Болага гапириб булмайдиган 10 ибора - Ta’lim / Образование

Болага гапириб булмайдиган 10 ибора

болага гапириб булмайдиган 10 ибораФарзандларимиз билан суҳбатлаша туриб, қулоқ солиши ёки тинчланиши учун ўзимиз англамаган ҳолда айрим ибораларни қўллаймиз. Гапнинг маъноси ва болага қандай таъсир қилиши ҳақида-ку баъзан ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Одатда биз кичкинтойларга танбеҳ бериш учун ишлатадиган гаплар «аждодлар мероси» бўлади. Аниқроғи…
қачонлардир она ёки бувимиздан эшитган сўзларимизни такрорлаймиз. Лекин бу ибораларнинг айримлари боланинг шахс сифатида шаклланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Кичкинтойларга гапириш тавсия этилмайдиган иборалар ҳақида психология фанлари номзоди, руҳшунос Соҳибжамол ЖЎРАЕВА маълумот беради.


1.«Қўлингдан битта иш келмайди-я?
Бу ёққа бер, ўзим қиламан!»

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, бола бу гапдан кейин омадсизликни ўзига тамға қилиб олади. Бесўнақай ва тентак деган номни олган бола кейинчалик онасидан яна танбеҳ эшитишдан қўрқиб, ташаббус кўрсатмайди.

2. «Ол, фақат тинчлансанг бўлгани!»
Боланинг тинмай «Илтимос, беринг, бера қолинг» деб хархаша қилиши ва ҳиқиллашига ҳамма ҳам бардош беролмайди. Кичкинтой тезроқ жим бўлиши учун ота-она унинг айтганига кўниши болани айёрликка ўргатади. Катталарнинг «йўқ, мумкин эмас» дейиши жиддий эмаслигини, хархаша қилиб, ўзи истаган нарсаларга осонгина эришиш мумкинлигини тушунади.

3. «Шундай қилганингни яна бир марта кўрсам, калтак ейсан!»

Кўпинча ота-она пўписа қилади, бироқ жазони амалга оширишмайди. Бола эса ортиқча ҳаракат қилгани ҳам қўрқиб қолади. Бунга ўхшаш иборалардан кейин гўдакда алам пайдо бўлади, талмовсирайди. Болани қўрқитгандан сизга ҳам, унга ҳам фойда йўқлиги аниқ. Қилаётган ишининг натижаси қандай бўлишини тушунтириш яхши бўлади. Вазиятнинг оқибатини билмаган бола ота-онаси нима учун танбеҳ бераётганини англамаслиги мумкин.

4. «Дарҳол, бас қил дедим сенга!»

Бола билан бундай оҳангда гаплашмаган маъқул. Ахир у сизнинг фарзандингиз-ку! болага гапириб булмайдиган 10 ибора-2Асабларингизни жиловлай олмаяпсизми? Бунда гўдакнинг заррача айби йўқ. Кичкинтойингиз сизга аламзадалик билан қарашини ёки ўзини ҳуқуқлардан маҳрум қилингандек ҳис этишини истамайсиз-ку! Гўдаклар бу танбеҳга аҳамият бермай, йиғлайди ёки инжиқлик қилади. Ўсмирлар эса жимгина кетади, лекин ўз қобиғига ўралиб олади. Хуллас, бу ибора ҳам сизга фойда бермайди.

5. «Сен буни тушунишинг керак…»

Кўпчилик болалар суҳбат мана шу ибора билан бошланса, тезда диққатларини бошқа бир нарсага қаратишади. Гўдак ҳам шахс эканлигини унутманг. Сизга арзимасдек туюлган нарса унинг учун катта «муаммо» бўлиши мумкинлигини инобатга олинг. Бола ҳам катталар каби муаммоси ҳақида ўйлаб қайғуради, асабийлашади. Бу вақтда панд-насиҳатни қабул қила олмаслиги табиий.

6. «Ўғил (қиз) болалар бундай қилмайди!»

Бу ибора билан боланинг ўзига бўлган ишончини сўндириш мумкин. Келажакда йигит ўзининг ҳиссиётларга берилувчанлигидан, қиз бола эса яхши пишира олмаган таоми учун ҳам «аза тутиб» ўтиради.

7. «Арзимас нарса учун ҳам йиғлаяпсанми?»

Балки ўша «нарса» кичкинтой учун «арзийдиган» масаладир. Болалик даврингизни бир эсланг, кубиклардан ясалган уйчангиз бузилганида қандай йиғлагансиз? Болангиз учун ҳам унинг кичик дунёсига алоқадор ҳамма нарса муҳим. Унинг муаммоларига жиддий қарамаслик билан фарзандингизнинг ишончини йўқотишингиз мумкин.

8. «Сени деб касал бўлдим! Асабларимни тамом қилдинг!»

Болалар бу гапни оналари ва бувиларидан кўп эшитишади. Лекин эртами-кечми, болакай бу гапга аҳамият бермай қўяди. Яқинлари ҳақиқатан ҳам касал бўлганида ҳам беэътибор бўлади. Улар шунчаки шовқин солмаслик, югурмаслик ёки сакрамасликни сўрашяпти, деб ўйлайди.

9. «Буни сотиб олмаймиз, пулимиз йўқ (қиммат)!»

Кичкинтой ҳамма нарсага бир вақтнинг ўзида эга бўлишни истайди. Ота-онанинг бунга имконияти бор-йўқлиги уни қизиқтирмаслиги аниқ. Пул масаласига болани аралаштиргандан кўра, «бу ўйинчоқ сенда бор» ёки «кўп ширинлик есанг, томоғинг оғрийди» деб тушунтириш ҳам мумкин. Тўғри, бу осон жараён бўлмайди. Лекин фарзандингизга танбеҳ бергандан кўра бу иш самаралироқ.

10. «Ҳамма болалар яхши, лекин сен аҳмоқ, бало, лаллайгансан…»

Фарзандингизнинг елкасига ишончсизликни ўз қўлингиз билан илмаяпсизми? Болакай бундай салбий баҳоларга ўрганиб қолади. Ўзи англамаган ҳолда бу «ном»ларга лойиқ бўлишга ҳаракат қилиши мумкин.

манба

One thought on “Болага гапириб булмайдиган 10 ибора

Leave a Reply