Бола ижтимоий муҳит таъсирида ақлий томондан ривожланиб боради. Теварак-атрофдаги кишилар билан муомала қилиш жараёнида у тилни ва у билан бирга таркиб топган тушунчалар системасини ўзлаштиради. Натижада бола тилни шунчалик эгаллаб оладики, ундан муомала воситаси сифатида эркин фойдалана оладиган бўлиб қолади.
Бошланғич синф ўқувчиларига ақлий тарбия беришни тўғри ташкил этиш учун уларнинг ақлий ривожланиши қонуниятлари ва имкониятларини билиш керак. Ақлий тарбиянинг вазифаси унинг мазмуни, методи ва ташкил этилишига қараб белгиланади.
Педагогика ва психология фани ақлий тарбия бериш вазифаларини самарали ҳал этиш йўлларини топиш учун мактабгача тарбия ёшидаги болаларнинг ақлий ривожланиш қонуниятлари ва имкониятларини ўргатиш билан шуғулланади. Бошланғич синфга келиб болалар теварак-атроф тўғрисидаги каттагина ҳажмдаги оддий билим ва тушунчаларга эга бўлиб қоладилар, асосий фикрлаш жараёнларини эгаллаб оладилар, нарса ва буюмлардаги, воқеалардаги муҳим ва муҳим бўлмаган томонларни ажрата оладиган, баъзи бир сабаб ва натижалардаги боғланишларни билиб оладиган бўлиб қоладилар, уларда ўқув фаолиятининг дастлабки куртаклари шаклланади. Фақат яхши ташкил этилган фаолият жараёнидагина тўлақонли ақлий ривожланиш рўй беради, шу сабабли педагогларнинг вазифаси болага муайян мақсадни кўзлаб, тарбиявий таъсир кўрсатиш учун керакли шароитлар яратишдир.
Болаларни мактабга тайёрлашда ақлий тарбиянинг роли каттадир. Болаларнинг билимларни эгаллаб олишлари уларнинг ақлий фаоллигини ривожлантириш, мустақиллик, ақлий малака ва кўникмаларни эгаллаб олишлари уларнинг мактабда муваффақиятли ўқиши ва бўлажак меҳнат фаолиятига тайёрланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Бошланғич синф ўқувчиларини ақлий тарбиялашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- болаларда табиат ва жамият тўғрисидаги билимлар системасини, илмий дунёқарашни шакллантириш;
- билишга доир руҳий жараёнларни ривожлантириш, яъни сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур, нутқ;
- билишга қизиқишни ва ақлий қобилиятларни, ақлий меҳнат маданиятини ривожлантириш;
- ақлий малака ва кўникмаларни ривожлантириш.
Бошланғич синфда ўқитиш жараёнида бола ҳар куни ўзи учун нотаниш бўлган нарса ва ходисаларга дуч келади. Педагогнинг вазифаси болалардаги билимларни мунтазам равишда ошириб бориш, уларни тартибга солиш, аниқлаштиришдир. Бола теварак-атрофдаги нарсалар, уларнинг вазифаси, баъзи сифатлари ва асослари ҳақида, уларнинг қайси материаллардан тайёрланганлиги тўғрисидаги аниқ тасаввурга эга бўлиши керак. Улар табиат ҳодисалари, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва қонуниятларини билиб оладилар.
Билимларни эгаллаб бориш натижасида боланинг шахси ҳам шаклланиб боради. Бола санъатнинг ҳар хил турлари тўғрисидаги тасаввур ва тушунчани эгаллаб олади. Мана шу реал билимларни эгаллаши натижасида болада теварак-атрофни объектив тушунишнинг таркибий қисмлари шаклланади.Теварак атроф, буюм ва нарсалар боланинг сезги органларига, яъни анализаторларига таъсир этади ва сезги ҳосил бўлади. Сезги болаларга айрим хоссаларни билиб олишга ёрдам беради. Сезги атроф-муҳитни билишнинг дастлабки босқичи ҳисобланади. Болаларнинг билимларни эгаллаб олишлари уларнинг ақлий фаоллигини ривожлантириш, ақлий малака ва кўникма эгаллаб олишлари, уларнинг мактабда муваффақиятли ўқишлари учун, бўлажак меҳнат фаолиятига тайёрланишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ақлий тарбия жараёнида шаклланадиган ақл-идрок сифатларидан бири танқидийликдир. Ақлнинг танқидийлиги билиш фаолияти натижалари вазифасини ҳал этишга, танланган усулларни, хулосаларни, мулоҳазаларни баҳолаш қобилиятини билдиради. Ақлий ривожланиш ақл қамровининг кенглигида-ҳодисалар ўртасидаги кўп қиррали алоқадорликда ва мутаносибликда кўриб чиқиш қобилиятда намоён бўлади.
