«Карвинг» нима дегани? (видео) - Ta’lim / Образование

«Карвинг» нима дегани? (видео)

Карвинг – бу кулинарияда сабзавот ва полиз маҳсулотлари, мевалардан турли декорациялар ҳосил қилиш санъати (“curving” сўзи инглиз тилида кесиш деган маънони беради). У бугунги кунда ресторан столи ҳамда байрам дастурхонини ясатишнинг ўзига хос нозик ва жимжимадор усули ҳисобланади.

Карвинг бироз узоқ давом этадиган жараён бўлгани сабабли у кишидан сабр ва маҳорат талаб қилади. Ушбу санъатни нафақат полиз, сабзавот маҳсулотлари ва меваларда, балки шоколад, пишлоқ ва бошқаларда ҳам қўллаш мумкин.

Мундарижа

1. Тарихи
2. Замонавий услуб
3. Карвинг учун асбоблар
4. Дунё мамлакатларида карвингнинг ўзига хослиги


Бугунги кунда юртимизда бўладиган тўй-ҳашамлар, байрамларда ноз-неъматлар орасида турли мевалардан, сабзавот ва полиз маҳсулотларидан ишланган карвинг санъати намуналарини кўриш одатга айланган. Юксак дид билан ясалган бежирим шакллар киши кўзини қувнатади. Қисқа вақт ичида кенг тарқалган мазкур санъат ўзига хос тарихга эга.

Тарихи

Ушбу санъат тури Жануби-шарқий Осиёдан кириб келган. Қадимги Японияда овқатни сопол идишларда дастурхонга тортишган, устини безатишда эса турли хилдаги барглардан фойдаланишган. Бора-бора ошпазлар баргларни чиройли қилиб жойлаштириш, уларни овқатга қўшимча сифатида кесиб дастурхонга тортиш таомни янада иштаҳа очишида кўмак беришини тушуниб етишган. Баргларни санъат даражасида йиғиш “мукимона” номини олган. XVI асрда Токиода бу санъат расмий равишда эътироф қилина бошланган.

Ушбу санъатнинг айнан Шарқий Осиёда кенг оммалашишининг боиси бор, албатта. Европадан фарқли ўлароқ Шарқда дастурхон безашда турфа хилликка урғу берилган. Шу сабабли, байрам столида ўсимликлардан тайёрланган таомлар асосий ўрин эгаллаган ва бу орқали ранг-барангликка эришилган. Европача стол эса бундан асло азият чекмаган. Чунки унда доимо гўшт, балиқ ва сабзавот бўлган. Шарқ ошхонасига эътибор ортиши билан кўпчилик карвинг санъатидан хабар топди ва у фаол татбиқ этила бошланди.

Афсонага кўра Сукхотаи подшолигининг Лойкратхонг қироллик фестивалида Нанг Ноппамар исмли қиз сувда сузиб юрувчи чироқ кўринишидаги карвинг намунасини намойиш қилади. Чироқ мева ва сабзавотлардан ясалган бўлиб, унга турли хилдаги гуллар ва қушлар тасвири туширилган эди. Бу санъат асари қиролни қойил қолдиради. У ўз мамлакатида яшаётган ҳар бир аёлга бу санъат турини соҳиби бўлиши кераклигини шарт қилиб белгилайди. Кейинчалик эса мева ва сабзавотларни кесиш санъати барча узоқ-яқин мамлакатларга анъана тарзида тарқалади.

Вақтлар ўтиб карвинг Европага кириб кела бошлайди. Қизиғи у бу ерда унчалик машҳурликка эришмайди. Бунга сабаб эса Осиё ва Европа таомлари орасидаги тафовутда эди. Осиё ошхонасида барчага манзур бўлувчи ўсимликлардан тайёрланган овқатларни чиройли қилиб дастурхонга тортиш урф бўлган. Европада эса асосан гўшт, балиқ ва сабзавотлардан тайёрланган овқатлар ортиқча безакларсиз тановул қилинган. Аммо Европа ресторанлари бундан мустасно эди.

Замонавий услуб

Сўнги пайтларда карвинг бутун дунёда кенг тарқала бошлади. Мева ва сабзавотлар уйғунлигида ясалган санъат асари ҳар бир байрам дастурхонининг тўридан жой олмоқда. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича бундай санъат намуналарини яратиш учун инсондан кучли сабр-тоқат, диққат ва энг асосийси бой фантазия талаб қилинади.

Карвингни уй шароитида, бирор танишингиздан ёки интернет воситаси ёрдамида ўрганиш мумкин. Шу билан биргаликда махсус карвинг ўқув курсларида ҳам малака оширса бўлади.

Бу санъат асарларининг устига лимон шарбатидан томизиш ёрдамида уни “умрини узайтириш” мумкин. Карвинг санъатини ўзига хос чиқишида ранглар уйғунлигига эътибор бериш энг муҳими саналади. Масалан, бодрингни танлагач навбатдаги маҳсулот бу билан уйғун келувчи оқ рангли пиёз ҳисобланади. Карвинг учун энг ўзига хос сабзавот бу булғор қалампири саналади. Унинг бой рангларидан санъат асари даражасидаги кўркам кўринишни яратиш мумкин.

Карвинг учун асбоблар

Оддий карвинг учун махсус асбоблар шарт эмас. Кўпгина маҳсулотларни оддий ўткир пичоқ ёрдамида ҳам кесиш мумкин. Аммо, бу санъат турини яратиш учун турли шаклда кесувчи махсус пичоқлар ҳам мавжуд.


Дунё мамлакатларида карвингнинг ўзига хослиги

Осиё карвинг усталари безак учун тарвуз, қовун, папая, қовоқдан фойдаланиб улардан асосан гуллар шаклини ясашади. Европа карвинг усталари эса безак учун редиска, шолғом, сабзи, кабачка (қовоқча), булғор қалампири ва аччиқ қалампирдан фойдаланишади.

Мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларига ишлов беришнинг бир-биридан фарқ қилувчи турли техник усуллари юзага келган. Мисол учун, япон ва хитой карвинг усталари ижодида иероглифлар, одамлар ва ҳайвонлар суратлари кўпроқ кўзга ташланган. Аждарлар тасвири, жанг саҳналари ва қутлов ёзувлари акс этган карвинг санъати намуналари жуда машҳур. Таиланд усталари эса мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларидан гулли композициялар яратишга алоҳида эътибор қаратишган. Безакларни ҳосил қилишда махсус пичоқдан фойдаланишган.

Нима бўлганда ҳам, дастурхонда турган сархил мевалардан, полиз ва сабзавот маҳсулотларидан тайёрланган, моҳирлик билан ишлов берилган карвинг маҳсулоти ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. У ҳам иштаҳани очиши, ҳам кайфиятни кўтариши шубҳасиз.




Leave a Reply