Галилео Галилей (итал. Galileo Galilei; 15 февраль 1564, Пиза — 8 январь 1642, Арчетри) — ўз даврининг илмига катта таъсир кўрсатган италян файласуфи, физик ва астроном. Галилей асосан ўзининг планеталар ва юлдузлар соҳасидаги изланишлари, дунёнинг гелиомарказли тизимини фаол қўллаши ва меҳаника бўйича тажрибалари билан машҳур.
Галилей аслзодалар оиласида дунёга келган. Отасининг ундови билан Пиза университетига кириб (1581), тиббиётни ўргана бошлаган. Бу ерда Аристотель физикаси билан танишган, Евклид ва Архимед математикасини ўрганган. Геометрия ва механикага қизиқиб кетгач, Галилей тиббиётдан воз кечиб, 4 йил мобайнида математикани ўрганган ва ихчамгина“Кичик тарозулар” асарини ёзган (1586; 1655 й. нашр қилинган). Бу асари уни италян математиклари орасида машҳур қилган. Галилей механика билан астойдил шуғулланган. Кейинчалик инерция қонунини кашф этган, кучларни қўшиш қоидасини ифодалаб берган, кўчирма ҳаракат тезлиги доимий бўлган чоғдаги нисбийлик принципини яратган, механик ҳаракатнинг асосий кўрсаткичларини микдорий жиҳатдан аниқлаган. Жисмнинг қия текисликдаги ҳаракати, маълум бурчак остида отилган жисмнинг ҳаракати, эркин тушиш ҳақидаги қонунларни дастлаб Галилей кашф этган, ҳаракатнинг сақланиши тўғрисидаги муҳим фикрга тегишли тушунчаларни киритган. Галилей — Ньютон механикаси илмнинг муҳим тармоғига айланди. Галилей олам тузилишини тушунтиришда Н. Коперник йўлидан борди. Ўзи ясаган (32 марта катта қилиб кўрсатадиган) телескоп ёрдамида Ой сиртининг нотекислигини, Венера фазасининг ўзгаришини, Қуёш доғларини, Юпитернинг 4 та йўлдошини кашф қилди ва Қуёшнинг уз ўқи атрофида айланишини исботлади. Галилейнинг бу ишлари “Юлдуз хабарчиси” (1610—11) асарида баён қилинган. “Олам тузилишининг икки асосий системаси ҳақида диалог” (1632) асарида гелиоцентрик системалари тўғрилигига асосли далиллар келтирган. Абу Райҳон Беруний қаби Галилей ҳам Аристотелнинг “енгиллик кучи” тушунчасига қарши чиқиб, фақат оғирлик кучини тан олди. У табиий ҳодисаларни тажриба ва математик фикрлаш асосида тушунтиришга ҳаракат қилган.
Галилео Галилей биографияси ҳақида видео (рус тилида)
[mover id=”Oeog4oNj”]
[mover id=”uPD5vaRj”]
[mover id=”IWbsDiIj”]
[mover id=”bbFHlTGj”]
1610 йилнинг 7 январида Галилей ўзи ясаган телескоп ёрдамида тунги осмонни кузатишни бошлайди. 30 баробар яқинлаштирувчи телескопи ёрдамида биринчи бор тунги осмонни кузатиш вақтида унинг хис-ҳаяжонини тасаввур қилиш мумкин. Галилей оддий куз билан кўриш мумкин бўлмаган осмондаги кўплигина юлдузларни кўради. Шунингдек, Сомон йўли мураккаб тузилишга эга эканлигига гувох бўлади. Ушбу оптик қурилма орқали биринчи бор қараган астроном олим Қуёшдаги қора доғлар, Ойдаги тоғлар ва кратерлар, Юпитернинг тўрт йўлдоши борлигини кўрди. Улкан планета Коперник тасвирлаган жажжи қуёш системасига ўхшашлигини ўз кўзлари билан кўрди.
Галилей дунёқараши — механистик материализм. У оламдаги барча ҳодисалар моддий асосга эга бўлиб, механика қонунларига буйсунади, деб тушунган, схоластиката қарши чиққан. Механистик материализмнинг барча нуқсонлари Галилей дунёқарашига ҳам тааллуқли. Галилей ўз замонасининг илғор ғояли кишиларидан бўлган.
Галилейнинг истеъдоди фан соҳалари билан чекланиб қолмайди: у мусиқачи, рассом, санъат шинавандаси, адабиётшунос ҳам бўлган. Унинг илмий рисолалари равон ва оддий тилда ёзилганлиги учун уларни ҳам бадиий адабиёт жумласига қўшиш мумкин. У лотин тилини мукаммал эгаллаган. Н. Коперникнинг гелиоцентризмини қатъий ёқлагани учун Галилей 1633 йилда католик черков томонидан инквизиция судига берилган, натижада Н. Коперник таълимотидан воз кечишга мажбур бўлган ва 1633 йил 22 июнда черковда тиз чўкиб тавба қилган; унга Ер ҳаракати тўғрисида гапириш ва асарларини нашр қилиш тақиқлаб қўйилган. Галилей умрининг охиригача “инквизиция асири” ҳисобланган. Галилей 1637 йилда кўр бўлиб қолган. Асрлар ўтиб хақикат қарор топди: 1992 йилда Рим папаси Иоанн Павел II инквизиция суди карорини нотўғри деб топди ва Галилео Галилейни оқлади.
манба: © www.umid.zn.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт.