«Умид» мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Абдурасулов Зохид Жумақўлович 5«г» синфда АКТ тадбиқ этган ҳолда «Аралаш сонларни қўшиш ва айириш» номли очиқ дарс ўтди. Дарснинг асосий мақсади таълимий жиҳатдан ўқувчиларни алгебра фанига қизиқтириш, мавзу тўғрисида тушунча бериш, билим ва малакасини ошириш бўлса, тарбиявий томондан ўқувчиларни мустақилликка ўргатиш, эркин фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилди.
Дарснинг технологик харитаси
Мавзу: «Аралаш сонларни қўшиш ва айириш».
Мақсад ва вазифалар
Дарснинг мақсади: Ўқувчиларга «Аралаш сонларни қўшиш ва айириш» ҳақида маълумот бериш. Мисоллар ёрдамида тушунтириш; мисол ва масалалар ечиш; ўқувчиларга аралаш сонларни қўшиш ва айиришни ўргатиш, қўшиш ва айириш хоссаларини қўллай олиш кўникма ва малакасини ҳосил қилиш.
Дарснинг таълимий вазифаси: ўқувчиларни алгебра фанига қизиқтириш, мавзу тўғрисида тушунча бериш, билим ва малакасини ошириш.
Дарснинг тарбиявий вазифаси: Ўқувчиларда изчиллик, мантиқий фикрлашни шакллантириш ва фикрлаш доирасини кенгайтириш; аралаш сонларни қўшиш ва айириш хоссаларини ўқувчиларга ўргатиш жараёнида уларда тартиблилик майлини уйғотиш; аждодларимиз ва бобоколонларимиз ишларидан намуналар келтириб, ўқувчиларда ватанпарварлик ҳисини тарбиялаш; ўқувчиларни мустақилликка ўргатиш, эркин фикрлаш қобилиятини ривожлантириш.
Дарснинг касбга йўналтирувчи мақсади: ўқувчиларга алгебраик амаллар орқали ҳисобга, архитектура-қурилишга оид илк тушунча ва билимларни сингдириш.
Ўқув жараёнини амалга ошириш технологияси
Дарснинг кўргазмали қуроллари: дарслик, доска, бур, тарқатма материаллар, жадваллар, персонал компьютер, проектор.
Услуб: Маъруза ва амалиётнинг уйғунлиги.
Шакл: Савол-жавоб. Жамоа ва кичик гуруҳларда ишлаш.
Усул: Тайёр презентация ва слайд материаллари асосида.
Назорат: Оғзаки, савол-жавоб, муҳокама, кузатиш.
Баҳолаш: Рағбатлантириш, 5 баллик рейтинг тизими асосида.
1. Ташкилий қисм: Ўқитувчи дарс жиҳозларини ҳозирлайди, уй вазифаларини сўраш мақсадида фойдаланадиган “Кичик гуруҳларда ишлаш” интерфаол усули учун ўқувчиларни 3 гуруҳга бўлиб олади.
2. Уй вазифасини текшириш.
3. Янги мавзу баёни: Ўқитувчи ўқувчиларга янги мавзуни тушунтириб беради.
4. Янги билимлар ўзлаштирилишини текшириш ва мавзуни мустаҳкамлашга ўтиш. Саволлар ёрдамида тушунилганлик даражасини аниқлаш. Мавзуга доир мисолларни ечиш кўникмаларини ҳосил қилиш.
2, 3, 4, 5-машқларни (5-синф математика Б.Қ.Ҳайдаров. Тошкент 2011)ечиш. Мавзуга доир билимларни мустаҳкамлаш, машқ ечиш малакаларини ҳосил қилиш мустақил бажарилган машқларни текшириш, рағбатлантирувчи баҳолар қўйиш.
5. “Ўртоғингни текшир” ўйини
Синф ўқувчилари ўтирган қаторларига қараб 3-гуруҳга болинадилар. Ҳар бир қатор ўқувчилари билимлари даражасига қараб 1,2,3,….. 10 бўлиб рақамланадилар. Бунда ўқувчиларнинг ўринлари ҳар бир мусобақадан сўнг, мусобақа натижаларига кўра ўзгариши мумкин, яни иккита мусобақадан сўнг кўп балл олган ўқувчи ўзидан олдинги ўринда турган лекин кам балл олган ўқувчи ўрнига силжиши мумкин.
