Дарслар онлайн бўлса, ўқитувчилар уйда ишлаши мумкинми? Ўқитувчиларни қизиқтираётган савол бўйича Халқ таълими вазирлиги жавоб берди.
Халқ таълими вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, ўқитувчилар мактабда доимий фаолиятини давом эттирадилар. Мактабда касалланиш ҳолатлари юзага келганда ўқитувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш, коронавируснинг янги штамми кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида педагогларнинг масофадан ишлаши учун имконият берилади.
“Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”га мувофиқ, педагог ҳодимлар дарс машғулоти (ўқув-тарбия жараёни)дан ташқари, ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёни билан ҳам шуғулланиши белгилаб қўйилган.
Шу боис, ўқувчиларнинг онлайн таълим жараёнлари вақтида педагоглар мактабда бевосита лавозим мажбуриятлари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган вазифалар билан бир қаторда ўз устида мустақил ишлашлари лозим.
Мактаб раҳбари ўқитувчиларнинг меҳнат фаолиятини назорат этиш ва мувофиқлаштиришга масъул саналадилар.
Ҳурматли педагоглар, ҳозирда ўқувчи ёшларни ҳимоялаш мақсадида таълим Онлайн шаклга ўтказилгани билан барча ташкилот ва идораларда иш жараёни давом этмоқда. Шу боис сизлардан ҳам ўз ишингизга масъулият билан ёндашишингиз сўраб қолинади.
Ўқитувчилар мазкур кундалик жадвал асосида дарс бераётган фанлари бўйича ўқувчилар ўзлаштиришини, уйга вазифалар бажарилишини ҳамда ўқувчилар билимини синф журналига (электрон кундалик тизими жорий этилган мактабларда Kundalik.com тизимига) баҳолаб боришни таъминлаб боришлари ҳамда заруриятга кўра “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида ўтилган мавзуларни ўқувчиларга қўшимча тушунтириб боришлари лозим. Мактаб раҳбарлари таълим муассасасида ўқитувчилар фаолиятини амалга ошириши учун етарли шароитлар яратиб, АКТ хоналарида узлуксиз Интернет ишлашини таъминлаб бериши керак”, дейилади вазирлик баёнотида.