Эндиликда 11 синф битирувчилари e-shahodatnoma.uz ахборот тизими орқали ўз шаҳодатномаларини жорий йилнинг 20 июнь кунидан бошлаб онлайн тарзда юклаб олишлари мумкин. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Маълумот учун, 11-синф мактаб битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари “Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги” (собиқ ДТМ)нинг ОТМ қабул бўйича электрон платформасига интеграция қилинган.
Шу боис, олий таълим муассасаларига электрон ҳужжат топшириш жараёнида битирувчининг шаҳодатнома маълумотлари автоматик тарзда тақдим этилади. Битирувчилар шаҳодатномаларини шахсан тақдим этишларига эҳтиёж йўқ.
Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларини 390 мингдан ортиқ битирувчилар тамомлайди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, e-shahodatnoma.uz электрон платформасига қуйидаги умумий ўрта таълим мактаблари 11-синф битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари киритилган:
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари;
- Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар;
- Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тасарруфидаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари;
- Нодавлат таълим ташкилотларининг 11-синф битирувчилари.
Академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг диплом маълумотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг электрон тизимига киритилади.
☎️ Қўшимча маълумотлар учун +998712030704 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.