Инновацион таълим технологияларини қўллашда муҳим талаблардан бири ортиқча руҳий ва жисмоний куч сарф этмай, қисқа вақт ичида юксак натижаларга эришишдир. Қисқа вақт орасида муайян назарий билимларни таҳсил олувчиларга етказиб бериш, уларда маълум фаолият юзасидан кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, шунингдек, таҳсил олувчилар фаолиятини назорат қилиш, улар томонидан эгалланган билим, кўникма ҳамда малакалар даражасини баҳолаш ўқитувчидан юксак педагогик маҳорат ҳамда таълим жараёнига нисбатан янгича ёндошувни талаб этади.
Инновацион таълим технологияларини мажбуран қўллаш орқали мақсадга эришиб бўлмайди. Аксинча, тажрибали педагоглар томонидан асосланган ёки улар томонидан қўлланилаётган илғор технологиялардан фойдаланиш билан бирга уларни ижодий ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Инновацион педагогик технологиялар боғчада боланинг ривожланишида ижобий ўзгаришига олиб келади, бунда идрок этиш, ҳиссий мотивизация жараёнида улар боланинг характерига таъсир кўрсатади, бу вақтда таълим олувчини идрок этишга қизиқиши кучаяди. Инновацион технологияларидан фойдаланиш таълим олувчининг ўқув жараёнида мустақил ишлаш, ўз-ўзини тарбиялаш, ўз-ўзини ўқитиш, ўз фаоллигини ошириш, ўзи мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиради. Бундан кўриниб турибдики, ўқитишнинг янги педагогик технологиялари қаторига компьютер технологиясини киритиш зарурати кундан-кунга ошиб бормоқда. Бироқ таълим жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда дарсларни ташкил этиш учун керакли шарт-шароитлар ва техник воситалар мавжуд бўлиши лозим.
Таълимни ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш йўллари изланмоқда, таълимда янги ахборот технологияларни жорий этиш масаласи оммалашмоқда. Бу эса ўқитувчиларнинг ўз меҳнати фаолиятига янгича ёндашувини талаб этади. Ўқув жараёнида янги технологияларнинг жорий этилиши, ўқитувчини техникавий воситалар томонидан сиқиб чиқарилишига эмас, балки ўқитувчининг вазифалари ва ролини ўзгартиради.
Замонавий ўқитувчи келажак бунёдкори, янги педагогик технологиялар, назариялар, концепцияларнинг муаллифи, ишлаб чиқарувчиси, тадқиқотчиси, фойдаланувчиси ва тарғиботчисидир. Замонавий ўқитувчи томонидан ўқув жараёнининг ташкил этилиши жараёнида дарс мазмунидаги асосий маълумотлар ва ўқув материали шундай тақдим этилиши керакки, у ўқувчининг визуал идрок қилиш қобилиятини осонлаштирсин. Зеро ўқитувчи таълим ислоҳотининг бош ижрочисидир. Бунда ҳар бир ўқитувчини қисқа вақт ичида жуда катта миқдордаги ахборот тўпламини ўзлаштириш, қайта ишлаш ва амалда қўллай олишга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Уни ҳал қилишда ўқитувчига ўқитишнинг анъанавий усуллари билан бирга замонавий ахборот технологиялари, жумладан, компьютерлардан фойдаланиш ёрдам беради. Дарсда компьютердан фойдаланиш ўқитиш жараёнини қизиқарли олиб бориш, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш имконини беради.
