Ўқитувчилар учун аттестация саволлари (суҳбат)

АттестацияЎзбекистонда педагогларни аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги 107-сон билан тасдиқланган «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қарорга мувофиқ тартибга солинади.


Белгиланишича, қуйидагилар аттестациядан ўтказилиши шарт:

— мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли;
— умумий ўрта таълим муассасаларининг олий маълумотли;
— ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг умумтаълим, чуқурлаштирилган ва касбий таълим фанлари бўйича олий маълумотли;
— ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли педагог кадрлари.

Ҳужжатга кўра, аттестация мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрлари учун ҳар 5 йилда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун ҳар 3 йилда бир марта ўтказилади.

Ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар бир йилдан сўнг, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битириб биринчи бор ишга кирганлар 3 йилдан сўнг аттестацияга жалб этилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда узоқ муддат (3 ойдан ортиқ) даволанаётган, ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш таътилидаги педагог кадрлар ишга қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестациядан ўтади.

Педагог кадрлар ўрта махсус, касб-ҳунар, олий маълумотли, илмий даража олганлиги ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликларига мос келадиган фанлар бўйича аттестациядан ўтади.

Педагог кадрларнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида аттестациядан ўтади.

Таълим муассасалари раҳбарлари аттестация муддатини бир ой олдин эълон қилади ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартиби билан таништиради.

Аттестация 2 босқичда ўтказилади:

биринчи босқичда – аттестациядан ўтувчиларнинг ўқув фани бўйича малака синови натижалари, дарс ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги эксперт гуруҳи томонидан ўрганилади ва тегишли тавсиялар тайёрланади;

иккинчи босқичда – аттестация комиссияси томонидан педагог кадрларнинг хорижий тиллар, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини билиши, ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади.

Аттестация комиссияси аттестациядан ўтувчининг кўрсаткичларидан келиб чиқиб, «аттестациядан ўтди/ўтмади», «тегишли малака тоифаси (лавозим) берилсин/сақлансин/туширилсин» деган қарорлардан бирини қабул қилади.

Аттестация комиссияси «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» деган қарорни қабул қилса, педагог кадрлар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади ва кейинги йилда қайта аттестацияга жалб этилади.

Педагог кадрлар қайта аттестациядан ўтмаса, иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Аттестация комиссиясининг қарорига кўра олий, биринчи, иккинчи малака тоифасига ёки бош, етакчи, катта ўқитувчи лавозимига эга бўлган педагог кадрларга белгиланган шаклдаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат аттестация ўтказилгандан сўнг бир ой ичида топширилади.

Педагог кадрларнинг базавий тариф ставкалари миқдори, уларнинг малака тоифаси ёки лавозими сертификат асосида белгиланади. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган педагог кадрларга мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозими бўйича ҳақ тўланади.

Аттестация комиссияси қароридан норози бўлган педагог кадрлар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида апелляция комиссиясига ёзма равишда шикоят бериши мумкин. Шикоят рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кун муддатда кўриб чиқилади.


Суҳбат тарзида ўтказиладиган аттестация саволлари билет шаклида бўлиб, 3 саволдан иборат. Биринчи савол чет тили, иккинчи савол ахборот коммуникацион технологиялар, учинчи савол Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси буйруқлари, Халқ таълими вазирлиги қарорлари бўйича тузилган.

 

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idumuz

Facebook даги гуруҳимизга қўшилинг

🔥3.7 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853