Чет тилини тез ўрганиш сирлари - Ta’lim / Образование

Чет тилини тез ўрганиш сирлари

Бугун ҳаётни чет тилларисиз фараз қилиб бўлмайди. Глобализация жараёни тезлашган сари чет тилини ўрганиш замон талаби бўлиб боряпти. Бугун ҳар қандай соҳада яхши бир мутахассис бўлиш учун инглиз тилини билиш оддий талабга айланиб қолди. Бирор бир чет тилини ўрганаётганда ўзимга берган саволим қуйидагича бўлиб келган: “Чет тилини қандай қилиб тез ўрганса бўлади? Чет тилида қандай қилиб осон гапириш мумкин?”


Learn foreign language

“Тилни тез ўрганиш, унда тезда гапира олиш сири нимада? Нима учун тўрт йил давомида бош кўтармасдан битта чет тилини ўрганаётган талабаларнинг аксар қисми тилда уч-тўрт оғиз бехато гап айтолмаётганда, тилга алоқаси бўлмаган соҳаларда ўқиётган талабалар ҳафтада 3-4 соат тил ўрганишга вақт ажратиб тилни ажойиб тарзда ўзлаштиряпти?”

Узоқ йиллар давомидаги изланишларим натижасида шуни тушиниб етдимки, муаммонинг сабаби тил ўрганишга бўлган ёндашувдадир. Кўплаб хатоларни тушиниб етганлигим сабабли бугунги кунга келиб олтинчи тилни ўрганяпман ва бу ҳар қачонгиданда менга осонроқ туйиляпти.

Чет тилини ўрганиш бу биз хаёлимизга сиғдирганчалик қийин эмаслигини кундан-кунга яхшироқ тушиниб етяпман. Бу учун муҳими чет тилини ўрганишда энг осон йўлни танлаб билишдир. Бизда аксар таълим муассалаларида қўлланаётган эски методика анча эскирди ва тилни ўрганиш бугунги кунда ўқитувчидан кўра айнан тил ўрганувчининг ўзига боғлиқ бўлиб қолди.

Кучли иштиёқ

Бирор тилни ўрганиш учун энг мухими ҳаётдаги ҳар бир соҳада бўлганидек мотивациядир(иштиёқ). Ўзизга ҳар доим бу тилни нима учун ўрганишим керак деган саволни беринг ва ҳар қандай қийналган вазиятингизда ёки иккиланганингизда тилни ўрганишдан мақсадингизни эсланг. Энг мухими бу тилни ўргана олишингизда, ҳаммаси содда, унчалик қийин эмаслиги, тил ўрганишда бошқалардан кам жойингиз йўқ эканлигини англаб етишдир. Тилни ўрганишда ўзингизга бўлган ишончни орттира олганингиздан кейин тилни ўрганишга киришсангиз бўлади.

Ҳар кунлик машғулот

Ҳозирги кунда кўплаб тил курслари ҳафтада бир ёки икки кун икки соатдан дарс ташкиллаштиради ва кундалик ҳаёт ишлари билан банд бўлган тил ўрганувчи киши бошқа кунларда тилга вақт ажратолмайди ва одатда кейинги дарсгача олдинги дарсдаги мавзуларни эсдан чиқаради ва бу тилни ўрганиш жараёнини анча секинлаштиради. Шу учун ҳам хохлаган бир чет тилини ўрганаётганда, уни ҳар куни ўрганиш керак ва шунда ҳар куни такрорланиш натижасида тилни ўрганиш жараёни анча тезлашади. Шу учун ҳам бирор тилни яхши ўзлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзингизга ҳар кунлик мажбурият юкланг; “Мен ҳар куни, ҳар қандай вазиятда ҳам инглиз тилини ўрганишга ярим соат ёки бир соат вақт ажратаман!”. Шундагина тилни эслаб қолиш имкониятингиз кескин ошиб боради.

Қобилиятлар тури

Тилшунос олимлар тилни ўрганишни тўртта катта йўналишга бўлишган:

– Ўқиш – бу чет тилида ўқилган матнни тушиниш қобилияти;
– Эшитиш -бу чет тилида эшитилган матнни тушиниш;
– Ёзиш – чет тилида ёзиш қобилияти;
– Гапириш – ўз фикрингизда чет тилида ифода эта олиш қобилияти.

