Баъзи биринчи синф ўқувчилари ота-онасининг ёрдамисиз уй вазифасини бажара олишмайди. Аммо болалар мактабда берилган уй вазифасини ўзлари бажаришлари лозим ва улар буни қила олишади. Кейинги маслаҳатлар шундай тартибда санаб ўтилганки, ҳар бир кейинги маслаҳат олдингисига қараганда жиддийроқ кўмакни назарда тутади.
Ҳатто болалар боғчасида ғурур билан «Ҳаммасини ўзим қила оламан» шиори остида вазифаларни мустақил уддалай олган бола ҳам биринчи синфга борганида кўмакка муҳтож бўлади. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки энди уни ўқитувчиси – яъни мутлақо бегона киши биринчи марта баҳолайди-да.
Бу ёшда ҳамма вазифаларни тўғри ва «аъло» баҳога бажариш жуда муҳим. Шўринг қурғур тушунмовчиликнинг сабаби ҳам ана шунда: болалар уйда «Ойи, ёлғиз ўзим бажаролмаяпман!» деган фикрни назарда тутиб, «Ойи мен бажаролмаяпман!» деб шикоят қилишади. Оналар эса, ўз навбатида, «Болам ёлғиз ўзи уддалай олмайди», деб ўйлайди ва ҳар сафар унга уй вазифасини бажаришда ёрдам беради.
Қуйидагиларни одат қилинг:
Болага унинг қобилиятлари ва мустақиллигини ривожлантиришга ёрдам берган ҳолда кўмаклашинг.
Фарзандингизга бир пайтнинг ўзида унинг қобилиятлари ва мустақиллигини ривожлантирган ҳолда ёрдам беришни одат қилинг.
Фарзандингизга у ҳаммасини мустақил равишда бажара оладиган даражада қобилиятли эканини тушунтиринг. Аммо «Агар мутлақо уддалай олмасанг, мендан сўрашинг мумкин», деб огоҳлантириб ҳам қўйинг.
Топшириқни текшириб кўришни таклиф этинг: «Истасанг, машқ ечимларини кейинроқ кўриб бераман».
Оралиқ натижалар учун болани мақтанг. Бу уни руҳлантиради ва ўзига бўлган ишончни кучайтиради.
Аввало, иш нега тўхтаб қолганини аниқлашга ҳаракат қилинг. «Буни қандай қилиб ҳисобладинг?» ёки «Бу рақамни қаердан олдинг?» деб сўранг.
Агар бола машқни тушунмаган бўлса, уни ечишнинг бошқа усулларини таклиф этманг.
Агар фарзандингиз хато қилган бўлса, унга анниқ кўрсатмаларни беринг: «Натижада 15 сони ҳосил бўлди, бу ерга эса умуман бошқа рақамни ёзгансан» ёки мисолларни бир нечта босқичда ечинг.
Агар фарзандингиз ўзи ҳаммасини ишонч билан бажараётганини ҳис этсангиз, унга ўргатманг.
Ўқитувчи билан фарзандингизнинг билим борасида оқсайдиган томонлари ҳақида суҳбатлашинг ва у билан маслаҳатлашинг. Агар фарзандингизга мисол ечимларини худди мактабда тушунтиришганидай тушунтириб берсангиз, уни адаштирмайсиз.
Уй вазифаларини бажаришда берадиган ёрдамингизни чекланг, аммо қуйидаги ҳолатлар бундан истисно: боланинг узоқ касалланиб қолиши ёки жуда мураккаб материал бўлса.
Агар бола билан шуғулланаётган бўлсангиз, иложи борича унинг машқни ечиш жараёнига аралашмасликка ва иложи борича чеккароқда туришга ҳаракат қилинг. Бола ўзи мустақил равишда қўлидан келганича ўйласин, ечсин, ҳисобласин ва ифодаласин.
Ўйлаймизки, ушбу маслаҳатлар сиз ва болангиз учун фойдали бўлади.