Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташаббуси билан 2024 йилнинг 4–10 январ кунлари умумий ўрта таълим ташкилотлари педагоглари учун Методик марафон ташкил этилмоқда.
Марафондан кўзланган мақсад:
— умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқув-тарбия жараёнини замонавий талаблар асосида инновацион усуллар ёрдамида ўқитишни таъминлаш;
— халқаро баҳолаш дастури (PISA-2022) тадқиқотларида ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар саводхонлиги бўйича баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, уларнинг ўзлаштиришдаги бўшлиқлар билан ишлаш;
— ўқитувчиларга ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаш ва самарали мулоқот қилиш, реал ҳаётий муаммоларга ечим топа олишига йўналтирилган методларни ўргатиш;
— педагог кадрларнинг илғор тажрибаларини аниқлаш, ўзаро тажриба алмашишларини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш.
Марафонда иштирок этиш учун тақдимотлар @metodik_marafon_bot телеграм ботига юборилади. Бунда тақдимот ҳажми 50 мегабайтдан ошмаслиги керак.
Энг яхши методик ресурс муаллифлари танлаб олинади ҳамда тренер сифатида жалб этилади. Шунингдек, Таълимни ривожлантириш маркази расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълон қилинади.