Ушбу тўрт нарсага етишиш учун учта энг керакли нарсани ўзлашитирш мухимдир: граматика, луғат бойлиги ва талаффуз. Демак, ушбу уч нарсани ўзлаштирмасдан туриб чет тилини ўрганиш анча қийинлашади.

Қайси воситалар қулай?

Энди, ушбу уч нарсани қайси воситалар асосида тез ўрганиш йўлларини тахлил қиламиз:

Грамматика

Одатда чет тилини ўрганаётган кўплаб ўқувчиларга граматика ҳақида гапирса энсаси қотади. Хохласакда, хохламасакда тилни ўрганишда энг мураккаб қисми айнан грамматикададир. Шу учун ҳам грамматикани ўрганиш жуда мухимдир. Қўрқиб кетманг, буни ҳам жуда осон тарзда ўрганиш мумкин.

Бизда граматика дарси деганда ҳатто ўша тилда гапирувчи миллатлар ҳам ишлатмайдиган минглаб қоидалар ўрганиб чиқилади, ёд олинади. Бизнинг таьлим тизимидаги энг катта муаммо ҳам айнан шу ёд олишлардадир.Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари Университети француз филологиясининг кўплаб талабалари ўқишни битирганда француз тили граматикаси ва фонетикасидаги минглаб қоидаларни ёддан биладилар, лекин тилда бехато мураккаброқ бир гап тузиб бера олмайдилар. Қоида ёдлаш деган нарсаларни умуман эсдан чиқаринг ва граматикада фақат кераклигина нарсани ўрганинг; ёдланган, лекин амалда тилни гапирганда ишлатилмайдиган қоида худди машина сотиб оласизу, лекин гаражга тиқиб қўйиб, ишга узоқ масофада пиёда қатнайсиз, бу ҳам айнан шунга ўхшаш бир ҳолатдир.

Масалан, инглиз или дарслари давомида 80дан ортиқ нотўғри тусланувчи феълни ёд олганимни эслаб биламан. Лекин, шулардан қўлланса бор йўғи 30тасигина қўлланилади. Масалан, “sweep” яъни “супурмоқ” феъли. Шу нотўғри тусланувчи феьлни мен бирор марта инглиз тилида гапирганда ёки ёзганда ишлатганимни эслолмийман.

Ҳар қандай тилни ўрганишда энг содда йўлдан бориш керак. Шу учун ҳам эьтибор беринг: Инглиз ёки француз тилида содда гап нималардан иборат? эга+Кесим+Тўлдирувчи. Демак, гапнинг шу уч қисмида ишлатиладиган граматикани ўрганиш тилни ўрганиш учун етарлидир. Ҳар қандай тилни ўрганишдан мақсад шу тилда гапира олишдир. Шу учун ҳам айнан кундалик гапиришга керакли граматик мавзуларнигина ўрганинг. Француз тилини ўрганаётганда, дастлаб 12 замонни ўрганиб чиққандик, лекин 90 фоиз ҳолатда ҳозирги, ўтган ва келгуси замонгина қўлланилади. Шу учун ҳам учта керакли замонни ўрганишнинг ўзи етарли.

Айнан, шу томондан келиб чиққанда, грамматикани ўрганиш сиз учун тахминан 80 фоизга осонлашади. Грамматикани ўрганганда тилга энг керакли мавзуларни танлаб олгандан сўнг уларни ўрганиб чиқишни ҳафталарга тақсимлаб олинг. Ҳар бир мавзуга бир ҳафтадан вақт ажратинг ва ҳафта давомида бир мавзуни чуқурроқ ўрганиб боринг. Натижада, уч ойда чет тилида гапира олиш учун етарли даражада грамматик асосга эга бўласиз ва кўрганингиздек бу сиз ўйлаганчалик ҳам мураккаб нарса эмас.

