ТРКИ қандай имтиҳон? У кимларга мўлжалланган? - Ta’lim / Образование

ТРКИ қандай имтиҳон? У кимларга мўлжалланган?

Рус тилини чет тили сифатида билишни баҳоловчи имтиҳон тўғрисида биласизми? ТРКИ имтиҳони ҳақида нималарни билиш зарур? Ушбу саҳифада батафсил тўхталиб ўтамиз.


TRKI-TORFL_600

ТРКИ нима дегани?

Бу имтиҳоннинг рус тилидаги тўлиқ ёзилиши ТРКИ аббревиатураси “Тест по русскому языку как иностранному” бўлиб, инглиз тилида “Test of Russian as a Foreign Language” (TORFL) шаклида ҳам кенг тарқалган. Бу халқаро даражада рус тилини билишни баҳоловчи давлат имтиҳонидир. Шунингдек «Рус тили профессионал мақсадларда» тести бўлиб, у туризм, бизнесда ишлатилади. Бу тематик сўзлар билан боғлиқ ТРКИ’нинг алоҳида тестлари ҳисобланади.


ТРКИ қандай пайдо бўлган?

Тест 1995 йилда Россияда пайдо бўлган. Унинг яратилишида Россиянинг 4 йирик олий таълим муассасалари иштирок этишган. Булар – Пушкин институти, РУДН (Россия халқлар дўстлиги университети), МГУ (Москва давлат университети) ва СПбГУ (Санкт-Петербург давлат университети). Бугунги кунда улар тест консорсиумининг ташкир қилади – улар синов учун материалларни ишлаб чиқадилар, топшириқларни муваффақиятли бажарганларга сертификатлар берадилар. Ушбу университетларнинг турли мамлакатларда имтиҳон топширишингиз мумкин бўлган ўз тест марказлари мавжуд.


Ўзбекистонда ТРКИ тестини топшириш қандай устуворлик беради? Бирон фойдаси борми?

Албатта! ТРКИ С1 сертификатига эга бўлган таълим тили рус тили бўлмаган мактаблар ва синфларда дарс берадиган рус тили ўқитувчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20 январь 2022 йилдаги «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 34-сонли Қарорининг 11-бандига асосан сертификат берилган санадан бошлаб 2 йил давомида ойлик иш ҳақларига 50 фоиз устама олишга ҳақлидирлар.


Сертификат олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Халқлар Дўстлиги Россия Университети (Российский университет дружбы народов) РУДН’нинг телеграм канали орқали рўйхатдан ўтган ҳолда ёки Ломоносов номидаги Москва Давлат университети Тошкент шаҳридаги филиалининг тест маркази рус тилида чет тили (ТРКИ, А1-C2 даражалари) сифатида тест топширишни истаган фуқароларни рўйхатдан ўтказади.


Имтиҳон қандай даражаларни ўз ичига олади?

ТРКИ (TORFL) ўз ичига қуйидаги олти даражани ўз ичига олади: А1, А2, В1, В2, С1, С2.

В1 даражадан бошлаб сертификат берилади.

TRKI-TORFL

“Рус тилини чет тили сифатида билиш даражаси ва уларни синовдан ўтказиш”
Манба: ruspeach.com

  1. А1 (бошланғич даража, 60-80 соат тайёргарлик) – энг содда лексикаларни ифодалайди: саломлашиш, хайрлашиш, бирор илтимос билан мурожаат қилиш ўрганилади;
  2. А2 (фундаментал даража, 160-200 соат тайёргарлик)кундалик ҳаётдаги содда мулоқот лексикаларини ифодалай олиш (дўконда, транспортда, ресторанда);
  3. В1 (биринчи сертификат даражаси, 400-480 соат тайёргарлик)ўқишдаги, иш юзасидан ва ижтимоий мулоқот жараёнидаги фикрларини ифодалай олиш;
  4. В2 (иккинчи сертификат даражаси, 560-680 соат тайёргарлик) эркин мулоқот қила олиш, ОАВдаги хабарлар ва лекцияларни тушуниш;.
  5. С1 (учинчи сертификат даражаси, 960-1200 соат тайёргарлик) – тезкор тарзда гапириш, сўзлар ва ифодаларни қийналмасдан тўлиқ талаффуз қилиш, илмий ва касбий соҳадаги сўзларни қўллаш;
  6. С2 (тўртинчи сертификат даражаси) – рус тилида соф сўзлашувчи даражаси.

 


Имтиҳон жараёнида олинадиган тестлар таркибига нималар киради?

Ҳар бир даражанинг тести 5 та субтестлардан иборат:

  • Лексика; грамматика;
  • Ўқиш;
  • Тинглаш;
  • Ёзиш;
  • Сўзлашув.

Тестларнинг давомийлиги даражасидан келиб чиққан ҳолда камида 3,5 соат бўлади.



Leave a Reply