қилади. Қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасида ҳам саводлилик борасидаги фарқ анча катта. Қишлоқ жойларда ўқувчиларнинг 50 фоизи бешинчи синфга етиб бормасдан мактабни тарк этади. Бунинг сабаблари ҳар хил: баъзиларда ўқиш учун умуман қизиқиш йўқ. Айримлар ишлаб оиласига ёрдам бериш учун ўқишни тарк этади. Мактабни тарк этаётганларнинг аксариятини қизлар ташкил қилмоқда. Чунки бой хонадонлар уйларига дастёр қилиб асосан қизларни ёллашади. Оиласига моддий ёрдам бериш учун қизлар ўқишни тўхтатишга мажбур. Шунинг учун ҳам мамлакатда саводсизлик эркакларга қараганда аёллар орасида юқори.

Қишлоқ жойлардаги саводсизликнинг яна бир сабаби ўқитувчилар билим даражасининг пастлигидир. Чунки малакали ва билимли ўқитувчилар қишлоқ жойда дарс беришни истамайди. Ҳиндистон мактабларининг 19 фоизида эса барча фанлардан фақат ягона ўқитувчи дарс беради.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун ҳукумат махсус дастурлар ишлаб чиққан. Лекин таълимдаги асосий эътибор кўпроқ олий таълимга берилмоқда. Олий таълимни ривожлантириш ва бошқариш учун 1953 йили Университет Грантлар Комиссияси (UGS) ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси олий ўқув юртлари учун умумий талаб ва низомларни яратиш ва улар иш фаолиятини назорат қилишдир.

Мамлакатда таълим тизимининг бугунги кўринишидан норози бўлган зиёлилар ҳам талайгина. Масалан, NSEPT директори Ж.С.Ражпутнинг фикрича, Ҳиндистон таълим тизими жиддий ислоҳотга муҳтож. “Ҳозир амалда бўлган тизим Англия моделига асосланган бўлиб, у бизни маданиятимиздан, анъанавий ҳаёт йўлимиздан узади. Шунинг учун маданият ва анъаналаримизни ўзида мужасссам этадиган тизимни яратишимиз керак, – дейди у. – Бунга эришиш учун таълим дастурларига миллий маънавиятни, ахлоқ-одобни шакллантиришга хизмат қилувчи махсус фанларни киритиш керак”. Масаланинг бу томони ҳам ҳукумат даражасидаги эътиборга тушган ва бу борадаги вазиятни ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Ҳиндистонда таълимни яхшилашга йўналтирилган шунча ҳаракатларга қарамасдан, ҳануз тизимда тенглик ва сифат борасида жиддий муаммолар кўп ва бу сиёсат юритувчиларнинг анчадан бери бошини қотиряпти. Бу асосан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий нотекислик ва катта миқдордаги қашшоқликнинг кенг ёйилгани билан изоҳланади. Лекин, ҳукумат ва мутасадди гуруҳлар фикрига кўра, 11-беш йиллик режада таълим тизимига қаратилган янги эътибор, ўрта ва олий таълимга ажратилаётган катта миқдордаги маблағлар бу муаммоларни ечишга хизмат қилади.

Рус тилидан Шаҳзод Шукуров таржима қилди.

 


Ҳиндистонда мактаб (видео)




One thought on “Уларда қандай? Ҳиндистон таълим тизими (видео)

  1. Орифжон

    Ассалому алайкум! Ўрганадиган жиҳатлари кўп экан, айниқса мактабни битиргандан кейин имтихонсиз-мактаб баҳолари билан ОТМга қабул қилишни бизда жорий қилса зўр бўларди. Бунинг учун аввал биздаги коррупцияни тўлиқ йўқ қилиш керак-да…. қийин масала…

Leave a Reply