Фаслларнинг келинчаги бўлмиш баҳор ўз тароватини таратаётган пайт эди. Фарангиз бу дамни анчадан бери орзиқиб кутарди. Чунки Наврўз байрамини бувижониси бағрида кутиш, Бахмал тоғлари қўйнида ўз тенгдошлари билан варрак учириб юришга нима етсин?! Бахмал… Бу сўлим гўшада Наврўз байрамига тайёргарлик кўтаринки руҳда эди. Фарангиз қишлоққа келгач, барча дугоналари сочларини жамалак қилиб ўриб олганларини, атлас кўйлакларни кийиб у ёқдан бу ёққа чопиб, ўйин-кулги қилаётганларини кўриб, уларга ҳаваси келди. У уст-бошини тезда алмаштириб, ишга шўнғиб кетди. Қишлоқда сумалак пиширишга тайёргарлик бошланган эди. Қизларга эса у учун тошлар йиғиб келиш топширилди. Ҳамманинг юзида табассум, қувонч ҳисларини туйиш мумкин эди. Чиндан ҳам одамлар ғам-қайғуларни унутган, қанча кўп меҳнат қилсалар-да, бироқ бу уларга шунча завқ бағишлар, ҳеч кимнинг юзида чарчоқ ҳислари сезилмас эди. Гўёки улар учун, ҳақиқатан ҳам, янги кун бошланаётгандек эди. Дошқозонлар атрофида барча: болалар-у катталар ўйин-кулги қилишиб, лапар, шеьр, халқ қўшиқларидан айтишарди. Фарангизнинг бувиси эса болаларга Наврўз билан боғлиқ турли хил ривоятлардан сўзлаб берарди. Ҳамма бирор-бир ният тилаб, сумалакни ковлашга ошиқарди. Болалар эса тезроқ сумалакдан татиб кўришни хоҳларди. Бахмалнинг тоза ва мусаффо ҳавоси, гўзал табиати гўёки сумалакни янада ширинроқ қилаётгандек туйиларди. Ва ниҳоят унинг устини ёпиб, тиндириб қўйишди. Сумалак ҳам тайёр бўлди. Ҳамма сумалакнинг устида ниманинг сурати пайдо бўлганлигига қизиқишарди. Барча ҳаяжонда… Очиб қарашсалар, сумалакда дарахт расми пайдо бўлган эмиш. Фарангиз бувисидан бу расм нимани англатишини сўради. Шунда Хосият буви айтдилар: «Дарахт – мўлҳосил, қут-барака ва фаровонлик белгиси. Демак, бу йил мўл-кўлчилик, тўкинчилик ва қут-барака йили бўлади. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз фаровонлиги учун заминдир. Бу расмнинг асл мазмун – моҳияти ҳам шунда, болажоним!».
Жиззах вилояти «Умид» ихтисослаштирилган мактаб интернати 8«В»
синф ўқувчиси Рахматова Хонзодабегим