Мусобақа тартиби қуйидагича: Ҳар бир қатордаги биринчи рақамли ўқувчилар ўзаро, иккинчи рақамлилар ўзаро ва ҳоказо барчалари 1-тадан янги мавзуга оид мисол тузадилар ва уни икки нушада ёзиб, қолган икки қатордаги ўз номеридаги ўқувчилар билан алмашинадилар. Масалан 1-қатордаги 1-рақамли ўқувчи 2-қатор ва 3-қатордаги ўқувчилардан жами 2 та мисол қабул қилади ва 3 дақиқа мобайнида уни ечиб эгаларига қайтариб бериши керак ва ўзи эса уларга ўзи берган мисолларини қабул қилиб олиб, текшириб бериши керак. Демак синфдаги барча ўқувчиларни ҳар бири турлича бўлган 3 тадан турли машқни қисқа вақтда ечади ва баҳолайди.
Бунда
1. Ўқувчида ўзи мустақил машқ тузиш малакаси ҳосил бўлади;
2. Аралаш сонларни қўшиш ва айиришни тез ва аниқ бажариши керак бўлганлиги учун дарсда ҳар бир тушунчани этибор бериб қабул қилади;
3. Ўзи текшириши керак бўлган ўқувчиларнинг машқларини текширишда ўқувчида уларнинг ва ўзининг ҳатоларини илғаб олиш ҳиссини пайдо қилади;
4. Уларда дарсга қизиқиш ва масулиятни бўлишни ўргатади;
Бу беллашувда баҳолаш 3 хил тизимда бўлади:
Ўринлар орасида баҳолаш;
Қаторлар орасида баҳолаш;
Ўқувчиларинг индивидуал баҳоси.
Ўқувчилар барчаси ўз ўртоқлари томонидан баҳоланиб, ўқитувчи фақат қаторларнинг умумий баҳоларини аниқлаб эълон қилади ва ғолиб қатор ўқувчилари натижаси журналга қўйилади. “Ўртоғингни текшир” ўйини ўқувчиларни соғлом рақобат, ҳалол мусобақалашиш, илмга қизиқувчанлик, адолат парварлик ҳис туйғуларни ривожлантиради ва ўзаро ҳурмат туйғусини шакллантиради.
6. Якуний баҳолар эълони.
Мавзу тўлиқ ўзлаштирилганлигига ишонч ҳосил қилиш. Яхши натижа кўрсатганларни маънавий рағбатлантириш. Баҳолаш. Дарс самарадорлигини текшириш.
7. Уйга вазифа бериш.
25, 26, 27-машқларни ечиш. Аралаш сонларни қўшиш ва айириш қонунларига оид беллашув мусобақаси учун мисоллар тузиб келиш.
8. Кутиладиган натижалар
Ўқувчилар янги билим ва кўникмаларга эга бўлади. Улар “Аралаш сонларни қўшиш ва айириш” ҳақида билим ва амалда қўллаш кўникмаларини эгаллайдилар.
9. Келгуси режалар (таҳлил, ўзгаришлар)
Ўқитувчи ўз фаолиятининг таҳлили асосида ёки ҳамкасбларининг дарс таҳлили асосида кейинги дарсларига ўзгаришлар киритади ва режалаштиради.
Ақлий хужум: Ўқувчиларга қизиқарли бўлиши учун улар билан биргаликда мавзуни дарсликдаги амалий масалани ҳал қилиш билан бошлаши мақсадга мувофиқ. Бу машқ орқали асосан турли хилдаги масалалар, машқлар бажарилади. Шу билан бирга бошқа мавзулар мисоллари ечилиб ўқувчилар билими мустаҳкамланади.
«Аралаш сонларни қўшиш ва айириш» дарс ишланмаси юклаб олиш [139 кбайт]
манба: © www.umid.zn.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт!