Тошкент давлат аграр университети (ТошДАУ) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлайдиган йирик олий ўқув юрти.
Тарихи
Тошкент Давлат аграр университетнинг шаклланиши Марказий Осиёдаги кўплаб бошқа олий ўқув юртлари каби 1918 йилда маҳаллий зиёлилар ташаббуси билан ташкил қилинган Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университет номи билан боғлиқ. 20-йилларда унинг таркибидаги 8 та факультет ичида – қишлоқ хўжалиги факультети ҳам бор эди. 1930 йил 26-майда ушбу факультет негизида мустақил ҳолда Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги институти ташкил қилинди ва бир қанча ўзгаришлардан сўнг, 1934 йил октябридан Тошкент Қишлоқ хўжалиги институти деб номланди.
1991 йил апрел ойида Олий ўқув юрти Марказий Осиё ва Қозоғистонда ягона аграр университет мақомини олди. Бундай мақом ўша даврдаги 104 та қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларидан фақат 8 тасига кадрлар тайёрлаш, фанни ривожлантириш, илмий-педагогик салоҳият, сифатини яхшилаш, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги ютуқлари учун берилган эди.
Олий ўқув юртининг ривожланиш йўли мамлакатимизнинг тарихи, унинг қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёти, маданияти, олий таълимнинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Университет кичик бир факультетдан қишлоқ хўжалиги бўйича Марказий Осиёдаги йирик ўқув ва илмий марказга айланди. Бунга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик, олий ўқув юртида йирик олимлар ва юқори малакали педагогларнинг йиғилганлиги, уларнинг сермаҳсул меҳнати сабаб бўлди.
Тарбиявий ишлар ва ўқув жараёнини ташкил қилишни такомиллаштириш, янги технологияларни жорий қилиш, талабалар билимини назорат қилиш, ўқитиш сифатини ошириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш, уларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш ишлари университет фаолиятидаги асосий масалалардир.
Моддий-техник базани мустаҳкамлаш, талабаларнинг яхши ўқиши, турмуши ва дам олишлари учун зарур шароитларни яратишга доимий равишда катта эътибор берилади. Ўқув, методик ва илмий адабиёт фондлари доимо янгиланиб, электрон ахборот ресурслари тўлдирилмоқда, ўқув жараёни ва илмий тадқиқотларга ахборот коммуникацион технологиялари тобора кенгроқ жорий қилинмоқда.
1969 йилдаёқ олий ўқув юртида техник таълим воситалари лабораторияси ташкил қилиниб, билимларни дастурий назорат қилишнинг биринчи синфи очилган. 70-йиллар бошида биринчи лингофон кабинети ташкил этилди. Техник таълим воситалари ва ҳисоблаш техникаси билан жадал жиҳозлаш 70-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланди. Мустақиллик йилларида кафедралар компъютер техникаси ва ахборот-коммуникацион технология воситалари билан жиҳозланди.
80-йилларда ўқув корпуслари, ётоқхоналар, спорт-соғломлаштириш иншоотлари қурилиши жадаллаштирилиб, талабалар шаҳарчаси ободонлаштириш тез суръатларда олиб борилди.
Деярли ярим аср (1946 йилдан 1993 йилга қадар) давомида олий ўқув юрти хорижий давлатлар учун мутахассислар ва фан номзодларини тайёрлаб берди.
Олий ўқув юрти бутун фаолияти давомида йирик илмий кучга эга бўлди. Бу даргоҳда қишлоқ хўжалиги, биология, иқтисодий фанларнинг асосчилари, янги мактабларга асос солган таниқли олимлар ишлаганлар ва ишламоқдалар. Шу боис, олий ўқув юртида илмий-тадқиқот ишлари ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир кафедра ўқитадиган фанларига мувофиқ илмий тадқиқотлар олиб боради.
1979 йилда мустақил илмий бўлимлар ташкил қилинди: қишлоқ хўжалиги илмий тажриба станцияси, 1 та муаммоли ва 4 та соҳага оид илмий текшириш лабораториялари. 1932 йилда Олий ўқув юртида аспирантура ташкил қилинди. Баъзи йилларда аспирантлар тайёрлаш 22 мутахассислик бўйича олиб борилди. 1991 йилгача аспирантурани республикамиздан 550 дан ортиқ киши ва чет эллик фуқораларидан 22 дан ортиқ киши тугатишди.
1940 йилда диссертациялар ҳимояси бўйича Илмий Кенгаш очилди. Баъзи йилларда 4-5 та ихтисослаштирилган Кенгаш фаолият юритар эди. 1991 йилга қадар уларда 80 та докторлик ва 1300 номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Мустақилликка эришилганидан сўнг махсус кенгашларда 60 та номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимояси бўлди.
Ҳозирги кунда илмий тадқиқот ишларида 90% ўқитувчилар ва 70% талабалар иштирок этишмоқда. Бундай тадқиқотлар долзарб мавзулар бўйича давлат ва халқаро грантлар асосида олиб борилмоқда. 2008 йилда Ўзбекстон Республикаси грантлари бўйича 22 та илмий лойиҳа ва халқаро грантлар бўйича 8 та лойиҳа ишлари олиб борилмоқда.
Факультетлар
Ҳозирда университетда қўйидаги факультетлар мавжуд:
- Агрономия факультети;
- Селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш факультети;
- Мева-сабзавотчилик ва узумчилик;
- Агроинженерия факультети;
- Зоотехния ва ипакчилик факультети;
- Ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультети;
- Қишлоқ хўжалигида менежмент факультети;
- Факультетлараро кафедралар.
Университет қошида қишлоқ хўжалиги илмий-тажриба станцияси, 4 та илмий текшириш маркази иш олиб бормоқда:
- ўсимликлар биотехнолигияси;
- ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш;
- “Биомарказ” Агроэкотехнология;
- Фунгицентр.
Университетда 300 га ҳайдаладиган ер майдонига эга Ўқув тажриба Хўжалиги бор. Шунингдек, 10 та комплексли илмий-ўқув лабораториялари мавжуд.
Манзил: Тошкент шаҳри, “Университет” кўчаси, 2А уй
Телефон: +998 71 260-48-00
Факс: +998 71 260-38-60
E-mail: tuag-info@edu.uz
Сайт: www.agrar.uz