Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тасдиқланди. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Унга кўра:
— 2024 йил 1-январдан бошлаб — Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинади;
— 2024 йил 1-сентябрдан бошлаб — менежерлик сертификатига эга умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар ҳодимларига сертификат амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устамалар қуйидаги миқдорларда тўланади:
- мактаб директорларига – 50 фоиз;
- директор ўринбосарларига – 30 фоиз.
Шунингдек, мазкур қарор билан тасдиқланган тегишли Низом талабларига кўра:
— умумтаълим мактаблари директорлари ҳар 5 йилда бир маротаба белгиланган талабларга мувофиқ менежерлик сертификатини олиши талаб этилади;
— номзодлар махсус портал орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтади;
— сертификат 5 йил давомида амал қилади.