Алишер Навоий (видео) - Ta’lim / Образование

Алишер Навоий (видео)

Алишер Навоий (1441, 9 феврал-1501, 3 январ) улуғ ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби бўлган. Ғарбда чиғатой адабиётининг буюк вакили деб қаралади, шарқда «низоми миллати ва д-дин» (дин ва миллатнинг низоми) унвони билан улуғланади.

Ҳаёт йўли

Асл исми Низомиддин Мир Алишер. У Ҳиротда туғилиб, шу ерда умрининг асосий қисмини ўтказган. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Баҳодир темурийлар хонадонига яқин бўлган. Шеьр завқи ва истеьдоди эрта уйғонган. Болаликдаёқ Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган, Шарафиддин Али Яздий назарига тушган, Мавлоно Лутфий ёш шоир истеьдодига юқори баҳо берган, Камол Турбатий эьтирофини қозонган. Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таьлим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Навоий 1469 йилгача темурийлар орасидаги ички низолар сабабли Ҳиротдан йироқроқда яшаган.

Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469) мансабига, вазирлик (1472) ва Астробод ҳокимлиги (1487)га тайинланади. 1480-1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга «муқарраби ҳазрати султоний» («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни беради. Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди. Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган.

Ўзбек олимлари О. Шарафиддинов, В.Маҳмуд, Ойбек, Я. Ғуломов, И.Султон. А.Зоҳидов, В.Абдуллаев, А.Қаюмов, С.Ғаниева в.б. Навоийнинг ҳаёт йўли ҳақида асарлар яратишган.

Хамса

Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси «Хамса» асари (1483-1485)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ «Хамса» яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди.

«Хамса» таркибига «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр», «Садди Искандарий» каби достонлар киради.

«Ҳайратул-аброр»да ҳамд, муножот, наът, ҳайрат бобларидан кейин шоирнинг Яратганга, борлиққа, табиатга, инсонга бўлган фалсафий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий, маьрифий, ахлоқий ва эстетик муносабати акс эттирилган. Подшоҳ билан улуснинг инсонлик нуқтаи назаридан айирмасиз, фарқсизлигини, подшоҳнинг ҳунар, ахлоқ, адл, инсоф, мантиқ, тақво йўлида улусдан ўта олмаганини англатиш билан ўзининг адолатли шоҳ ҳақидаги қарашларини англатади.

«Фарҳод ва Ширин»да қаҳрамонлар севги саргузаштлари орқали инсоннинг тарих ва келажак олдидаги вазифасини белгилайди, инсонлик фақат муҳаббатда эмас, балки ўша шарафли номнинг ҳимояси орқали эканини уқдиради. Шарқ тарихидаги Хусрав ва Ширин воқеасини бадиий жиҳатдан қайта ишлаб, Фарҳод орқали ўзининг комил инсон ҳақидаги қарашларини ифода қилган. Навоий достони орқали Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий аньаналари янгиланган бўлса, ундан кейин бу сюжет турк мумтоз адабиётининг ўзак муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин тутди ва бу йўналишда Аҳмад ризвон, Жалилий, Ҳаримий, Бафқий, Урфи Шерозий, Ламиий, Низорий ва бошқа достонлари яратилди.

«Лайли ва Мажнун» достонида араб эртаклари орқали маьлум сюжет ўзининг тугал шаклини топди, унда ишқ фалсафаси бетакрор услубда ифода қилинди. Кейинроқ яратилажак Фузулий, Андалиб, Сайқалий достонлари учун маьнавий замин бўлди. «Хамса» таркибидаги «Сабъаи сайёр» ва «Садди Искандарий»да шоҳлик билан боғлиқ масалаларни биринчи ўринга олиб чиқди. Бу достонлар хамсанавислик аньанасида ўзининг ижтимоий-сиёсий характери ва оригиналлиги билан ажралиб туради. «Хамса»га устоз Абдураҳмон Жомий (1414-1492) юқори баҳо берди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ШИ қўлёзмалар фондида 15-20 асрларда кўчирилган 166 қўлёзма сақланади. Улардан 84 тасида бешликнинг ҳамма достонлари берилган.

«Хамса» ҳақида хорижий олимлар А.Вамбери, Ж.Малоколин, Ф.Ричард, Л.Вари, Й.Екман, Э.Партеле; рус тадқиқотчилари И.Крачковский, В.Бартольд, Э.Бертелс, Конрад, Б.Жирмунский, А.Якубовский, А.Семёнов; турк олимлари Ф.Кўпрулу, А.С.Левенд, К. Эраслон; озар олимлари Ҳ. Арасли, Г. Алиев; ўзбек олимлари Фитрат, И.Султон, В.Зоҳидов, А.Қаюмов, Т.Жалолов, Содир Эркинов, С.Назруллаева, А.Абдуғофуров, М.Ҳакимов, С.Ҳасанов в.б. ишлари маьлум.

ЎзМУда «Хамса»ни тадқиқ этиш борасида Б.Қосимов, Б.Акром, Ҳ.Болтабоев, А.Еркинов, Д.Фармонова тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.

Нашр қилинган асарлари

Алишер Навоий. Асарлар. 1-4 жилдлар, -Т.: 1963-1968;
Алишер Навоий. Хазойинул-маоний. -Т.: 1959-60;
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами (20 жилдлик), 1-6 жилдлар. -Т.: 1987-1992;
Алишер Навоий. Асарлар. 6-10 жилдлар, -Т.: 1963-1968.
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами (20 жилдлик), Тошкент, 1991-1996;
Алишер Навоий. Хамса (Нашрга тайёрл. Р.Шамсиев). -Т.: 1960;
Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин (насрий баён муаллифи Ғофур Ғулом). – Т.: 1956;
Алишер Навоий. Ҳайратул-аброр. Илмий-танқидий текст (нашр. П.Шамсиев). -Т.: 1970;
Алишер Навоий. Лисонут-тайр (насрий баён муаллифи: Ш.Шариров). – Т.: 1984;
Алишер Навоий. Лисонут-тайр. – Т.: 1991;
Алишер Навоий. Насойимул-муҳаббат. МАТ. 17-жилд. -Т.: Фан, 2001;
Алишер Навоий. Муножот (нашрга тайёрл. С.Ғаниева). – Т.: Шарқ, 1991;
Алишер Навоий. Маҳбубул-қулуб. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. – Т.;1967;
Алишер Навоий. Хамсатул-мутаҳаййирин. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. – Т.;1967;
Алишер Навоий. Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. – Т.;1967;
Алишер Навоий. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. – Т.;1967;
Алишер Навоий. Муншаот. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. – Т.:1967
Алишер Навоий. Мажолисун-нафоис. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.12. -Т.: 1966;
Алишер Навоий. Муҳокаматул-луғатайн. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. – Т.:1967;
Алишер Навоий. Мезонул-авзон. Асарлар. Ўн беш томлик Т.14. – Т.:1967;
Алишер Навоий. Тарихи мулуки Ажам. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. – Т.:1967;
Алишер Навоий. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.15. – Т.:1968;
Алишер Навоий. Вақфия. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. -Т.: 1967;
Алишер Навоий. Девони Фоний. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.5. 1-2 китоб. – Т.:1966;
Алишер Навоий. Муфрадот. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.15.- Т.:1968;


 
 


Leave a Reply