Луғат ўрганиш

Бу ерда ҳам ўзингизни мажбурлаб йиллар давомида сўз ёдлаш бу энг нотўғри методдир. Мактаб йилларимда ҳар куни ўзимга 10тадан сўз ёдлашни вазифа қилиб олгандим. Муаммо шунда эдики, француз тилида гапирганда ушбу сўзларни қўллай олмасдим, уларнинг кўпчилиги кундалик ҳаётда умуман ишлатилмас ва тезда унут бўлиб кетарди. Шунда тушиндимки, бу услуб тилда сўз бойлигини орттиришда жуда нотўғридир. Вақт ўтган сари тажрибадан тушундимки, сўз ёдлашнинг энг осон йўли ўрганилаётган чет тилида кўпроқ ўқишдир. Инглиз тилини ўрганаётган бўлсангиз, ўзиз учун зерикарли, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган матнларни ўқигандан кўра интернетда ўзиз қизиққан соҳадаги матнларни ёки китоб ва журналларни ўқинг. Ҳамма тушунмаган сўзларга тўхтамасдан, фақатгина гапнинг маносини англаб йетишга керакли нотаниш сўзларни учратганингизда луғатдан ёки Google Translate каби хизматлардан таржимасини топинг ва уни дафтарга қайт этиб қўйинг. Иложи бўлса ҳар куни 3-4 бет ўрганилаётган чет тилида бирор бир матн ўқишга ҳаракат қилинг ва ҳар сафар нотаниш сўзни таржимасини топиб ёзиб кетинг. Бу ёзганларингизни ёдлашга ҳеч қачон киришманг, мен ёзганларимни ҳатто қайтиб ўқиб ҳам кўрмийман одатда. Бизнинг ёд олиш қобилиятимиз шундай шаклланганки, агар биз бирор сўзни кўриб, шунчаки таржима қилиб кеcак, у эсимизда қолмайди, лекин бирор жойда қайд этиб қўйсак, мия бу нарсанинг муҳимлигига урғу беради ва сўз ёдимизда қолиб бошлайди. Натижада ҳар хил матнларда 5-6 марта учраган бир сўз унутилмас даражада ёд бўлади ва шу билан бирга сўзнинг қайси контекстда қайси маънода қўлланилишини ҳам билиб оламиз. Чет тилида ҳар куни матн ўқиганимизнинг яна бир фойдаси шундаки, ўрганган грамматик мавзуларимизни матнда ишлатилганлигини кўриб, граматик асосимизни янада мустаҳкамлаб борамиз.

Луғат ёдлашдаги иккинчи муваффақиятли услубини америкалик машхур олим, “Тўрт соатлик иш ҳафтаси” китобининг муаллифи Тим Феррисс тушунтирган. Перато назария бўйича биз ҳаётимизда керакли ишларга фақат вақтимизнинг 20 фозини ишлатамиз, лекин эришадиган натижаларимизнинг 80 фоизини айнан шу 20 фоизгина меҳнат беради. Тим Феррисс еттита чет тилида бемалол гапира олади. У тил ўрганишни сирини қуйидагича изоҳлайди: “Хохлаган бир чет тилини 90 фоизини тушиниш учун 3 ой етарли, лекин 95 фоиз тушиниш учун 3 йил керак”. Демак, тилни мукаммал ўрганиш жуда узоқ меҳнат талаб қилади. Демак, Перато назариясидан келиб чиқиб аввало 80 фоиз натижани берадиган 20 фоизга шукур қилиш керак.

Буни энди содда тилда тушинтираман. Луғат ўрганганда тилда айнан энг кўп ишлатиладиган сўзларнигина ўрганиш керак. Статистика маьлумотларига кўра инглиз тилида энг кўп ишлатиладиган 200та сўз инглиз тилидаги ёзишмаларни тенг ярмини ташкил этар экан. Шу учун ҳам луғат ёдлаганда тилда энг кўп ишлатиладиган сўзларни ёд олишни ўзи етади. Кейин, унга фақатгина ўзингизга керакли соҳадаги сўзларни қўшиб ўрганишгина етарли. Мана бу манзилда сиз ўрганаётган чет тилида энг кўп ишлатиладиган сўзлар рўйхатини кўчириб олишингиз мумкин. Демак, луғат ўрганга приоритетни аниқлаб, айнан керакли нарсаларни ўзини ўрганишгина етарли. Шунда ҳам сўзни халқ тилида айтганда “қорига ўхшаб ёдламасдан”, рўйхатдаги сўзларнинг ҳар бири иштирокида бештадан гап ёзишга ҳаракат қилинг. Ҳар сафар улар иштирокида гап тузганингизда сўзлар техник тарзда ёд бўла бошлайди ва луғат бойлигингиз бойиб боради. Демак, чет тилида гапирилганда 90 фоиз ҳолатда 1000 га яқин кўп қўлланувчи сўз ишлатилади холос, қолганини бўлса ҳар ким ўз соҳасига мослаб ўргансагина етарлидир. Масалан, тиббиёт ходими ушбу 1000та сўз ва унга қўшиб тиббиёт соҳасига боғлиқ 1000 га яқин сўз ўрганса ҳеч қандай қийинчиликларсиз ўз соҳасида инглиз тилида эркин мулоқотда бўла олади.

Талаффуз

Ҳар бир тил ўзининг талаффузига эга. Тилшунос олимларнинг фикрича жами 150 дан ортиқ товуш бўлиб, ҳар бир тил одатда ўртача 30та товушни ишлатади. Натижада тилларнинг талаффузида жуда катта фарқ келиб чиқади. Масалан француз тилидаги бурун товушлари бизнинг тилда умуман йўқ. Ўзбек ва француз тилларидан фарқли равишда рус тилида “ў” товуши йўқ. Одатда тилни ўқишни ўргангандан сўнг, талаффузни яхшилашнинг энг осон услуби бу чет тилида иложи борича кўпроқ тинглашдир. Шу тилда кино кўриш керак, қўшиқ ва ҳар хил радио матнларни эшитиш керак. Yandex тизимида изласангиз биргина инглиз тилининг ўзида агар минглаб бўлмаса юзлаб аудио курсларни топасиз. Уларни player ёки телефонингизда эшитиб юриш сизнинг ҳам тилни тушинишингизни осонлаштириб боради, ҳам талаффузингиз яхшиланишда давом этади. Чет тилида қўшиқ эшитганда ундан яна бир бошқа мақсадда ҳам фойдаланса бўлади. Яхши кўрган қўшиғингизни матнини чет тилида топинг ва уни ўз тилингизга луғат ёрдамида таржима қилинг. Натижада, нафақат қўшиқнинг маъносини тўлиқ тушуниб етасиз, шу билан бирга луғат бойлигингизни бойитиб оласиз, бу сўзлар севимли қўшиғингиз билан бир умрга хотирага мухрланади.

Ушбу уч нарсадан ташқари тилни ўрганишда муҳим нарсалардан бири тил муҳитига кириб боришдир. Иложи борича ўрганилаётган чет тилидаги материалларни кўпроқ ишлатишга ҳаракат қилсангиз, аста-секинлик билан тил даражангиз яхшиланиб боради. Масалан оддий телефонингизнинг дастурларидан тортиб, компьютерингизнинг операцион системасигача ҳаммасини чет тилида қўйиб олинг. Интернетдан олинадиган маълумотни фақатгина чет тилида олинг ва ТВ кўрганда ёки радио эшитганда иложи борича чет тилида эшитишга ҳаракат қилинг. Facebook, Вконтакте каби ишлатиладиган ижтимоий тармоқларни, кўплаб янгилик сайтларини инглиз тили версиясида ишлатинг. Айнан чет тилидаги форум ва чатларга ёзилинг ва уларда чет тилида фаол иштирок этишга ҳаракат қилинг.

Мен яхши эслаб биламан, бундан бир неча йил олдин чет тилида фильмларни топиб кўриш анча мураккаб нарса эди. Сўнгги йиллардаги техника тараққиёти эвазига бу унақа катта муаммо бўлмай қолди. Яқинда, француз фильмларининг рус тилига таржимаси яхши чиқмаслиги, уларнинг менталитетини рус тилида изоҳлаб бўлмаслиги учун француз тилида бирор бир француз комедиясини кўргим келди. Тошкентдаги хохлаган диск сотувчи дўконларда бугунги кунда сифатли фақатгина бир фильмдан иборат дисклар сотилади ва шу дисклардаги фильмнинг аудиоси камида икки хил тилда бўлади ва бу сизга бир вақтнинг ўзида рус тилидаги субтитрлар билан фильмларни оригинал тилида кўриш имконини беради. Шу билан бирга бугунги кунда миллий интернет операторларининг деярли ҳаммаси ички TAS-IX манбаларига бепул ва чексиз интернет тақдим қилади. TAS-IX тизимида жуда кўплаб торрент трекер лар бўлиб, уларда чет тилидаги фильмларни сифатли ва икки-уч хил тилда ёзилган бепул версиясини бемалол кўчириб олишингиз мумкин.

Чет тилини ўрганишда такрорлашнинг аҳамиятини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Такрорлаш билимнинг онаси деганларидек, ҳар ҳафта ўрганган грамматик мавзунгизни икки ҳафта ўтиб бир куни такрорлаш уни янада мустаҳкамлашга, хотирада янаям яхши сақлашга хизмат қилиши мумкин.

Кимлар билан чет тилида гаплашаман?

Табиийки шундай савол бўлиши мумкин: “Хоп, сиз айтган нарсаларни ҳаммасини қилдим. Лекин, тилни гапириш учун нима қилишим керак? Ким билан чет тилида гаплашсам бўлади? Оғзаки нутқимни қандай қилиб ўстирсам бўлади?”

Бунинг жавоби бориб бугунги ижтимоий тармоқларга тақалади. Facebook тармоғида бугун тили ўрганилаётган мамлакатдан дўст орттириш жуда осон нарса бўлиб қолди. Улар билан ёзишиб, кейинчалик ҳатто skype аккаунтларини ҳам алишиш имкони бор. Шу билан бирга форумлар ва турли хил чатлар чет тилида мулоқот қилиш учун идеал жойга айланишди. Шунингдек, Тошкентда элчихоналар томонидан очилган маданият марказлари, институтларни ҳам эсдан чиқармаслик керак. У ерларда одатда тез-тез маданий кечалар ва дебатлар ташкиллаштирилади, бу сизга чет тилида гапириш имконини беради. Фақат ушбу тадбирларга бориб фаол иштирок этишнинг ўзи етарли.

Бундан бир неча йил олдин Тошкентдаги Француз маданият марказидаги тадбирларда жуда фаол қатнашардим. Ушбу маданият марказида ҳар жума кунлари “Safe Hugo” номли давра суҳбати бўлиб ўтарди. Бир пиёла чой атрофида француз тилида французлар ва ўзбек ёшлари турли хил мавзуда суҳбат қуришар, фикр алмашишарди. Шунда чет тилини биладиган кўплаб тенгдошларим ҳам хато қилишдан қўрқиб, гапирмасдан жим ўтиришни, бошқаларни тинглашни маъқул кўришарди. Биз ўзбеклар менталитетимиз шунақа, уятчан халқмиз, бизда ҳамма хато қилишдан қўрқади. Лекин, ўрганишнинг энг осон йўли бу хато қилишда эканлигини психологлар бир неча маротаба исбот қилишган. Шу учун ҳам хато қилишдан қўрқмасдан, чет тилида гапиришга ҳаракат қилиш керак ва шу орқалигини хато қилиш натижасида ўз камчиликларингизни тушиниб борасиз ва мақсадни кейин айнан шу камчиликларни тўғрилашга қаратасиз. Мухими, хатодан уялмасдан чет тилида гапириш.

Мен ҳам ўтган йилларда чет тилида гапириш учун бир неча марта “қовун тушурганман”, ҳатто бутун бошли группа олдида кулгуга қолган даврлар бўлган. Лекин, биласизми, ўша хатоларни қилмаганимда, хатоларимни билмаганимда бугун тилни шу даражада ўргана олмасдим. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, сиз чет элликлар билан ташкиллаштирилаётган маълум бир тадбир иштирокчисисиз, сиз билан суҳбатда бўлган чет эллик қийналиб, хатолар билан бўлсада сизнинг тилингизда гапиряпти. Шу ҳолатда, сиз унинг хатолари учун унга паст назар билан қарамайсиз, аксинча ўзингизни тилингизни ўрганаётганлиги учун, унга нисбатан ҳурматингиз ортади, хурсанд бўласиз ва уни хатоларини тушинасиз. Демак, чет элликлар билан уларнинг тилида мулоқот қилиш давомида, улар сизнинг хато қилишингизни табиий қабул қилишади ва уларнинг тилини ўрганаётганлигингиздан ҳатто хурсанд ҳам бўлишади. Шу учун ҳам хато қилишдан қўрқманг!

