Рус тилидан компетенциялар

Рус тили — рус халқи тили бўлиб, жаҳонда кенг тарқалган тиллардан ҳисобланади. МДҲда миллатлараро ва давлатлараро алоқа воситаси. Рус тили Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги 6 расмий тилдан бири саналади. Украин ва белорус тиллари билан биргаликда ҳиндевропа тиллари оиласига кирувчи славян тилларининг шарқий гуруҳини ташкил этади. Ўтган асрнинг 80-йилларидаги маълумотларга кўра, рус тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 250 млн. кишидан, жумладан, ҳозирги РФ ва МДҲ мамлакатларида 185 млн. кишидан иборат. Бундан ташқари, мазкур ҳудудлардаги 60 млн.дан ортиқ киши рус тилида эркин сўзлаша олади.

Ўзбекистон Республикаси мустакилликга эришганидан сунг хорижий мамлакатлар билан бевосита алоқалар ўрнатиш имконияти ортди. Бу эса талабаларни чет тиллари, жумладан рус тилини чуқурроқ ўрганишни тақозо этади.


Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги, ўқувчи шахси ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг ёш хусусиятларига мос равишда қуйидаги таянч компетенциялар шакллантирилади.


Таянч компетенциялар

(TK1) Коммуникатив компетенция — ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда ўзаро мулоқотга кириша олишни, мулоқотда муомала маданиятига амал қилишни, ижтимоий мослашувчанликни, ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK2) Ахборотлар билан ишлаш компетенцияси — медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олишни, саралашни, қайта ишлашни, сақлашни, улардан самарали фойдалана олишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, медиа маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK3) Ўзини ўзи ривожлантириш компетенцияси — доимий равишда ўз-ўзини жисмоний, маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожлантириш, камолотга интилиш, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиш, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаш ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллашни назарда тутади.

(TK4) Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси — жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва уларда фаол иштирок этиш, ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиш, унга риоя қилиш, меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK5) Миллий ва умуммаданий компетенция — ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш, бадиий ва санъат асарларини тушуниш, ораста кийиниш, маданий қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

(TK6) Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси — аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларни туза олиш, кундалик фаолиятда турли диаграмма, чизма ва моделларни ўқий олиш, инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган, қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан фойдалана олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур компетенциялар умумтаълим фанлари орқали ўқувчиларда шакллантирилади.


Рус тили фанига оид компетенциялар

(ФК1) Нутқий компетенция

(Умумтаълим мактабларининг бошланғич 4-синф битирувчилари)

  • содда йўриқномаларни тушуна олади ва уларга амал қила олади;
  • савол ва таъкидловларни, таниш матндаги аутентик нутқни тушуна олади;
  • содда саволлар туза олади ва уларга жавоб бера олади;
  • яшаш жойи, оиласи, дўстлари ва танишлари ҳақида маълумот бера олади;
    ўзини таништира олади, ёқтирган ва ёқтирмаган нарсалари ҳақида сўзлаб бера олади;
  • таниш мавзуларда қисқа хабар бера олади;
  • бир дақиқада 30 — 35 та сўзни овоз чиқариб тўғри ўқий олади;
  • шахсий содда хабарларни ёза олади;
  • шахсий маълумотлар (исми ва отасининг исми, яшаш манзили ва ҳоказо) билан содда сўровномани тўлдира олади;
  • шеър ва ҳикоялар, қўшиқларни, таниш матндаги аутентик нутқни тушуна олади.

(Рус тили фани чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг бошланғич 4-синф ўқувчилари)

  • халқ оғзаки ижоди (топишмоқ, мақол, тез айтиш, эртак) ва болалар адабиёти намуналаридан олинган ҳикоя, шеърларни ва улардан берилган парчаларни ўқиб тушунади ва мазмунини сўзлаб бера олади.

(Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари)

  • ўз эҳтиёжлари ва қизиқишларига боғлиқ бўлган гап ва ибораларни тушуна олади;
    керакли маълумотни тегишли манбалардан топа олади;
  • оммавий ахборот воситаларида чоп этилган қисқа хабар ва кичик мақолаларни, расмий хатларнинг асосий турларини, техник қурилмалар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва ҳоказолардан фойдаланиш юзасидан берилган йўриқномаларни тушуна олади;
  • содда иборалар орқали нарса-буюмлар ва ўзига тегишли нарсаларни қиёслай олади;
  • коммуникатив вазиятларда ўзаро суҳбатга кириша олади;
  • содда иборалар ёрдамида одамлар, жойлар ва буюмларни тасвирлай олади;
  • кундалик турмушини, таржимаи ҳолини ёза олади.

(Рус тили фани чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 9-синф ўқувчилари)

  • кундалик мавзулардаги муҳим маълумотларни тушуна олади;
  • турли оммавий вазиятларда мулоқотга кириша олади;
  • олдиндан режалаштирилган таниш мавзулар юзасидан қисқа мулоқотга кириша олади;
  • тадбир, воқеа-ҳодиса ҳақида қисқа маълумотлар бера олади;
  • режалар, тадбирлар, одатлар, мақсадларни ифодалай олади;
  • фактларга асосланган матнларда, масалан, брошюралар, рекламалар, газета эълонларидан, веб-сайтлардан керакли маълумотларни топа олади;
  • баъзи нотаниш сўзларнинг маъносини матнга қараб аниқлай олади;
  • оғзаки хабар ёза олади.

(Умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ва КХК талабалари)

  • оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни тушуна олади;
  • касбий соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тушуна олади;
  • асосий расмий иш қоғозларининг турларини билади ва улар ҳақида қисқача ахборот бера олади.

(Рус тили фанига чуқурлаштирилган махсус мактаб ёки КХК талабалари)

  • қисқа ҳажмли матнларни рус тилидан ўзбек тилига таржима қила олади;
  • кундалик ҳаётий фаолиятда ва шахсий эҳтиёжига зарур бўлган маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтлардан топа олади;
  • касбий соҳаси бўйича қисқача тақдимот тайёрлашни билади.

(ФК2) Лингвистик компетенция

(Умумтаълим мактабларининг бошланғич 4-синф битирувчилари)

  • рус тилининг барча товушларини аниқ талаффуз қила олади;
  • мулоқот вазиятларида мантиқий урғу, интонация моделларини фарқлайди, оддий грамматик шакллар ва синтактик тузилмалардан тўғри фойдалана олади;
  • воқеа ва ҳодисаларни тасвирлашда, ҳикояларни баён қилишда гапларни тўғри кетма-кетликда боғлай олади;
  • коммуникатив вазиятларда луғатлардан ўз ўрнида тўғри фойдалана олади;
  • байналмилал сўзлар ва бошқа тилдан олинган ўзлаштирма сўзларни тушуна олади ва ўз ўрнида ишлата олади.

(Рус тили фани чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг бошланғич 4-синф ўқувчилари)

  • коммуникатив вазиятларда оддий грамматик шакллар ва синтактик тузилмалардан фойдалана олади;
  • феъл шакллари ва ўрганилган содда пайт равишларидан фойдаланиб, гапларни тўғри боғлай олади, ҳикоялар ҳамда воқеаларни баён қила олади.

(Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари)

  • сўз ясашнинг турли усулларини фарқлай олади;
  • содда боғловчилар ёрдамида сўз бирикмалари ва қўшма гапларни боғлай олади;
  • феъл шакллари ва содда пайт равишларидан фойдаланиб, гапларни тўғри боғлай олади, ҳикоялар ҳамда воқеаларни тўғри кетма-кетликда таърифлай олади.

(Рус тили фани чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 9-синф ўқувчилари)

  • коммуникатив вазиятларда асосий грамматик тузилмаларни тўғри қўллай олади.

(Умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ва КХК талабалари)

  • сўз танлаш тамойиллари ва сўз қўллаш меъёрларини билади;
  • касб соҳасига оид сўз, сўз бирикмаларидан ўринли фойдаланиб, ҳикоя қила олади;
  • бадиий, публицистик, илмий ва расмий услубларнинг асосий хусусиятларини билади ва матнда уларни маъноларидан аниқлай олади.

(Рус тили фанига чуқурлаштирилган махсус мактаб ёки КХК талабалари)

  • турли нутқий вазиятларда эркин мулоқотга кириша олади;
  • ўқилган ва тингланган матн, кўрилган расм, тасвир асосида кичик ҳикоя тузади ва баён ёза олади.

Диктант
 

Диктант

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*