Таълим-тарбия жараёнидаги инновациялар, илғор педагогик технологиялар, янгиликлар, дарс ўтишнинг интерфаол усуллари ўз-ўзидан таълимга кириб келмайди. Демак,ўқитувчидан билим, ижодий меҳнат ва касб маҳорати талаб қилинади. Чунки ўқитувчи фаолияти янгилан-маса таълимда самарадорликка эришиб бўлмайди. Ўқитувчи томонидан болаларни ижодий изланиш, фаоллик, эркин фикр юритишга йўналтирувчи таълим шакли, метод ва воситаларининг тўғри танланиши дарсларнинг қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой бўлиши, ижодий тортишувларнинг юзага келишига туртки беради. Мана шу ҳолатдагина болалар ташаббусни ўз қўлларига оладилар, ўқитув-чининг зиммасида эса уларнинг фолиятини маълум йўналишга солиб юбориш, умумий фаолиятни назорат қилиш, мураккаб вазиятларда йўл-йўриқ кўрсатиш, маслаҳатлар бериш ҳамда улар фаолиятини баҳолаш каби вазифалар қолади. Берилаётган билим оддийгина хотира ёрдамида эмас балки, боланинг ўз фикрлаш саъй-ҳаракатлари билан эгаллангандагина мустаҳкамланади. Боланинг эркин фикрлаш, айниқса тасаввур этиш, фараз қила олиш қобилиятини ривожлантириш, кўникма ва малакаларни вужудга келтириш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳар бир ўқитувчи ўз дарсларида болаларга чуқур билим бериши учун ахборот ва педагогик технологиялар, инновацион методлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир. Дарслар ўтишда замонавий педагогик технологияларни қўллаш натижасида самарали натижаларга эришади.
Бугунги кунда бошланғич таълимда инновацион технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилаётганининг асосий сабаби қуйидагилардир:
Биринчидан, инновацион технологияларда шахсни ривожлантирувчи таълимни амалга ошириш имкониятининг кенглигида.
Иккинчидан, инновацион технологиялар ўқув-тарбия жараёнига тизимли фаолият ёндашувини кенг жорий этиш имкониятини беради.
Учинчидан, инновацион технология ўқитувчини таълим-тарбия жараёнининг мақсадларидан бошлаб, ташхис тизимини тузиш ва бу жараён кечишини назорат қилишгача бўлган технологик занжирни олдиндан лойиҳалаштириб олишга ундайди.
Тўртинчидан, инновацион технология янги воситалар ва ахборот усулларини қўллашга асосланганлиги сабабли, уларнинг қўлланилиши «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талабларини амалга оширишни таъминлайди.
Ҳар қандай инновацион технологиянинг ўқув-тарбия жараёнида қўлланилиши шахсий ҳарактердан келиб чиққан ҳолда, болани ким ўқитаётганлиги ва ўқитувчи кимни тарбиялаётганига боғлиқ. Инновацион технология асосида ўтказиладиган машғулотлар болаларнинг муҳим ҳаётий ютуқ ва муаммоларига ўз муносабатларини билдиришларига интилишларини қондириб, уларни фикрлашга, ўз нуқтаи назарларини асослашга имконият яратади. Шунинг учун ҳам таълим муассасаларининг ўқув-тарбиявий жараёнида замонавий ўқитиш услублари интерфаол услублар, инновацион технологияларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Инновацион технология ва уларнинг таълимда қўлланилишига оид билимлар, тажриба болаларни билимли ва етук малакага эга бўлишларини таъминлайди. Шу билан бирга таълим-тарбия жараёнларида янги педагогик технологияларни қўллашда алломаларимизнинг ғоя ва қарашларидан фойдаланиш ўқувчи-талабаларни ўқитиш ва тарбиялашни янада самарали бўлишига олиб келади.
Хулоса, янгича фикрлаш, ўз фикрига эга, бозор шароитларида муваффақиятли иш юритадиган, юксак малакали, чуқур билимли ёшларни тарбиялаш юмуши ўқитувчиларнинг инновацион фаолияитни жадаллаштириш самараси ўлароқ ривожланади.
Гулнора Норматова – Сурхондарё ВПКҚТМОИ,
Лобар Мухторова – ТерДУ ўқитувчиси
Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz
Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг