Жиззах ВХТБга қарашли «Умид» ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг ўзбек тили фани ўқитувчиси Неъматова Ҳулкар Абдулбакиевнанинг 7-синфга мўлжалланган «Инсоний фазилатлар. Қўшма ва жуфт отларнинг ясалиши ва қўлланиши» номли 1-соатлик очиқ ишланмаси эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
7-синф ўзбек тили
Мавзу: Инсоний фазилатлар. Қўшма ва жуфт отларнинг ясалиши ва қўлланиши (1-дарс)
Дарснинг мақсади:
1.Таълимий мақсад: ўқувчиларга қўшма ва жуфт отлар мавзуси юзасидан янги маълумотлар бериш ҳамда эгалланган билимларини мустаҳкамлаш.
2.Тарбиявий мақсад: инсоний фазилатлар ҳақида маълумот бериш орқали ўқувчиларни она-Ватанга муҳаббат, мардлик, ота-онага ҳурмат, кексаларни эъзозлаш, аждодлардан фахрланиш туйғуларини тарбиялаш.
3.Ривожлантирувчи мақсад: ўқувчиларнинг дунёқараши, оғзаки ва ёзма саводхонлиги, билими ва фикрлаш қобилиятини ривожлантириш.
4.Шакллантириладиган компетенциялар: фикрни мустақил ва аниқ билдира олиш, нутқ вазиятида жуфт ва қўшма отларни тўғри қўллай олиш.
Дарс тури: янги билимларни шакллантирувчи.
Дарс усули: суҳбат, жамоада ишлаш, тест.
Дарс методи: “Кластер”, ҳамкорлик, ақлий ҳужум, тушунчалар таҳлили.
Дарс жиҳози: проектор, слайд, интернет тармоғидан олинган мавзуга доир видеоролик, дарслик, турли тарқатма материаллар, мавзуга оид кўргазмалар.
Дарс шиори: “Халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда”.
“Юксак маънавият – енгилмас куч”
Дарснинг бориши
I Ташкилий қисм.
Дарс бошлангач, ўқувчилар билан саломлашилади. Синф тозалиги текширилади, давомат аниқланади.
II Ўтилган мавзу юзасидан такрорлаш.
Ўқувчилар билан ўтилган дарс юзасидан эгалланган билимларни мустаҳкамлаш учун кичик тест олинади. Бу билан синфнинг барча ўқувчилари бирдек баҳоланадилар. Слайдда тест топшириқлари намойиш этилади:
1.Қайси гапда от кўмакчили гап қўлланган?
А) Бугун дўстлик ҳақида суҳбатлашдик. Б)Ёнимиздан катта анҳор оқиб ўтади. C)Дарё бўйига саёҳатга бордик. Д)Орқа тарафдан Ҳошимжон югуриб келди.
2.Кел, топ, билим, ол маъноларини билдирувчи сўзни топинг.
А)китоб Б)илм C)мактаб Д)ота-она
3.Қайси жавобда вақт маъноси ифодаланган?
А) Боғдаги барча ишларни тугатишди. Б)Кечгача далада тиним билмай ишладик. C)Биз Тошкентгача поездда кетдик. Д)Тадбирда каттадан кичиккача ҳамма қатнашди.
4.Қайси жавобда ясама шахс оти қўлланган?
А)Тилимиздаги нуқсонларни тўғрилашимиз керак. Б)Бизнинг мактабимиз яқинда таъмирланди. C)Шоҳруҳ кимёгар бўлишни орзу қилади. Д)Рассом табиат тасвирини жуда ажойиб қилиб чизган экан.
5.”Биринчи муаллим” китоби кимга тегишли?
А)Абдулла Қодирий Б)Абдулла Қаҳҳор C)Чўлпон Д)Абдулла Авлоний.
Тест жавоблари намойиш этилгач, ўқувчилар ўз-ўзларини баҳолайдилар. Шундан сўнг ўқувчилар давра шаклида гуруҳларга бўлиниб, ўтирадилар. Ўқувчиларнинг олган баҳолари умумлаштирилади ҳамда гуруҳ ҳисобига сақланади.
III Янги мавзу баёни
Ўқувчиларга дастлаб инсоний фазилатлар ҳақида видео намойиш этилади. Слайд ва турли расмлар орқали янги мақвзу баён этилади.