Сўзлашгичлар ёрдами

Тилни ўрганишни осонлаштиришнинг яна бир йўли, бу чет тилидаги тайёр сўзлашгич ёки гидлардадир. Бугунги кунда ҳатто оддий смартфонингизда ҳам юзлаб чет тилида турли хил ҳолатларда ишлатиладиган тайёр гаплардан иборат гид сўзлашгич (разговорник) лар бор. Айнан шу гидларда сиз тилда ишлатиладиган тайёр гапларни ёд олишингиз мумкин. Бу гаплар сизни чет тилида сўзлашишингизни анча осонлаштиради. Шу разговорникларда ўрганилган ҳар бир гапдаги биргина сўзни ўзгартириб уни турли хил ҳолатларда, турли хил маъноларда ишлатишингиз мумкин. Натижада турли хил саёҳатлар давомида чет тилида бехато сўзлашиш имконияти пайдо бўлади.

Ўйлайманки, чет тилини қандай қилиб осон ўрганиш мумкинлигини имкони даражасида сизга тушинтирдим. Бу мени ушбу соҳадаги бир неча йиллик тажрибамдан келиб чиққан хулосалардир.

Бу нарса шуни англатадики, бугунги кунда 3 ёки 6 ойда чет тилини ўргатишни ваъда бераётган ўқув марказлари сизни алдамаяпти, балки тўғри танланган методика эвазига бу ҳақиқатдир. Чет тилини ўрганиш бўлса ўқув марказлари ва ўқитувчилардан кўра бугун фақат ва фақат сизга боғлиқдир. Техника тараққиёти эвазига, бугун ишонч, иштиёқ ва тўғри танланган методиканинг ўзи чет тилларини ўрганиш учун етарлидир.

Чет тилини ўрганишни осонлаштириши мумкин бўлган нарсалар ҳақида кимда яна қандайдир фикр бўлса ушбу мақолани тўлдириб бориши мумкин.

Мақола ёқдими? Унда ўз фикрингизни билдиринг.

манба

 


6 thoughts on “Чет тилини тез ўрганиш сирлари

  1. Dinora

    Salom! Men Qoraqalpog’istonda Taxiatosh shahridan Dinoraman!
    Saytingizga bugun 16-aprel kunida kirdim. Sayt judaaa ajoyib ekan!
    Shu paytgacha juda kitobiy tilda yozilgan maslahatlar, har kungi aytilaveradigan so’zlarni ko’rardim boshqa saytlarda.Lekin bu sayt juda oddiy tilda o’qigan insonga ham juda qiziq va tushunarli qilib yozilgan va albatta foydali !
    Saytingizga gap yo’q! Bugun til o’rganishga juda qiziqib ketdim!Sizlarga katta rahmat!
    Saytingizni endi har kuni kuzatib boraman!
    Ishlaringizga omaadd!!!!!

    1. admin

      Эътиборингиз учун катта рахмат!
      Кундалик ишлар кўп бўлгани учун сайтни янгилашга вақт камроқ қоляпти, яқин кунларда сайтдаги камчиликлар, чиқмай қолган расмлар тўғирланади. Инглиз, рус ва корейс тилини ўрганиш бўйича мақолалар тайёрлаб қўйилган. Сайтимизга кириб туринг.

  2. Nargiza

    Менинг углим инглис тилини урганиш максадида лугат ёдлашни бошлади.демак бу унчали тугри йул эмасми.факат керакли сузларни катан биламиз.китобдаги лугатдаги сузлар хам качондр керак буб комидими.

    1. admin Post author

      луғат керак бўлади, лекин инглиз тилини тезроқ ўрганиш учун суҳбатга, соф инглиз тилидаги сўзлашувга кўпроқ эътибор бериш лозим. Инглиз тилидаги фильмлар, мультфильмларни кўриб уни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.

Leave a Reply