АОКАда бўлиб ўтган брифингда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров ҳарбий ОТМларга қабул, муддатли хизматга чақирув ва соҳага оид бошқа долзарб саволларга жавоб берди.
Ҳарбий ОТМга танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқичда:
фуқаро ёшлар учун — туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда,
ҳарбий хизматчилар учун — ўз хизмат ўташ жойида 1 февралдан 31 мартга қадар амалга оширилади. Ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
- ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
- якка тартибда суҳбатлашиш;
- бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш.
Иккинчи босқич фуқаро ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда 1 апрелдан 31 майга қадар амалга оширилади ҳамда ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
- индивидуал-психологик ўрганиш;
- умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш;
- якуний тиббий кўрикдан ўтказиш (ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳарбий госпиталларда).
Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодларни давлат тест синовларини июль-август ойларида бўлган муддатда республикамизнинг барча олий таълим муассасаларига ўтказиладиган тест синовлари билан бир вақтда Давлат тест маркази томонидан жойларда ўтказилади.