Мактабларда тарих ва ҳуқуқ фанлари ойлигини ўтказиш юзасидан методик тавсия - Ta’lim / Образование

Мактабларда тарих ва ҳуқуқ фанлари ойлигини ўтказиш юзасидан методик тавсия

Тарих ҳақиқати болаларимиз учун сув ва ҳаводек зарур. Тарих ҳақиқатини тўлалигича кейинги авлодга етказиш ҳар бир инсоннинг келажак олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади. Ушбу саҳифада тарих фан ойлигини ўтказиш бўйича методик тавсия билан танишишингиз мумкин.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган янгиланишлар ва ўзгаришлар даври бўлди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида эришилаётган улкан натижалар халқимиз танлаган тараққиёт йўлининг тўғри эканлигини кўрсатмоқда. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, изчил иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини фаол ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш каби йўналишлар суверен давлатимизнинг адолатли ва инсонпарвар ички сиёсатида устувор масаласига айланиб улгурди. Улар сирасида жамият маънавий юксалиши ва шахс маънавий камолотига берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳақиқатни бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда, Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга бўлган қизиқиш ортмоқда.

Мустақиллик – халқимиз учун чиндан ҳам ўзликни англаш, маънавий-руҳий тикланиш даври бўлди. Ватанимизнинг қадим ва шонли тарихига, халқимизнинг бой маънавий ва маданий меросига бўлган муносабат ўзгарди. Бетакрор тилимиз, муқаддас динимиз, азалий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи қайта тикланди, донишманд аждодларимиз хотирасига муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин.

Дунёни маданият, маънавият, маърифат қутқаради. Жаҳон цивилизациялари тарихи бунга гувоҳ. Инсоният азал-азалдан тараққиётнинг юксак босқичи томон маънавият, маърифат орқали интилиб келган.

Ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу маънода, умумтаълим муассасаларида ҳар йили анънавий тарзда декабр ойи “Тарбия, тарих ва ҳуқуқ фан ойлиги” деб белгиланган.

Мазкур ойликнинг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ўқувчилар қалби, онги ва шуурида шаклланиши лозим бўлган қуйидаги омилларга хизмат қилиши назарда тутилади:

  • Юрт озодлиги ва оила ободлиги, турмуш фаровонлиги, тинч ва эркин ҳаётга эришиш, ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши учун мамлакатимизда барча имкониятлар, зарурий шарт-шароитларнинг мавжудлигини англаш;
  • Мустақиллик ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги, у тинимсиз курашлар, уйқусиз тунлар ва жуда катта фидоийликнинг маҳсули эканлигини тушуниш ва уни қадрлаш;
  • Асосий Қонунимиз бўлган – Конституциямизнинг туб мазмун-моҳияти ва қолаверса, ҳуқуқий давлат инсон шахсини энг олий қадрият сифатида эътироф этишга ва тўла-тўкис қабул қилишга асосланган яхлит амал қилувчи тизим бўлиб хизмат қилиши каби тушунча ва тамойилларни ўзлаштириб олишлари ва шу асосда маънавий-маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий саводхонликларини оширишлари;
  • Ўқувчи-ёшларнинг жамиятда, ён-атрофда, маданий ва маънавий соҳада бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлардан хабардор бўлиш ва муносабат билдира олишга йўналтириш;
  • Уларнинг ҳуқуқий савиясини яхшилаш, шунингдек, фуқаролик позициясини шакллантириш;
  • Ўқувчиларнинг тарих фани орқали муштарак маданиятларни, халқимизнинг минг йилликларга бориб тақаладиган маданияти ва қадриятларини билиш ва уларга муносиб бўлиш;
  • Фан, маданият, маърифат борасида қанчадан-қанча авлодлардан-авлодларга етиб келаётган бой илмий мерос яратган ота-боболаримиз яшаган даврини билиб олишлари;
  • Ватанимиз тарихи жаҳон тарихининг ажралмас қисми эканлигини тушуниб етиш;
    Инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлиб, фуқаролик жамиятининг эркин аъзоси сифатида жамиятда фаол иштирок этиш зарурлигини ҳис этиши каби туйғулар ва тушунчаларни шакллантиришдан иборат.

Фан ойлигини ташкил этишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади:

  • Вилоят методика маркази томонидан фан ойлигини ташкил этиш юзасидан намунавий режа тайёрлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
  • Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман, шаҳар бўлимлари миқёсида барча умумтаълим муассасаларининг ижтимоий фанлар метод бирлашмалари бошлиқлари учун семинар-ўқувлар ташкил қилиш;
  • Мактабдаги тарих ва ҳуқуқ фани бўйича услубий бирлашманинг йиллик иш режасида фан ойлиги учун белгиланган фан йўналиши бўйича ўтказиладиган ўн кунлик тадбирларни белгилаш, режа ва дастурларини ишлаб чиқиш;
  • Фан ойлигининг биринчи ўн кунлиги ўқувчиларнинг қишки таътил кунларига тўғри келиши муносабати билан ушбу кунларни мазмунли ташкил этиб, кейинги йилларда барпо этилаётган жамоат биноларига, жойлардаги тарих, ўлкашунослик музейларига, тарихий қадамжоларга саёҳатлар уюштириш;
  • Тарихий адабиётлар китобхонлигини, мен севган қаҳрамон каби давра суҳбатларини уюштириш;
  • Ҳудудий халқ депутатлари билан қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар бўйича учрашувлар ташкил этиш;
  • Фан арбоблари, олимлар, археологлар, ҳуқуқшунослар, жойлардаги ички ишлар ва адлия идоралари ходимлари билан учрашувлар ташкил қилиш.
  • Юқори синфлар ўртасида “Энг яхши реферат тақдимоти”ни ўтказиш.
  • “Қадриятлар – маҳалладан бошланади”, “Обод маҳалла, обод оила, обод таълим муассасаси” мавзуларида иншолар танловини ташкил этиш.
  • Ота-оналар мажлисларида ички ишлар ва прокуратура ходимлари, психологлар иштирокида “Фарзандим – менинг келажагим”, “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни амалга оширишнинг долзарб муаммолари” мавзусида учрашувлар ўтказиш.
  • Ойлик якунида фан ойлигининг фестивалини ташкил этиш.

Фан ойлигининг очилиши

Фан ойлигининг очилишида тарих ва ҳуқуқ фанларининг синфлар кесимида ўқувчиларнинг билим самарадорлиги кўрсаткичлари таҳлилий мониторинги жадвали тайёрланади. Ойлик иш режа акс этган деворий газета чиқарилади, умумий йиғилишлар ўтказилади. Бунда ой давомида белгиланган тадбирларни ўтказиш жойлари ва вақти маълум қилинади.

Очиқ дарслар

Очиқ дарслар жадвали мактабнинг эълонлар тахтасига илиб қўйилади. Дарсларда интерфаол усуллардан, илғор педагогик ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Тарих ва ҳуқук дарсларида ойнинг шу кунларида ўтиладиган мавзулар асосида очиқ дарслар ташкил қилинади.

Хусусан, Тарих фани бўйича:

5-синфларда “Мактаб илм ўчоғи”,

6-синфларда “Юнон-форс урушлари”,

7-синфларда “IX-X асрларда ер-мулк муносабатлари. Сомонийлар сулоласининг инқирози. Ғазнавийлар давлати”,

8-синфларда “Маънавий-маърифий, маданий ҳаёт”,

9-синфларда “Туркистонда миллий озодлик ҳаракатларининг бошланиши ва унинг сабаблари”,

“Давлат ва ҳуқуқ асослари” фани бўйича:

8-синфда “Ҳуқуқ муҳофаза қилувчи органлар”,

9-синфда “Оила ва жамият”.

Очиқ дарсларда энг яхши деб топилган дарсларнинг ишланмаларидан йиғма жилдлар тайёрланиб, мазкур йиғма жилдлар ўқитувчилар хонасида ёки методика хоналарида сақланиши тавсия этилади.


Фан ойликларини якунлаш

Фестивалга юқори синф ўқувчиларига мамлакатимизда истиқомат қиладиган турли миллатлар (масалан; рус, корейс, тожик ва ҳ.к) номлари ёзилган карточкалар қуръа ташлаш йўли билан бўлиб берилади.

Танлов шартларини қуйидагича белгилаш мумкин:

Деворий газета ёки буклет тайёрлаш. Унда

  • Миллатнинг ривожланиш тарихи;
  • Маданияти;
  • Урф-одатлари;
  • Турмуш тарзи;
  • Кийим-кечаги;

Танловнинг иккинчи шарти. Миллатнинг қадриятларини 10-15- дақиқалик саҳна чиқишлари (фольклор) орқали намойиш этиш.

Энг яхши чиқишлар ойлик сўнгида ўтказиладиган мактаб фестивалида намойиш қилинади.

Фан ойлиги давомида оммавий ахборот воситаларида, мактабнинг интернет WEB саҳифаларида маълумотлар бериб борилади.

Вилоят, туман (шаҳар) методистлари томонидан тарбия, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари фанини ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган методик тавсиялар, тадбир сценарийлари, дарс ишланмалари, тест ва назорат ишлари тўпламлари тайёрланиши мақсадга мувофиқдир.

 

 


Leave a Reply