Таълим сифати паст мактабга бошқа тумандан борган малакали ўқитувчи учун 50 фоиз устама, бошқа вилоятдан келганига эса 100 фоиз устама бериш кўзда тутиляпти, деб ёзади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
Унинг хабар қилишича, битирувчисининг биронтаси ҳам олий таълим муассасаси (ОТМ)га кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар бошлангани сабаб, ушбу мактаблар жамоаси ҳаракатга тушиб, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробар камайди.
“Буёғига ўқувчилар битиришига атиги ярим йил қолди. Шунинг учун ушбу графикда кўрсатилган тўқ қизил рангдаги (0 фоиз) ва қизил рангдаги (10 фоизгача кўрсатгичга эга) мактаблар учун бу йил жуда катта синов йили бўлади. Шунинг учун, ушбу мактаблар жамоаси бирлашиб натижага ҳаракат қилиши зарур. Аввалгидек, биз кетсак, ўрнимизга ўқитувчи топилмайди, дейиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас.
Вазирлик, вилоят ва туман бўлинмалари ходимлари ҳам бундан буён фақат қизил (10 фоизгача кўрсаткичли) мактабларга бориб, улардаги аҳволни яхшилаш бўйича ишлайди. Яшил категориядаги мактабларга умуман бормаса ҳам бўлади, уларга халақит қилинмаса бўлди асосийси. Уларда яхши ёш кадрлар бўлса, қизил категориядаги мактабларнинг раҳбар лавозимларига тавсия этиш керак, холос. Шундагина ушбу яшил мактаблардаги ижобий муҳит қизил мактабларга ҳам тезроқ тарқалади”, – дейди вазир.
Унинг таъкидлашича, бу масала анчагина шов-шув, хайпга айланиши мумкин, чунки ҳеч ким ишдан шундоқ кетишни хоҳламайди.
“Мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар ишлаши керак, уларнинг фақат ҳурматини ошириб, қўшимча шароит яратишга ҳаракат қилиб борамиз. Аксинча, ўз устида ишламайдиган, мактабга адашиб келиб қолган, аввалги мажбурий меҳнат тизимида қандайдир сақланиб юрган инсонларга интернетда хайп кўтаришга ҳаракат қилгандан кўра, секин мактабдан бошқа жойдан иш топишни маслаҳат берамиз. Бундан буёғига мактаблар фақат натижага ҳаракат қилади, ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлашлари зарур”, – деб ёзади Шерзод Шерматов.
Қайд этилишича, вилоятларда бир ставкада бир неча ўқитувчи ишлаётган мактаблар анчагина, ўқитувчиларнинг умумий сони ставкалар сонидан 80 мингдан ортиқ.