Биз болаларимизни ота-она,бобо-бувиларимиздан қолган миллий қадриятларга таяниб тарбиялаймиз. Назаримда, тарбиянинг ундан-да яхши усули бўлмаса керак. Болалар боғчаси, мактаб,олийгоҳ — буларнинг бари ўзбек боласини тарбиялашда ота-онага ёрдамчи ҳисобланади. Аждодларимиз ҳаёти ва ор-номус йўлида ўз жонини ҳам аямаганлик билан боғлиқ буюк жасоратлар бизга тарих инъом этган тарбия усулининг улкан кўринишидир.
Ватан шаъни ва энг аввало, оила ор-номуси дея босқинчилар билан жангга кирган Тўмарис, севгилиси Барчинойни қутқариш учун қалмоқлар юртига отланган Алпомиш, ўз жасорати, адолатпарварлиги билан тарихда ном қолдирган буюк Амир Темур оила ва юрт номини биринчи ўринга қўйганлардан… Барчаси ўзбек фарзанди қандай бўлиши кераклигини англатаётгандек. Аммо Ер юзидаги ҳар бир миллат фарзандларини ўзгача тарбиялашади ва бу, албатта, авлодлар давомийлигига таъсир этмасдан қолмайди. Бугун шу хусусида фикрлашмоқчимиз…
Германия
Қашшоқликда яшамаслигини таъминлаш мақсадида ота-она 30 ёшдан ошгандагина фарзанд кўришни режалаштиради. Она эса 3 ёшгача тарбия бериши учун ҳомиладорлик давриданоқ боласига энага излашга тушади. Фарзанди 4 ёшга тўлгандан кейингина уни ўйин гуруҳига олиб боради. Нима учун? Бунинг сабаби бола мактабгача таълим муассасасига мослашиши учун тенгқурлари билан муносабат қуриши лозим.
Франция
Бу юртда болалар боғчага жуда эрта боришади, чунки француз она малакаси ва ишхонадаги ўрнини йўқотишдан қўрқади. Шунинг учун гўдак туғилганиданоқ боғчанинг кичик гуруҳларига қатнай бошлайди. Айнан шу сабабли франциялик болалар жуда эрта ёшдан бошлаб ўз-ўзларини бошқара олишади. Яъни ўзлари мактабга боришади, керакли нарсаларни харид қилишади ва ҳатто овқат тайёрлашни ҳам билишади.
Италия
Қадриятларга кўра, бобо-буви невараларига бош-қош бўлишади. Бу ерда мактабгача таълим муассасасига фақат боқувчисини йўқотган ёки «иш билан банд» бува-бувининг неваралари боришади. Италияликларнинг яна бир қадриятлари шуки, улар ҳар доим бутун бошли оилалар қавми билан учрашиб, тамадди қилишни йўлга қўйишган. Айнан шунинг учун уларнинг тамадди учун оддий йиғилишгани ҳам тўйга ўхшаб кетади.
Буюк Британия
Бу ерда болаларни ўта қаттиққўллик билан тарбиялашади. Шу боис уларни гўдаклигиданоқ турли мажбуриятлар-у ўз ҳис-туйғуларини бошқара олишга ўргатишади. Шунингдек, бу юртдаги ота-оналар фарзандларига муҳаббатини меъёрда беришади ва умуман эркалашмайди. Уларга болалари қатъий феъл-атвор эгаси сифатида шаклланиши ва жамиятда ўзини тўғри тута билиши муҳим
Япония
5 ёшгача япон боласи кўнглига келганини қилади: уни эркалашади, шу муддатгача бирор марта ҳам уришмайди ва истаганини қилишга рухсат беришади. Ҳар қандай инжиқлигини кўтаришади. Шу тарзда бола ҳаётга мослашади. 5 – 15 ёшда эса у билан худди қулга ўхшаб муомала қилишади. Бу даврда ота-онанинг ҳар бир гапи бола учун қонунга айланади. Аммо 15 ёшдан кейин у билан худди тенгқурларидек муносабат қуришади, болани ҳурмат қилишга арзигулик шахс
сифатида қабул қилишади.
Пуэрто-Рико
Бу мамлакатда чақалоқ ака ёки опасининг қарови остида қолади (гарчи иккаласи ҳам бола бўлса-да).
Гонконг
Гонконгда эса, аксинча, она боласини ҳеч кимга ишонмайди, ҳатто отасига ҳам. Ота боласини қўлига олиб ўйнатса-да, онанинг қатъий назорати остида бўлади.
Африка
Ғарб мамлакатларида йиғлай бошлаган болани 5 дақиқа ўтгач овутиш, тинчлантириш одатга айланган бўлса, Африкада чақалоқ йиғисига 10 сония ичида аҳамият беришади ва она шу заҳоти унга кўкрагини тутади.
Боливия
Боливияда эса чақалоқни қатъий жадвал асосида эмизишади.
Юқоридаги мисолларни нима учун келтириб ўтдик, биласизми? Чунки тарбия ва муҳит, эътибор боланинг шаклланишига жуда катта таъсир қилади. Шунинг учун ҳам нигериялик болаларнинг 90 фоизи 2 ёшиданоқ катталар ёрдамисиз ўзи ювинади, 75 фоизи керакли нарсани харид қила олади, 39 фоизи идиш-товоқ ювишни билади…
Бизда-чи? Соғлом оила, соғлом муҳит ва соғлом тарбия – асрлардан асрларга ўтиб келувчи одат, қадрият. Нима учун шундай? Буни ўзингиз ҳам биласиз: бола ҳам маънан, ҳам руҳан соғлом туғилса, соғлом ўсса, соғлом вояга етсагина, авлодлар, насл ва юртнинг давомийлиги ҳам СОҒЛОМ, БАРКАМОЛ, ЕТУК бўлади. Ўзбек адабиёти етакчиларидан бири Ғафур Ғуломнинг эътирофига кўра, боланинг қандай ўсиши ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, аввало, ота-онага боғлиқ. Оиладаги соғлом муҳит ва тарбия – бу ўз-ўзидан ота-она, бобо-буви, борингки, етти маҳалла, бутун жамиятга боғлиқ жараён. Бунда кичик хатоликка йўл қўйиш бутун миллат ва унинг давомийлигига путур етказиши мумкинлигини ҳамма билади, шунга яраша иш кўради. Яна бизда дунё мамлакатлари тарбияси, болани вояга етказиш борасидаги қадрият ва одатларининг жамланмаси бор. Чунки юртимизда барча нарсанинг ўз вақти, ўз меъёри мавжуд. Негаки бола – тўлдирилиши керак бўлган томир эмас, ёниши керак бўлган олов! Аслида нигерияликларга ўхшаб 2 ёшиданоқ ўзи ювиниш, пул сарфлаш, идиш-товоқ ювиш ёки овқат пиширишни биладигани ёхуд французларга ўхшаб туғилмасиданоқ боғчага борадигани, Буюк Британиядаги каби ота-онасининг чекланган муҳаббати остида яшагани эмас… СОҒЛОМ БОЛА бахтиёр ҳисобланади!
Бола бор экан, яшагимиз келади. Бола Ер юзи аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этса-да, бутун дунё халқлари келажагидир. Шундай экан, эртамизни ёритувчи қуёшларимизга соғлом муҳитда соғлом тарбия берайлик.
Yaxshi va kereli ma’lumotlar!